Light | 17:02 / 05.02.2017
20952
22 дақиқада ўқилади

Ferrero - кичик қандолатчилик корхонасидан бутун жаҳон тан олган брендгача

Ферреролар оиласи назорати остидаги Италиянинг Ferrero компанияси ўзининг бир қатор ширинликлари билан машҳур. Kinder Surprise, Nutella, Fererro Rocher шулар жумласидандир. Компания шунингдек ўз ширинликлари таркибини сир тутиши, ходимларига ғамхўрлиги ҳамда ижтимоий ташаббуслари билан ҳам танилган. vc.ru мазкур компания ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Бугунги кунда Ferrero компаниясини Италиядаги энг йирик компаниялардан бири дейиш мумкин. Nutella ва Raffaello каби севимли ширинликлар ишлаб чиқарувчиси дунёнинг 50 мамлакатида фаолият юритади. Бундан ташқари, компания бир неча маротаба ишлаш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд бўлган корхона сифатида тан олинган. Ҳозирги муваффақиятига эришиш учун компания кичик қандолатчилик корхонасидан то бутун дунёга машҳур брендгача бўлган йўлни босиб ўтган. Ferrero'нинг ривожланиш тарихи ушбу компания эгалари бўлган Ферреролар оиласи билан узвий боғлиқ.

Ferrero'нинг яратилиши. Gianduja'дан Nutella'гача

Компания асосчиси қандолатчи Пьетро Ферреро бўлган. У 1898 йилда новвойлар оиласида дунёга келган. Унинг эрта таржимаи ҳолига тааллуқли бошқа фактлар йўқ. Версиялардан бирига кўра, у 1942 йилда ширинликлар дўконини очган. Бошқа бир версияга кўра, унга Италиянинг Альба шаҳарчасида кичик қандолатхона мерос қилинган.

Урушдан кейинги даврда Италияда қандолатчиларнинг ишлаши осон бўлмаган - какао импорти қатъий тартибга солинган. Ферреро унинг ўрнини босувчи воситани топди ва Gianduja ёки Giandujot ширинлигини яратди. Ундаги какао миқдори шунчаки ташқи кўриниши учун эди, асосий масаллиқлардан бири эса фундук бўлди. Gianduja'нинг тури кўп, энг машҳурларидан бирининг таркиби фундук, асал ва какао ёғидан иборат.

Ушбу маҳсулот Жандуя исмли карнавал қаҳрамони шарафига номланган. Ферреро бу ширинлик рецептига муайян ўзгаришлар киритган. Ширинлик яхши сотилган ва минтақадаги энг машҳур ширинликка айланган. Оилавий бизнес муваффақият қозона бошлаган, бироқ кўлам жиҳатидан у қадар кенгаймаган.

Кутилмаган тасодиф барчасини ўзгартириб юборди. Альба мэрияси Феррерога Gianduja ширинлигига йирик буюртма беради. Қандолатчи уларни тайёрлаб, ертўлага жойлайди. Афсуски, об-ҳаво ҳаддан ташқари иссиқлиги сабаб Феррероларнинг меҳнат маҳсули эриб кетади.

Бу кетишда катта молиявий йўқотишга учраши мумкинлигини ўйлаган Пьетро ўзини йўқотиб қўймади ва ҳосил бўлган пастадан ўзига хос шоколадли бутербродларни яратди. Боз устига паста ишлаб чиқишга камроқ хомашё сарфланарди. Шу тариқа Ферреро ўзи кутганидан-да кўп пул ишлаб олди. Кейинчалик Nutella номини олган янги маҳсулот ана шундай "дунёга келган".

Ушбу янги ихтиро Ферреронинг оилавий бизнесига муваффақият келтирди ва оила ўз бизнесини кенгайтиришга қарор қилди. 1946 йилда биринчи фабрика очилди. Оилавий компанияда Пьетродан ташқари унинг укаси Жованни, турмуш ўртоғи ва ўғли Микеле фаолият олиб борган. Пьера қандолатчилик тармоғини такомиллаштириш билан шуғулланди. Микеле эса янги ширинликларни ихтиро қилишда отасига кўмаклашарди. Пьетро ўз бизнесини узоқ бошқармади - 1949 йилда у ҳаётдан кўз юмди. Оилавий бизнес унинг аёли, укаси ва ўғли томонидан давом эттирилди.

