Ўзбекистон | 19:33 / 23.12.2016
54490
2 дақиқада ўқилади

Атамбаев Шавкат Мирзиёев билан учрашувда муҳокама қилишни режалаштирган асосий мавзусини айтди

Фото: EPA

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Хитойдан Форс кўрфазига олиб борувчи темир йўл қурилиши истиқболлари муҳокама қилинади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берган.

«Қирғизистон ва Эрон манфаатларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Эрон бўйлаб ўтувчи темир йўл қурилиши масаласини муҳокама этиш менинг Ўзбекистон ва Хитойга амалга оширадиган ташрифларимдаги асосий мавзу бўлади», деган Атамбаев Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашувидан кейин ўтказилган брифинг вақтида.

Ўз навбатида Руҳоний ҳам Эрон томони ушбу темир йўл қурилиши ташаббусини тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

«Бу нафақат бизнинг мамлакатимиз, балки бутун минтақа давлатлари манфаатлари учун лойиҳадир», – деган Эрон президенти. У ўз мамлакати бу лойиҳани техник томондан қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилган.

Хитойдан Форс кўрфазигача олиб борувчи бу темир йўл қурилган тақдирда Марказий Осиё мамлакатлари денгизга тўғридан-тўғри чиқиши мумкин бўлади. Қирғизистон томони маълумотига кўра, ушбу йўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15-20 миллион тоннани ташкил қилади.

Қирғизистон раҳбари 24 декабрь куни Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Атамбаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказади, томонлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Учрашув Самарқандда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Атамбаев, шунингдек, Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилишни режалаштирмоқда.

У 2017 йилнинг январи бошида Хитойга боради.

Мавзуга оид