ЖССТ: Безгак инсоният учун катта муаммолигича қолмоқда
Безгак инсоният учун катта муаммолигича қолмоқда: 2015 йилда дунё бўйлаб 212 миллион киши шу касалликка йўлиқди, улардан 449 минг нафари ҳаётдан кўз юмди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ушбу касаллик билан курашга доир ҳисоботида ана шундай маълумотлар берилди. ТАСС агентлиги шу ҳақида хабар берди.
"Глобал муаммо ҳисобланган безгакнинг номутаносиб катта улуши Сахара жанубидаги Африка мамлакатларига тўғри келади, - дея таъкидланади тадқиқотда. - 2015 йилда минтақада 90 фоиз безгак касаллиги ва унинг натижасидаги 92 фоиз ўлим ҳолати қайд этилган". Энг заиф қатлам - 5 ёшгача бўлган болалар. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, болалар ўлимининг 70 фоизи айнан безгак касаллиги туфайлидир.
ЖССТ касаллик тарқалишини назорат қилишда "сезиларли тафовутлар" мавжудлигини қайд этди: Сахара жанубидаги Африка мамлакатлари аҳолисининг 43 фоизи ҳимояловчи москит тўрлардан ёки ҳашаротларга қарши воситалардан фойдаланмайди, бу касаллик тарқатувчилар билан курашишнинг энг асосий усулларидир.
Шундай бўлса-да, ҳисобот муаллифлари безгакка қарши курашда сезиларли натижаларга эришилганини таъкидлашди: ўтган беш йил ичида безгакни даволашнинг замонавий усуллари қўлланган 22 Африка мамлакатидаги болалар сони 29 фоиздан 51 фоизга кўтарилди. Бундай имкониятга эга бўлган аёллар сони ҳам 6 фоиздан 31 фоизга ўсди.
2000 йилдан 2010 йилгача бўлган вақт ичида безгак билан курашишга йўналтирилган инвестициялар ошган бўлса-да, ундан кейинги йилларда бундай ҳолат кузатилмаган. ЖССТ бу борада "йирик молиялаштиришга шошилинч эҳтиёж" мавжудлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
14:08 / 05.11.2024
Саҳрои Кабирни кўкаламзорлаштириш Ер иқлимига қандай таъсир қилади?
17:48 / 01.11.2024