Микеле Ферреро компаниянинг келгусидаги муваффақиятига катта таъсир кўрсатди. У ҳам отаси каби ажойиб қандолатчи бўлган, у компаниянинг машҳур ширинликларининг катта қисмини яратган ҳамда Италиянинг энг бадавлат кишисига айланган. Микеле оилавий бизнесга 1957 йилдан раҳбарлик қилган.

Унга қадар компанияни Пьера ва Жованни бошқарган, улар асосий эътиборни Gianduja пастасига қаратишган. 1951 йилда бу паста номи Supercrema'га ўзгарган, у шиша банкаларда сотилган. Пьера Ферреро Ferrero компанияси ўз маҳсулотлари сотувларини йўлга қўйган жойларда ёқимли муҳит яратишга катта эътибор қаратган ва бу сўзсиз харидорларни ўзига жалб қилган.

Микеле маҳсулотлар сафини кенгайтириш ҳақида кўп ўйлаган. Бу борада унинг бир неча ғоялари ҳам бор эди ва улар асосан "Валерия" аудиторияси (у италиялик уй бекаларини шундай атаган)га мўлжалланган эди. 1956 йилда Микеле Mon Chéri - конфетлар туркумини ишлаб чиққан ва тақдим этган. Mon Chéri - усти шоколад билан қопланган, ичида эса ликёр ва олча жойланган конфет. Бунинг яна бир версияси бор - унга кўра, Mon Chéri конфетларини Жованни Ферреро ишлаб чиққан. Микеле эса компания бошқарувига ўтганидан кейин уларни уй бекаларига тарғиб қила бошлаган.

Янги маҳсулот аввал Италияда, кейин эса бутун Европа бўйлаб тезда машҳур бўлиб кетди. 1956 йилда Ферреролар Германияда ўзларининг илк фабрикасини очишган. Корхона Франфуркт яқинида бўлган - Supercrema шу ерда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ундан кейин эса Германияда Mon Chéri сотувлари йўлга қўйилган.

Микеле Ферреро компания бошида. Янги маҳсулот ва халқаро интеграция

1957 йилда Жованни Ферреронинг ўлимидан кейин Микеле оилавий ишнинг ягона бошқарувчисига айланади ва икки йўналишда ишлашда давом этади - оригинал маҳсулот яратиш ва бошқа мамлакатларга интеграция қилиш. Ўша пайт у 32 ёшда бўлган, оилавий бизнес соҳасида унинг тажрибаси катта бўлиб, энг асосийси, унга мерос қолган компанияни ривожлантириш истаги бўлган.

Микеле ўзини кадр танлаш бўйича мутахассис сифатида ҳам намоён эта олган. Унинг энг асосий ютуқларидан бири компанияга ёш қандолатчи Уильям Саличени ишга олгани бўлди. У маълум бир вақт ўтгач Ферреронинг тенгсиз маслаҳатгўйи ва ёрдамчисига айланади ва Ferrero'ни жаҳонга танитишда катта аҳамиятга эга бўлган бир неча маҳсулотнинг яратилишида иштирок этади. Саличе ўз хизматларини камтар баҳолаган – у Феррерони ҳақиқий ихтирочи, ўзини эса бор-йўғи ижрочи деб атаган.

1959 йилда Ferrero'нинг Францияга интеграцияси бошланган. Бу жараённи соддалаштириш учун Prevost et Grenier қандолатчилик компанияси харид қилинган. Францияда сотуви йўлга қўйилган илк маҳсулот Mon Chéri конфетлари бўлган. Кейин эса машҳур Ferrero пастасининг La Tartinoise номини олган версияси пайдо бўлган. Манбага кўра, у фақат номи билангина фарқ қилган.

1963 йилда Ферреро компаниянинг энг машҳур маҳсулоти - Supercrema пастасини янада такомиллаштиришга киришган. Ферреро айнан нимани ўзгартиргани ҳақида маълумот кам. Қандай бўлмасин, 1964 йилда компания мижозлари Supercrema асосида яратилган янги маҳсулот - Nutella пастасини харид қила бошлашади.

Nutella пастаси илк яратилган давриданоқ ҳозирги сифатга эга бўлган. Ферреро ҳеч қачон ўз маҳсулоти тарғиботига пул аямаган ва шу боис Nutella'ни замонамизнинг энг машҳур ширинликларидан бирига айланишига сабаб бўлган. Ферреро маҳсулотлари тарғиботида ажойиб иборалардан фойдаланган - "Nutella'сиз ҳаёт қандай кечарди?" ёки "Нонга бахт суртинг" ва б. Бундан ташқари бренднинг реклама кампаниялари ёдда қоларди.

