Жаҳон | 16:43 / 11.12.2016
27296
2 дақиқада ўқилади

ИШИД Пальмирага қайтди

Фото: Reuters

Шу йилнинг баҳорида Сурия армияси томонидан ИШИД қўлидан озод қилинган Пальмира шаҳри яна жангарилар ҳужумига учрамоқда

Сурия армияси Россия авиацияси ёрдамида шаҳарга қилинаётган ҳужумларни бартараф этиб турибди. 

«Россия Федерацияси ҳудудидан учган олтита Ту-22М3 узоқ масофага учадиган бомбардимончилари Пальмира шарқи ва шимоли-ғарбидаги, Ас-Сухна ва Арақ аҳоли пунктлари яқинидаги ИШИД марраларига парча-фугасли ўқ-дорилар билан зарбалар берди. 300дан ортиқ жангари ўлдирилди, ҳарбий техникалар йўқ қилинди», — дейилган Россия мудофаа вазирлиги пресс-релизида.

Хабарда қайд этилишича, жангарилар Пальмира томон юриш давомида портловчи қурилмалар ўрнатилган автомобиллар ва худкуш террорчилардан фойдаланмоқда.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Пальмира айни вақтда қамал қилинган. Суриялик ҳарбийлар қопқонга тушиб қолгани айтилмоқда.

Amaq хабарига кўра, жангарилар Пальмирадаги Фахр ад-Дин қалъасини эгаллаган. Бу шаҳар тепалигида жойлашган муҳим аҳамиятга эга объект саналади. Баҳорда айнан шу тепалик суриялик ҳарбийлар томонидан эгалланганидан кейин шаҳар озод қилингани эълон қилиниб, ИШИД байроғи намойишкорона ёқилганди.

Айни вақтда Пальмиранинг бир қисми жангарилар қўлига ўтган.

Пальмира 2015 йилнинг май ойида ИШИД назоратига ўтганди. 2016 йилнинг 27 март куни Сурия армияси Россия авиацияси кўмагида жангариларни шаҳардан сиқиб чиқарганди.

Мавзуга оид