Ўзбекистон | 14:34 / 27.12.2016
24899
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёевнинг президентликка сайланиши ўзбек-қозоқ муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?

Қозоғистон Ўзбекистон билан фаол равишда ишламоқда, деб маълум қилди Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов.

ТИВ раҳбари ўтган ҳафта якунида Тошкентда Мирзиёев билан учрашганди. «Жаноб Мирзиёев билан учрашув бўлиб ўтди. Унда барча йўналишлар бўйича сиёсий, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканлигимиз маълум бўлди», - дея Идрисов сўзларини келтиради «Интерфакс».

«Биз учта йирик иқтисодий блок – машинасозлик ва саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда транспорт блоклари бўйича ишлаш ниятидамиз», - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Унинг хабар беришича, 2017 йилда йирик қозоқ-ўзбек бизнес-форуми бўлиб ўтиши режалаштирилган. «Айни дамда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида ўн йилликка мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда», - деб таъкидлаб ўтди ТИВ раҳбари.

Маълумот учун, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов 23 декабрь куни Тошкентга ташриф буюрди. У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди.

Мавзуга оид