Nutella — дунёда энг кўп сотилувчи паста. Бугунги кунда компания йилига 365 минг тоннадан зиёд паста ишлаб чиқаради. Шундай маълумотлар ҳам борки, ҳар 2,5 сонияда битта Nutella харид қилинар экан. 2007 йилнинг 5 феврали Nutella куни - халқаро байрам сифатида нишонлана бошланди.

60-йиллар давомида Ferrero Европа мамлакатлари бозорларига чиқишда давом этди. Бельгия, Австрия, Нидерландия, Швейцария, Швеция ва Данияда компания филиаллари пайдо бўлди.

Ишбилармон ҳар бир мамлакатга алоҳида ёндашув кераклигини яхши тушунган ва бу стратегияни ҳаётга тадбиқ қила олган. Турли маҳсулот ва рекламалар бозордан инобатга олган ҳолатда ишланарди. Фақатгина Nutella’гина бундан мустасно эди - уни ҳамма жойда севиб истеъмол қилишарди. 1964 йилда уни ҳеч қандай истисноларсиз барча бозорларга чиқара бошлашди.

60-йиллар охирида компания сафи янада кенгайди. Гап икки янги маҳсулот ҳақида кетмоқда - Kinder шоколади ва Tic Tac ялпизли конфетчалари. Kinder бренди 1968 йилда Ferrero'нинг талабчан истеъмолчиларга жавоби сифатида ишлаб чиқилган - ота-оналар шоколадларнинг болалар соғлиғига зиён етказишидан қўрқиб, ширинликлар масаласида анча талабчан бўлиб қолишганди. Ферреро бунинг ҳам йўлини топди, у шоколадларни яхлит эмас, кичик батонлар шаклида сота бошлади. Бу ота-оналарга фарзанди еган шоколад миқдорини назорат қилиш имконини берарди. Янги сутли шоколад барчага хуш ёқди.

Tic Tac тарихи 1969 йилда бошланган. Маҳсулот номи унинг қопқоғини очгандаги товушларни ифодалаган.

60-йиллар охирида Ферреро АҚШ бозорига эътибор қаратган. Nutella билан Америка бозорига кириб бориш осон бўлмаган, зеро у ерда рақобат кучли бўлган. Tic Tac эса айни муддао бўлган. У шаффоф пластик қутичаларда сотилган ва тезда танилган. 1969 йилда Ferrero Нью-Йоркда ўз филиалини очди, кейинчалик эса Нью-Жерсидаги корхона ҳам ишга туширилди.

Tic Tac маҳсулоти сафи 70-йиллар давомида кенгайган. У янги таъмлар билан бойитилган. Бундай кенгайтмалар бўёқлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарган. 1976 йилда узум таъмли Tic Tac ишлаб чиқариш тугатилган (зиён деб топилган).

Kinder Surprise. Компания фаолиятидаги ўзига хос жиҳатлар

70-йиллар бошида Ferrero яна бир жаҳонга машҳур маҳсулот - Kinder Surprise'ни ишлаб чиқарди. Бу ширинлик тарихи бошқалари каби Ферреро ва Саличе ҳамкорлигига асосланган.

Саличе шоколадли тухумлар ичига ўйинчоқли пластик контейнер жойлашни таклиф қилган.

Kinder Surprise'да сутли шоколад муҳим элемент бўлган. Бироқ Ферреро ўйинчоқларга алоҳида эътибор қаратди ва бу борада дизайнер Ҳенри Ротни ишга ёллади. Kinder Surprise'нинг илк ўйинчоқлари темир чавандозлар ва ҳиндулар бўлган. 1974 йилда Kinder Surprise сотувга чиқди ва маҳсулотнинг биринчи партияси бир неча соатдаёқ сотиб бўлинди. Бу ўйинчоқли шоколадлар болалардан ташқари коллекционерларда ҳам қизиқиш уйғота бошлаган. Баъзилар бундай ҳоббидан катта пул ҳам ишлашади. Энг йирик коллекциялардан бири 90 000 ўйинчоқни ўзида жамлаган ва 30 000 еврога сотилган.

