Жаҳон | 09:47 / 05.01.2017
11937
2 дақиқада ўқилади

МРБ директори Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар борасида фикрларини айтди

Фото: AP

Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши бутун дунё миқёсида хавфсизликни таъминлаш учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Бундай фикрни АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан билдирди.

У Россия ва АҚШ ўртасидаги кескинликнинг жорий даврини енгиб ўтиш тарафдори эканлигини тасдиқлади. Бреннан унинг фикрича янги совуқ уруш ҳақида гапиришга асос йўқлигини айтди. МРБ директори буни PBS телекомпанияси бошловчиси Жуди Вудраффнинг гап Ғарб ва Россия ўртасидаги янги совуқ уруш ҳақида бораётгани борасида берган саволига жавобан айтган.

"Мен кейинги бир неча йилга боқиб, Москва ва Вашингтон ўртасида муносабатлар яхшиланишига умид қиламан, чунки глобал барқарорлик учун АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар яхшироқ бўлиши жуда муҳимдир. Шунинг учун мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман", деб таъкидлаб ўтди Бреннан.

Бреннаннинг фикрича, ҳокимиятга Дональд Трамп бошчилигидаги янги маъмуриятнинг келиши ҳақиқатан ҳам Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига имкон бериши мумкин.

Мавзуга оид