Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 70 ёшда
Атоқли адибимиз Анвар Обиджон ўзининг муборак 70 йиллигини кенг жамоатчилик иштирокида турли адабий кечаларда қарши олди.
27 январь куни “Доно Нашриёти” муассислигида чоп этиладиган болалар журналлари - “Bilimdon”, “Dono Word”, “Знайка”, “Excellent” билан таҳририят кенгаши аъзоси сифатида узоқ йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан мазкур нашриёт томонидан ҳам маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Kun.uz'га нашриёт вакиллари хабар берди.
Анжуманда “Доно Нашриёти” таҳририят кенгаши аъзолари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, болалар шоираси Кавсар Турдиева, шунингдек, пойтахтимиздаги 90-умумтаълим мактабининг ўқувчилари, педагогик жамоаси иштирок этишди. Ижодий учрашув қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Унда шоир ўзининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ёрқин хотиралар ҳамда болалик йилларини ҳам ёдга олди.
Тадбирда Анвар Обиджонга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.