Жаҳон | 08:22 / 25.11.2016
7928
2 дақиқада ўқилади

Украинага визаларни бекор қилишга қаршилик кўрсатаётган мамлакатлар маълум қилинди

Фото: Reuters

Европарламент раиси Мартин Шульцнинг баёнот беришича, Франция, Бельгия, Италия ва Германия позициялари туфайли Украинага визасиз тартибни жорий қилиш механизмини ишлаб чиқишнинг имкони бўлмаяпти. Бу ҳақда «Украинская правда» нашри ёзмоқда.

«Биз визаларни бекор қилишни тезлаштира олмаймиз. Европарламентда ҳамма тайёр, биз визани либераллаштириш бўйича тегишли қўмиталарда зарур бўлган нарсаларни барчасини тайёрлаб қўйганмиз», — деган Шульц. 

Унинг изоҳ беришича, ишнинг ортга сурилиши ЕИ Кенгаши билан боғлиқ. «Умид қиламанки, ЕИ аъзолари бир қарорга келишади», — деб қўшимча қилган Европарламент раиси.

Шульцнинг сўзларига кўра, визасиз тартиб механизмини фақатгина Франция сабабли келишиб бўлмаяпти, дейиш нотўғридир. 

«Менинг билишимча, Бельгия, Италия, Германия ва бошқа мамлакатлар ҳам ўз фикрларини қаттиқ ҳимоя қилишмоқда. Бу шунингдек, Франциядаги сайловлар натижасига ҳам боғлиқ эмас, балки гап ЕИ аъзоларининг бир тўхтамга кела олишида», — деб таъкидлаган Шульц.

Аввалроқ, Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер 2016 йил охиригача Украинага визасиз борди-келди тартиби жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида сўз юритган эди. 

 

Мавзуга оид