Ўзбекистон | 13:36 / 29.01.2017
34926
4 дақиқада ўқилади

Ш.Мирзиёев: "Соғлом авлод, соғлом бола деймиз - ичимлик сувини таъминлаб беролмасак, қандай соғлиқ тўғрисида гапириш мумкин?" 

Ўтган даврда дастурларимизда белгиланган бир қатор масалалар ўз ечимини топди. Жумладан, жорий йилнинг 17 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Дастурда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, арзон уй-жойлар қуриш, транспорт, муҳандислик, коммуникация инфратузилмаси ва автомобиль йўлларини қуриш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, энг катта масала - иш ўринларини яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. 

Ушбу дастурда Хоразм вилоятида қиймати 2,7 триллион сўм бўлган қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган ва махсус фонд ҳам ташкил этилган: 

1. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш. Вилоятдаги мавжуд ичимлик суви тармоқларининг 1,2 минг километрининг 25 фоизи таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бу камчиликларни бартараф этиш учун 253 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада 2021 йилга бориб, вилоят аҳолисининг ичимлик суви, ҳозирги 53 фоиздан 77,4 фоизга кўтарилади. 

Оддий ичимлик сувини таъмирлаб бермасак, "давлат раҳбариятининг масъулияти ва жавобгарлиги қаерда?" деган савол кўндаланг турибди. Соғлом авлод, соғлом бола деймиз - агар ичимлик сувини таъминлаб беролмасак, қандай соғлиқ тўғрисида гапириш мумкин? 77,4 фоизга кўтариш учун қайси маҳаллада, ким, қачон, қайси пул ҳисобидан - барчаси дастурда ёзилган. Нега десангиз, берган пулни талон-тарож қилаётганлар кўп - 50 фоизи ўғирланяпти. Жамоатчиликнинг иши йўқ. Вилоятдаги 19 та энг муҳтож аҳоли пунктлари шўр сувни тозаловчи асбоб-ускуналар билан таъминланади. Аҳолининг санитар-гигиеник шароитларини яхшилаш мақсадида 10 та қаттиқ маиший чиқиндилар полигони махсус техника воситалари билан жиҳозланиши кўзда тутилган. 

2. Сув ресурсларини бошқариш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, канал ва гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 1,2 триллион сўмлик олтита лойиҳа амалга оширилади. 

3. Соғлиқни сақлаш ва аҳоли генфондини муҳофаза қилишни яхшилаш масаласи жиддий эътибор талаб қилади. Ҳозирги пайтда вилоятнинг тиббий тизимига аҳолининг эътирози жуда катта десак, адолатдан бўлади. 

Вилоятда катта ниятлар билан ташкил этилган 160 та қишлоқ врачлик пунктлари 86 таси ачинарли ҳолатда. Улар мутлақо таъминланмаган. Қишлоқ врачлик пунктини қолдирадиган бўлсак, энг узоқ қишлоқларда қолдирамиз. Ўша жойда врач учун уй-жой қуриб берамиз. Қишлоқ врачлик пунктини 24 соат ишлайдиган қилиб берамиз. У ерда тиббиёт машинаси, дорихонаси бўлади, шу билан бирга хизмат уйи бўлади. Машинасини ҳам берамиз - 20 йиллик кредит билан, лекин у қишлоқ врачлик пунктидан ишдан кетса, имтиёзлар ўз-ўзидан йўқ бўлади. Қишлоқ врачлик пунктидаги шифокорларимиз чақалоқларимизнинг соғлом туғилиши учун уйма-уй юриб, патронаж қилиши керак. Энг катта топшириқ шу! 

Дори-дармонларнинг нарх-навосидан одамлар норози. Малакали мутахассислар етишмайди. Аҳолининг касалланиш даражаси бир йил ичида олти фоизга ошган. Оналар ўлими кўпайган. Вилоятдаги бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш соғлиқни сақлаш тизимини замонавий талаблар даражасига кўтариш учун қабул қилинган дастурда жами 124 миллиард сўмлик тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор аёлларга 17,6 миллиард сўмлик бепул витамин минерал комплекслари ажратилади. 

Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 19 та тез ёрдам станцияларининг моддий техника базаси янада яхшиланади ва умумий амалиёт шифокорлари учун қишлоқ тиббий пунктларида уй-жойлар қурилади. Биз бу йилнинг ўзида 1200та тиббиёт машинасини харид қилиш тўғрисида қарор қабул қилдик", - деди Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид