Жаҳон | 20:41 / 16.12.2016
16212
2 дақиқада ўқилади

Мусулмонлар Ҳалабдаги воқеалар ортида бирлашишга чақирилдилар

Ислом дунёси Суриянинг Ҳалабидаги фожиа борасида сукут сақламоқда, деб ёзди Мусулмон уламолари халқаро иттифоқи раҳбари Юсуф ал-Карадавий твиттердаги блогида.

"Ислом давлатлари қани? Уларнинг ҳукуматлари қани? Жамоатчилик фикри етакчилари қани? Уммат қани? Нимага улар Ҳалабдаги оға-иниларига ёрдамга шошмаяптилар?", деб ёзган Ал-Карадавий.

Ал-Карадавийнинг фикрича, мусулмонлар Ҳалабда юз бераётган воқеалар ортида янада жипслашишлари керак. У Муҳаммад пайғамбаримизнинг (с. а.в) "диндорлар бир-бирларига нисбатан гўёки бир иншоотнинг бир-бирини тутиб турувчи қисмларига ўхшашдирлар", деган сўзларини эслаб ўтди. 

Ал-Карадавий Ҳалабнинг тинч аҳолиси билан бирдам эканлигини билдирди. 

"Сизнинг дунёнинг ҳар бир бурчагида биродарингиз бор: Шарқдан Ғарбгача, Осиёдан Африкагача. Улар сизни ёлғиз қолдирмайдилар", деб юзланди Ал-Карадавий Ҳалаб аҳолисига.

Ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, Ҳалабдан минглаб тинч аҳоли ва мухолифат жангчилари эвакуация қилинмоқда.

Ҳалаб Суриянинг шимолида жойлашган бўлиб, мамлакат пойтахти Дамашқдан кейин иккинчи йирик шаҳри ҳисобланади. Ҳалаб Туркия чегарасидан 40 км узоқликда жойлашган.

БМТ маълумотларига кўра, Суриядаги ихтилоф давомида 400 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлган, 10 млн дан кўпроқ одам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 4,8 млн киши Сурия ташқарисида бошпана топган.

 

Мавзуга оид