1975 йилда Ферреронинг янги ишланмаси намойиш этилди - Kinder Brioss ширинликлари. Ушбу маҳсулот муваффақияти компания сафини янада кенгайтириш имконини берган, шунингдек сут начинкали Kinder Delice бисквитчаларининг пайдо бўлишига олиб келган. 1976 йилда Kinder Fetta al Latte ва Kinder Pingui деб номланган совутилган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Уларнинг ўзига хослиги шундан иборат эдики, таркибида консервантларнинг йўқлиги сабаб албатта музлатгичда сақлаш шарт бўлган.

70-80-йилларда Ferrero яна янги бозорларга чиққан - Аргентина, Бразилия, Эквадор, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Ҳонгконг, Тайвань. Бундан ташқари, Ферреро Италияда иккита янги завод қурдирган.

1982 йил ичида бутун ёнғоқ солинган Ferrero Rocher шоколадлари яратилди. Ferrero Rocher - Микеле ўз фамилиясини берган биринчи ширинлик бўлди.

Микеле Ферреро ҳақида гап кетганда унинг ишчилар билан муносабатларини четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Ferrero компанияси яна шуниси билан машҳурки, у узоқ йиллик фаолияти давомида бирор марта ишчиларнинг норозилигига сабаб бўлмаган. Микеле 1957 йилдаёқ ўз ходимларига мактуб йўллаб, уларнинг оила аъзолари яхши яшашларини таъминлаш учун ҳамма нарсага тайёрлигини таъкидлаган. Ферреронинг сўзлари унинг хатти-ҳаракатлари билан тасдиқланган.

Ишчиларга бўлган муносабат ижобий бўлишига қарамай, Ferrero корхоналарида қатъий тартиб ўрнатилган.

Ферреро ўз ходимларига яхши иш шароитларини яратган, жумладан у ходимлари қариган чоғида ҳам уларга ғамхўрлик қилган. Шу мақсадда 1983 йилда махсус фонд ташкил этилган - Pietro, Piera And Giovanni Foundation. Унинг мақсади - компанияда тўхтовсиз 25 йил ишлаган ходимларга ғамхўрлик қилиш бўлган. Фонд уларни тиббий ва ижтимоий ёрдам билан таъминлайди, шунингдек уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, фонд кўргазмалар, конгресслар, конференция ва семинарларни ташкиллаштиришда ҳам яқиндан кўмак берган.

Охирги пайтларда дегустация ҳолати бироз ўзгарди. Микеле Ферреронинг ҳаётлик чоғида компаниянинг Люксембургдаги штаб-квартирасида чоршанба куни эрталаб топ-менежмент тўпланганига оид хабар бор. Уларга дегустация учун Ferrero’нинг эски ва янги маҳсулотлари билан бир қаторда рақиблар маҳсулоти ҳам  тақдим этилган. Шундан сўнг раҳбарият бу борада ўзаро фикр алмашган ва Ферреронинг хулосаларига алоҳида қизиқиш билдирган.

Ферреро компания фаолиятининг барча жиҳатларини мунтазам назорат қилган. У ўз компанияси сирларини сақлашни билган ва маҳсулотлар рецептини жамоатчиликка ошкор қилмаган. Компания фабрикаларига журналистлар қўйилмаган, экскурсияга ҳам рухсат берилмаган.

Ферреронинг ўзи матбуот диққат марказида бўлишни ёқтирмаган. Журналистлар Альба шаҳридаги Ferrero фабрикасида биринчи марта 2011 йилда бўлишган, бу вақтга келиб раҳбарият сиёсати бироз ўзгарганди. Микеле Ферреро ўз маҳсулотларини Puliregia реклама компанияси орқали тарғиб қилган.

Пьетро ва Жованни Ферреро компания бошқарувида

90-йиллар боши компания тарихида Шарқий Европа бозорларига чиқиш билан муҳрланди. Манбаларнинг бир қисмида таъкидланишича, бу даврда Ферреро компания бошқарувини ўғиллари Пьетро ва Жованнига топширган, бироқ аксарият маълумотлар бу ҳодисанинг 1997 йилдагина рўй берганига ишора қилади. Бунга қадар Микеленинг ўзи компанияга раҳбарлик қилган.

Айнан унинг шарофати билан 1990 йилда яна бир машҳур маҳсулот – Raffaello яратилган. Бу 1990 йилда тақдим этилган ягона ширинлик эмас. Ферреро шу йили Kinder Bueno – сутли шоколад ва ёнғоқли кремли вафли-таёқчаларни бозорга чиқарган. 90-йилларда Tic Tac сотувлари ҳам ўсиб, унинг турлари кўпайган. Қолган маҳсулотлар билан ҳам ҳеч қандай муаммолар бўлмаган.

