Жамият | 18:04 / 27.12.2016
56149
3 дақиқада ўқилади

Янги услуб билан электр ҳисоблагичларни қиёслашни биласизми?

Фото: e-kommunal.uz

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ўздавэнергоназорат” ДИ билан биргаликда “Маиший истеъмолчиларнинг электрэнергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинди, деб хабар беради Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги расмий сайти.

Ушбу низомларнинг асосий вазифаси – қиёслашни ташкиллаштириш ва ўтказиш жараёнини оптималлаштириш, уни истеъмолчи учун соддароқ ва қулайроқ қилишдир. Электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш бўйича янги қоидалар мулкдорни инстанцияларга ортиқча қатнашдан озод этади, бу мажбуриятларни мутахассислар – туман электр таъминот корхоналарининг вакиллари ўз зиммаларига оладилар. Ҳозирги пайтда бу фақат электр энергиясини ҳисобга олиш приборларига тааллуқли. 

Ўтган йилнинг 1 декабридан Низом билан янги қоидалар киритилди. Қиёслашлараро интервал тугашидан бир ой олдин электр энергия етказиб берувчиси истеъмолчининг имзосини олган ҳолда, қиёслашдан ўтказиш муддати келганлиги тўғрисида уни хабардор қилади. Хабарнома олгандан сўнг, мулкдор етказиб берувчига ариза беради. Кейин электр таъминот корхонасининг вакили келади, ҳисоблагични ечади ва далолатнома тузади. Қиёслаш ўтказиш учун тўлов суммаси кўрсатилган тўлов қоғозини беради. Тўлов амалга оширилгандан сўнг ҳисоблагич давлат метрологик хизматига хизматлар етказиб берувчининг вакили томонидан етказилади.  Метрологлар уч кун давомида ҳисоблагични қиёслайдилар. Ҳисоблагични яна электр таъминот корхонасининг вакили олиб кетади, мулкдорга етказади ва ўрнатади. Қиёслашлараро интервал ўзгармади, у барча истеъмолчиларнинг электр энергия ҳисоблагичлари учун тўрт йилни ташкил этади.

Ҳужжатга асосан, электр таъминот ташкилоти электр энергия ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш учун жавобгар ҳисобланади. Бироқ мулкдорлар ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказишга тўсқинлик қилмасдан, аксинча уни самарали ўтказиш учун барча шароитларни яратишлари керак.

Қиёслаш электр таъминот ташкилотининг ташаббусига кўра амалга оширилган ҳоллар ҳам бўлиши мумкин. Бундай вазиятда қиёслашни ўтказиш учун барча харажатларни у ўз зиммасига олади, прибор мулкдори томонидан қоида бузилиши юзага келган ҳоллар бундан мустасно.

Муаллиф: Нажмиддин Нурмуҳаммедов

Мавзуга оид