Ўзбекистон | 17:29 / 18.01.2017
56083
3 дақиқада ўқилади

Давлат мулкини хусусийлаштириш соддалаштирилди

Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни енгиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси сайти хабарига кўра, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни янада ривожлантириш, давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Мазкур Фармон Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, уларга товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун давлат мулки объектларини сотишни соддалаштириш ва тезлатиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган давлат мулкларини хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни йўқотиш, хусусий мулкка сотилган объектлар негизида рақобатбардош маҳсулотларни (хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, фармонда стратегик аҳамиятга эга бўлмаган корхоналарни ва уларнинг устав фондидаги давлат улушларини, давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш, шу жумладан, “ноль” харид қийматида инвестиция киритиш шарти билан бериш ўрнатилган талабларга мувофиқлигидан келиб чиқиб хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат мулкини ижарага олган ва объектни капитал таъмирлаган, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича асосий воситаларни модернизация қилган, янги иш ўринлари яратган ижарачиларга объектни хусусийлаштириш даврида унга биринчи навбатда хусусийлаштириб олишга устунлик ҳуқуқи берилади.

Таклиф ягона иштирокчидан тушган ҳолатларда давлат мулки объектларини олиш-сотиш шартномаларини тузишга рухсат берилди. Хусусийлаштирилаётган объект бўйича сотиб олиш тўловларини тўлаш учун 3 йиллик муддат назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси даъвогар-резидентларидан танлов савдоларида қатнашиш учун бизнес режа ва буюртманомадан ташқари бошқа бирорта ҳужжатлар талаб қилиш, ҳамда хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш ёки қайтадан кўриб чиқишни талаб қилиш тақиқланади.

Фармонда шунингдек, давлат мулкини биржада акцияларни бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) сотувга чиқариш йўли билан хусусийлаштиришга ҳам рухсат берилган.

Мавзуга оид