Жамият | 11:14 / 23.01.2017
22770
4 дақиқада ўқилади

Китоб чиқариб, бойиш гуноҳ эмас, аммо.....

Таниқли блогер Адҳам Атажонов (Абу Муслим) китобхонликнинг бугунги даражаси ва мавжуд муаммолар ҳақида гапирар экан, олдиндаги тўсиқларни енгиш ҳамда одамларга маърифат улашиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Сўнгги кунларда одамлар китоб ўқимай қўйгани ҳақида кўп гапириладиган бўлди. Бу ҳаққоний эътироф, яъни бор гап. Бироқ шу муаммони келтириб чиқарадиган омиллар ҳақида кам гапирилади. Келинг, шу масалани таҳлил қилиб кўрайлик. Муаммонинг илдизи нимада?

Менга кўра, бунга кўп омиллар сабаб, бироқ кўпчилик кам гапирадиган бир-икки асосий жиҳатларини санаб ўтаман:

1. Китоблар жуда қиммат. (Китоб ва полиграфия бўйича хабари бор одам сифатида китоблар ҳақиқатан ҳам жуда қиммат эканини тасдиқлайман. Кўпинча ноширлар китобни атайин "катта" қилиб, қиммат сотишга ҳаракат қилишади (катта шрифтларда, нақш ва бошқа безаклар эвазига). Майли, бу ноширларнинг ўз иши. Китоб чиқариб, бойиш гуноҳ эмас, аммо оддий халқнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, халқни ҳам маърифатга ошно қилиш йўлларини ўйлаб қўйсалар ҳам ёмон бўлмасди. Фақат бойлар ёки пули кўплар китобхон бўлиши керак деган гап йўқ. 

2. Текин кутубхоналар ташкил қилиш керак. Олдинги турдаги кутубхоналарни модернизация қилиш, қулайлаштириш ва бошқа керакли чораларни кўриш керак. Интернетда онлайн кутубхоналарни ривожлантириш керак. Масалан. Ziyouz.com’га ўхшаш маърифий ресурсларни қўллаб-қувватлаш лозим. Тўғри, бу ерда муаллифлик ҳуқуқи муаммоси ҳам бор. Муаллифлар ёки ноширлар ўн марта нашр қилиб сотган ва фойдасини ўн марта олган китобларини ҳам текинга, халқ ўқиши учун беришга рози бўлавермайди. Яна ва яна сотиш илинжида бўлади... Шу муаммони ҳам чиройли ҳал қилиш керак. Яъни, бу масалада сих ҳам кабоб ҳам куймаслиги лозим.

Катта бир интернет кутубхона ташкил қилиб, барча китобларни шу ўртага ташлаш керак. Оффлайн ишлаши учун махсус дастурлар ҳам ишлаб чиқилса яхши бўлади. (Арабча "Шомила" дастурига ўхшаш).

Халқни китобхон қилиш учун китоблар, албатта, қоғозли бўлиши шарт эмас. Китобларнинг электрон муқобилларини кўпайтириш ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини қулайлаштириш, арзонлаштириш керак. Сўнгги вақтларда Ғарб ва бошқа китоб ўқишни севадиган юртларда электрон китобларни ўқиш кучайган.

Жадид боболаримиз элни, юртни маърифатли, зиёли қилиш учун ўз ҳисобларидан мактаблар очган, газет ва журналларни чиқарган. Халқни маърифатли, зиёли қилиш учун ўз ҳисобларидаги мол-мулкларини аяшмаган. Эй, нега мен мол-мулк дедим? Мол-мулк нима гап бўпти-ки, жонларини ҳам қурбон қилиб юборишган. Биздагилар эса, китобхонларнинг китобга бўлган муҳаббатларидан ўзларига моддий манфаат излашади. Халқни, миллат манфаатларини устун билишмайди. Биз нега боболаримизга ўхшамадик?.. Шу ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак...”.

Мавзуга оид