Иқтисодиёт | 14:00 / 23.11.2016
42246
2 дақиқада ўқилади

АҚШда кунига 1700 нафар янги миллионер пайдо бўлмоқда

Фото: © Fotolia

Маошларнинг секин ўсиши ҳамда ёш америкаликларнинг ишга жойлашиш истиқболларининг камайишига қарамай, АҚШ дунёнинг бошқа давлатларига нисбатан кўпроқ миллионерлар шаҳри ҳисобланади. 

Boston Consulting Group маълумотларига кўра, яқин йилларда молиявий аҳволи миллион доллардан ошувчи америкаликлар сони кунига ўртача 1700 нафарга ўсади. 2020 йилга бориб, АҚШ миллионерлар жамияти 3,1 миллион янги аъзога кўпайиши кутилмоқда. 

2010 йилдан 2015 йилга қадар мамлакатдаги миллионерлар сони 2,4 миллионга ўсган. Ҳозирда Америкада кўчмас мулк ва ҳашамат буюмларини ҳисобга олмаганда молиявий аҳволи 1 миллион доллардан ошувчи 8 миллион оила мавжуд. 

Миллионерлар сонининг тезкорлик билан ўсиши мамлакатда ворислар сонининг ўсиши билан изоҳланмоқда. 

Spectrem Group тадқиқотида ёзилишича, авлоддан авлодга мерос қолдириш молиявий ўсишда муҳим аҳамиятга эга. Сўроқ қилинган молиявий аҳволи 25 миллион доллардан ошувчи, 50 ёшдан кичик инвесторларнинг 73 фоиздан кўпроғи уларнинг муваффақиятга эришишида мероснинг ўрни катта бўлганлигини қайд этишган. 
 

Мавзуга оид