Ўзбекистон | 12:47 / 24.12.2016
33429
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Душанбе автомобиль йўлини капитал таъмирлаш якунига етмоқда

Фото: 1news.uz

Тошкент вилояти шаҳар ва қишлоқларида аҳоли пунктлари қиёфасини ўзгартириш бўйича ишлар катта ҳажмда олиб борилмоқда. Улар йўл-транспорт тизимини ҳам ўз ичига қамраб олган. Эндиликда маҳаллий аҳолига бутун вилоят бўйлаб таъмирланган ва республиканинг бошқа минтақалари билан боғлаб турувчи янги йўллар хизмат кўрсатмоқда.

-  Ўтган йилдан бошлаб 119,9 километр автомобиль йўллари қурилди ва реконструкция қилинди, - деди “Тошкентавтойўл” ҳудудий давлат корхонаси директори Худойберган Тўлаганов. – Ўтган даврда анча кўп ҳажмда ишлар амалга оширилди. Масалан, Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон автомобиль трассасидаги 20 километр йўлни реконструкция қилиш ўз якунига етмоқда. Янги Тошкент ҳалқа йўлининг Сергели мавзесини айланиб ўтувчи ва Бектемир-Ғазалкент-Чорвоқ автойўлига чиқувчи 20 километр қисмидаги йўллар реконструкцияси якунига етказилди. Буларнинг барчаси шаҳарлар ўртасида транспорт қатновини анча яхшилаш имконини берди.

Халқаро ва республика аҳамиятига молик умумий фойдаланишда бўлган автойўлларда ҳам катта ишлар бажарилди. Тошкент-Душанбе йўлининг тўққиз километрлик қисмида таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бу объектда якунига етаётган йилда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, Ангрен шакар заводига олиб борувчи йўлда Тошкент-Андижон магистралига қўшилувчи икки километрлик йўл қисми қурилди. Тошкент-Тўйтепа йўлининг 2,5 километрлик қисмини қуриш ҳам жорий йилда битказилади. Шунингдек, Тошкент-Чирчиқ-Чимён йўлининг 10,9 километр бўлган икки қисми фойдаланишга топширилди. Бу эса Паркент туманидаги йўллар ҳолатини сезиларли даражада яхшилаган. Бундан ташқари, бу ерда Паркент-Заркент-Сўқоқ қисмидаги тўққиз километрлик йўлда таъмирлаш ишлари ҳам якунига етказилмоқда. 
 

Мавзуга оид