Ўзбекистон | 22:47 / 05.01.2017
43293
5 дақиқада ўқилади

Президент қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини яхшилаш бўйича топшириқлар берди

Фото: УзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда ҳукумат аъзолари, сенаторлар, вилоят ҳокимлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари, соғлиқни сақлаш тизими масъул ходимлари иштирок этди. 

«Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир», – деган Шавкат Мирзиёев.

Президент мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиб ўтган. 

«Бугун замон ўзгармоқда, одамларнинг талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг сўнгги усул ва русумларда тиббий хизмат кўрсатилишини истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча энди ўз умрини ўтаб бўлди. Бу барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам бевосита дахлдор. Шу боис соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир. 

2017 йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида ҳам катта маъно мужассам. Зеро, инсон манфаатлари деганда, аввало инсоннинг саломатлиги, замонавий тиббий хизматдан тўлақонли фойдаланиши ҳам назарда тутилади», деган президент. 

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларида халқнинг ичига кириб, уларнинг дарди, муаммолари, таклифларини эшитиш лозимлигини алоҳида қайд этганди.

Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг 7 мингдан зиёди айнан тиббиёт соҳасига тегишли экани ҳам мазкур соҳада муайян муаммолар йиғилиб қолганлигини кўрсатмоқда. Аҳолининг мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари ва таклифлари соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. 

Шундан сўнг у тиббиёт соҳасида бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича тўхталган. 

«Қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятига оид қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда ҚВПлар бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳоли учун қулайлик яратмоқда. Лекин тиббий ускуналарни ишлатадиган малакали мутахассислар етарли даражада эмас. Баъзи чекка ҳудудларда оддий қон топшириш учун туман марказига ёки шаҳарга боришга тўғри келаётганини ҳам инкор эта олмаймиз. 

Айрим жойларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда. Чекка ҳудудларда малакали мутахассислар етишмаётгани кадрлар масаласида қилинадиган ишлар кўплигини англатади», деб фикрини давом эттирди Президент. 

Қишлоқ врачлик пунктлари туну кун ишламоғи зарурлиги, бунинг учун пункт ёнидан шу жойда ишлайдиган врачга уй қуриб бериш лозимлиги қайд этилган. 

«Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини юксалтиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилди. Лекин бугун халқимиз бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз. Тизимни мутлақо ўзгартириш – давр талаби», деган давлат раҳбари. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. 

«Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ», дея қайд этган президент. 

«Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак», деб таъкидлаган Шавкат Мирзиёев. 

Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар кўплиги таъкидланган.

«Мавжуд марказларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳрида жойлашган. Бу, айниқса, қишлоқ аҳолисига муайян ноқулайликлар туғдираётир. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозим», деган президент. 

Тадбирда мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа долзарб масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Мавзуга оид