Спорт | 14:20 / 28.12.2016
18649
7 дақиқада ўқилади

2016 йилда спорт соҳасидаги 10 та энг йирик келишув

Kun.uz сайти 2016 йилда спорт соҳасидаги энг катта харидлар, трансферлар, маошлар ва ҳомийлик шартномалари рўйхатини тузиб чиқди. 

Унда «Формула-1» эгасининг ўзгариши, хитойлик инвесторларнинг Европа футболидаги фаоллиги, «Барселона»нинг рекорд миқдордаги ҳомийлик шартномаси ва МБАдаги иш ҳақларининг янада оширилиши – буларнинг барчаси Kun.uz галереясида.

1.  «Формула-1»нинг сотилиши
Қиймат: 8 миллиард АҚШ доллари
Дунёнинг энг йирик автопойга серияси ўз эгасини ўзгартирди. Эндиликда йилига 1,8 миллиард доллар даромад келтирадиган бизнесни америкалик Жон Мэлоуннинг Liberty Media Corporation’ни бошқаради.  Маълумотларга кўра, қироллик пойгаларида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. 
Суратда: 85 ёшли Берни Экклстоун (ўнгда) Formula One Group’да президентлик вазифасида қолди, бироқ қарорларни компания директорлар кенгаши янги раиси Чейз Кэри (чапда) қабул қилади. 

2.  UFC’нинг сотилиши
Қиймат: 4 миллиард АҚШ доллари
UFC аралаш яккакурашлар промоутерлик компанияси 2001 йилда Дэйн Уайт ва ака-ука Фертиттоларга атиги 2 миллион долларга тушганди. 16 йил ўтиб эса уни WME-IMG йирик агентлигига (мижозлари орасида – Мария Шарапова, Новак Жокович ва бошқа юлдузлар бор) 2000 баравар қимматроққа сотишди – 4 миллиард доллар. Эслатиб ўтамиз, UFC ўзининг шахсий онлайн-каналига ҳамда у орқали тахминан 4-5 миллион доимий томошабинга эга.

3.  «Барселона» ва Nike’нинг рекорд миқдордаги ҳомийлик шартномаси
Қиймат: 1,5 миллиард евро
Каталония клуби май ойида Nike билан ҳамкорлик 2026 йилга қадар чўздирилганини маълум қилди. Келишувга кўра, компания ҳар бир мавсум учун 155 миллион евро ажратади. Аввалги рекорд «Манчестер Юнайтед» жамоасига тегишли бўлиб, клуб adidas компанияси билан 10 йилга қиймати 750 миллион евро бўлган шартнома имзолаган. Бироқ, американинг Forbes нашри маълумотларига кўра, Мадриднинг «Реал» клуби жорий йилда немис компания билан келишувини янада яхшилаган – 10 йилга 1,6 миллиард доллар.

4.  Роналду ва Nike’нинг умрбод ҳомийлик шартномаси
Қиймат: 1 миллиард АҚШ доллари
Криштиану Роналду ва Nike компанияси ҳамкорлиги 2003 йилда бошланган бўлиб, 2016 йилда янги мақомга ўтди – умрбод ҳомийлик шартномаси. Унинг қиймати расман маълум қилинмаган, бироқ мутахассислар уни 1 миллиард доллар атрофида баҳолашмоқда. 

5.  «Милан» клубининг хитойлик инвесторлар томонидан сотиб олиниши
Қиймат: 660 миллион евро
Хитойнинг Suning маиший техника ретейлери аввалига Миланнинг бошқа бир клуби - «Интер»нинг 70 фоиз акцияларини 270 миллион еврога сотиб олди. Йил охирида эса «Милан» эгаси Сильвио Берлускони ва Хитойнинг Sino-Europe Sports Investment Management Changxing Co. Ltd. сармоя гуруҳи келишувнинг якунига босқичига чиқишди. Барча қозоғларга имзо чекилгач, шунингдек пуллар (440 миллион евро плюс 220 миллион евролик қарзлар) тўлаб берилгандан сўнг «Милан»нинг янги эгалари ким экани ойдинлашади.

6.  Англия премьер-лигаси тарихидаги хорижий телеузатиш компанияси билан энг қиммат шартнома
Қиймат: 560 миллион фунт стерлинг
Хитойнинг Suning йирик ретейлери 2016-йилнинг кузида Англия премьер-лигасининг уч мавсумини кўрсатиш учун ҳуқуқни сотиб олди. Лига ҳар бир мавсум учун 230 миллион доллардан олади – бу англия футболининг хориж бозоридаги янги максимумидир. Аввалги рекорд NBC билан бир йил аввалги битим бўлиб – олти мавсумга 1 миллиард долларни ташкил қилди. Бироқ маҳаллий телеканаллар футбол трансляцияларига анча қимматроқ пул тўлашади: BT Sport ва Sky Sports 2015 йилда уч мавсумга 5,1 миллиард фунт ажратишган.

7.  МБАдаги рекорд миқдордаги шартнома
Қиймат: 153 миллион доллар
29 ёшли Майк Конли 2016 йилнинг ёзида ўзининг «Мемфис Гризлиз» клуби билан 5 йилга 153 миллион долларлик шартнома имзолади. У МБА тарихидаги йиллик иш ҳақи 30 миллион доллардан кўпроқ бўлган учинчи баскетболчига айланди (Майкл Жоржан ва Коби Брайант). Конли – жамоа учун муҳим бўлган яхши баскетболчи, аммо суперюлдуз эмас. Йигитга омад кулиб боқди: МБА даромадлари фантастик телешартнома сабаб (9 йилга 24 миллиард доллар) ошди. Бу эса ойлик маошларининг белгиланган чегарасининг ортишига олиб келди – 94 миллион долларгача. Клублар бундан фойдаланиб шартномаси тугаётган етакчи ўйинчиларига катта таклифлар қилишди.

8.  «Крестовский» стадиони қуриб битказилиши учун пудратчи шартномаси
Қиймат: 7,8 миллиард рубль
Стадион 2016 йилнинг ёзида бош пудратчини алиштирди. «Трансстрой» компанияси 8 йил давомида бюджет маблағларини ишлатди (30 миллиард рублдан кўпроқ), бироқ арена 85 фоизга тайёр бўлганида, буюртмачи иш сифати ва муддати уни қаноатлантирмаётгани ҳақида маълум қилди. Шартнома бекор қилинди, тезкорлик билан танлов ўтказилди ва унда «Метрострой» компанияси ғалаба қозонди. Унинг стадионни қуриб битказиш ва атрофдаги ҳудудларни ободонлаштириш бўйича хизматлари 7,8 миллиард рублга баҳоланди (тахминан 127 миллион доллар). Бу эса 2006 йилдаги бошланғич сметадан кўпроқдир. Шу тариқа, «Зенит» янги аренасининг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошиб кетди.

9.  Футбол тарихидаги энг қиммат трансфер
Қиймат: 105 миллион евро
«Манчестер Юнайтед» 2016 йилнинг ёзида франциялик Поль Погба учун рекорд миқдордаги маблағдан воз кечди. Уни жамоа «Ювентус»га 2012 йилда деярли бепулга бериб юборганди. Бунга қадар Гарет Бэйлнинг «Тоттенхэм»дан Мадриднинг «Реал» клубига 2013 йилдаги трансфери энг қиммат деб ҳисобланган. Ўшанда испанияликлар футболчини 101 миллион еврога харид қилишганди. 

10. Игуаиннинг «Ювентус»га ўтиши
Қиймат: 90 миллион евро
«Наполи» клуби ҳужумчиси Гонсало Игуаннинг «Ювентус»га ўтиши Поль Погбанинг сотувидан тушган маблағлар эвазига амалга ошди. Турин жамоаси аргентиналик юлдуз билан беш йилга шартнома имзолади.

Мавзуга оид