Жаҳон | 08:19 / 27.12.2016
31675
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон қурол-яроғлар савдоси бўйича 2015 йил рейтинги тузиб чиқилди

2015 йилда АҚШ хорижий мамлакатларга қурол-яроғ, жанговар техникалар, ўқ-дорилар сотиш бўйича дунё етакчилигини сақлаб қолди. У умумий миқдорда 40 млрд долларлик шартномалар имзолаган, деб ёзмоқда The New York Times нашри. Газета Конгресс тадқиқот хизмати ҳисоботининг қисқартирилган шаклини келтирган. 

Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг бу бозордаги издош рақобатчиси Франциядир. Бироқ, бу мамлакат бир йил давомида 15 млрд долларлик қурол сотишнинг уддасидан чиққан. 

Аниқлик киритилишича, 2015 йилда энг кўп қурол-яроғ харид қилган мамлакат эса Қатар бўлган. Ушбу давлат 17 млрд доллардан кўпроқ миқдорда қурол харид қилган. Миср шу мақсадда 12 млрд долларнинг баҳридан ўтган. Саудия Арабистони 8 млрд долларлик битим имзолаб, мижозлар рўйхатида учинчи ўринда бўлган. 

The New York Times нашрига кўра, бутун дунёдаги қурол-яроғ савдоси ҳажми 2014 йилгига нисбатан 9 млрд долларга қисқарган ва 89 млрд доллардан 80 млрд долларга тушган. Аммо, Франция ва АҚШ бу борадаги савдо ҳажмини оширишнинг уддасидан чиққан ҳамда тегишли равишда 9 ва 4 млрд доллар кўпайтира олган. 

Бундан ташқари, рўйхатнинг учинчи ўрнида бўлган Россиянинг 2015 йилги қуроллар савдосидан даромади 2014 йил билан қиёслаганда бир оз тушган ва 11,2 млрд доллар ўрнига 11,1 млрд долларни ташкил этган.

 

Мавзуга оид