Ўзбекистон | 21:03 / 27.12.2016
19014
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги давлат идоралари хизматчиларининг салоҳиятини оширишга қаратилган янги лойиҳа имзоланди

2016 йилнинг 27 декабрь куни Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси (ДБА) билан KOICA'нинг янги лойиҳасини амалга оширишга доир  муҳокамалар протоколини имзолади. Лойиҳа номи - "Ўзбекистон Республикаси давлат секторида инновацияларни татбиқ этишда Давлат бошқарув академияси салоҳиятини яхшилаш". 

KOICA маълумотларига кўра, лойиҳа 2017-2019 йилларда амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 3 миллион долларни ташкил қилади. 

Лойиҳа доирасида персонални бошқариш сиёсати ва Ўзбекистондаги давлат хизматчиларини тайёрлаш тизими бўйича консультациялар тақдим этиш, ДБАнинг  таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш режалаштирилмоқда. 

Янги лойиҳа доирасида KOICA ва ДБА Ўзбекистондаги давлат идоралари вакиллари учун кадрлар тайёрлаш тизимининг бош режасини ишлаб чиқади, шунингдек давлат секторида инновацияларни рағбатлантириш мақсадида "Инсон ресурсларини ривожлантириш" мавзусида конференция ўтказади. KOICA ва ДБА Бизнес-Реинжиниринг Жараёнларини қўллаб, янги ўқув дастурлари, янгича таълим усуллари, педагог ва ходимлар учун ўқув семинарларини ишлаб чиқади, шу билан бирга веб-таълимни ҳам яхшилашади. 

Бунга қўшимча равишда, KOICA идораси ДБА талабалари, педагоглари ва ходимлари учун Кореяда махсус ўқув курсларини ташкиллаштиради. 

KOICA'нинг Ўзбекистондаги раҳбари Им Жонг Хи янги лойиҳанинг Ўзбекистондаги давлат идоралари хизматчиларининг салоҳиятини оширишига умид билдирди.


 

Мавзуга оид