Компания маҳсулотлари Шарқий Европа бозорларида истеъмолчилар ишончини қозонишга муваффақ бўлган. Бу даврда Ferrero маҳсулотлари кириб келган мамлакатлардан Польша, Венгрия, Чехия ва Россияни ёдга олиш мумкин. РФ бозорига компания 1995 йилда кириб келган.

1995 йилда компания сотувлари 3 миллиард долларга етди, шундан 25 фоизигина Италияга тўғри келарди. Ўн йиллик охирига бориб  Шимолий ва Жанубий Америкада сотувларни 1 миллиард еврога ошириш мақсад қилинган. Бразилияда бизнесни тараққий эттириш учун 100 миллион долларлик йирик корхона ишга туширилган. Бундан ташқари, компания дунёнинг бошқа мамлакатлардаги фаолиятини ҳам илғор юритган.

Шу йили компания бошқаруви ишбилармоннинг ўғиллари – Пьетро ва Жованнига ўтган. Бир вақтнинг ўзида компаниянинг Unilever’га сотилиши ҳақидаги гаплар оралаган. Иш битимгача етиб бормаган ва Ferrero оилавий бизнес сифатида ривожланишда давом этган. Ўн йиллик охирига бориб компания 20га яқин брендни назорат қилар эди. 2001 йилда сотувлар 4,4 миллиард еврога етган.

2001 йилда Kinder Joy ишлаб чиқарила бошлаган – бу Kinder Surprise’нинг иссиқ ўлкаларга мўлжалланган махсус версияси ҳисобланади. 2000 йилда Estathé (чойли ичимликлар қатори) пайдо бўлди. Уларнинг энг ўзига хос жиҳати қулай пластик стаканлар ва трубочкаларга жойланганлиги бўлган.

Микеле Ферреро бизнесни тарк этганидан кейин Монте-Карлога кўчиб ўтган. У Монакога дам олиш учун келмаган. Ferrero’нинг уч тадқиқот марказидан бири қиролликда жойлашганди ва Микеле бу ерда ўзининг севимли иши билан шуғулланишда давом этган. У компания бошқарувидан кетганига қарамай, ўғиллари усиз бирорта ҳам муҳим қарор қабул қилишмаган.

2000-йилларда Ferrero шахсий фабрикалари сонини оширади ва жамоатчиликни ижтимоий акциялар билан хурсанд қила бошлади. Ночор мамлакатлардаги машҳур ижтимоий дастур қуйидаги тамойил бўйича ишлайди – Ferrero у ерда заводлар очади ва аҳолини иш ўринлари билан таъминлайди, сўнг минтақадан тушган даромаднинг маълум бир қисмини маҳаллий таълим ва тиббиёт дастурларига сафарбар этади.

2000-йиллар ўртасида Gran Soleil – лимонли десерт яратилди. Унинг ўзига хослиги шундаки, у суюқ ҳолатда сотилади, харидор эса уни чайқатиб, музлатиши керак бўлади. Натижада совуқда сақлашга ҳожат бўлмаган музқаймоқ ҳосил бўлади.

Ҳатто инқирозли 2008-2009 йилларда Ferrero компаниясининг умумий айланмаси 6,3 миллиардни ташкил қилган. Ўша йили Россиянинг Владимир вилоятида компания фабрикаси қурила бошлаган. Унга 200 миллион евро сарфланган, бу эса инқироз даври учун катта сумма. Фабрика қурилиши 2010 йилда тугатилган.

Ишбилармоннинг икки ўғлидан дастлаб Пьетро етакчилик қилди. У отасидан фарқли равишда Ferrero бошқа компанияларни қўлга киритишга эмас, органик ривожланишга диққатини қаратиши керак, деб ҳисобларди. Бироқ оилавий бизнесни ривожлантиришнинг бундай усули қариндошлар томонидан қўллаб-қувватланмади. Барча қарорлар Микеле томонидан назорат қилинар эди, Пьетро эса бош директор лавозимини Жованни билан бўлишган.

2011 йилда Пьетро ишчи сафар билан ЖАРга боради. У бу ерда велосипедда сайр қилиш вақтида йиқилиб, ҳалок бўлади. Бунинг расмий сабаби сифатида юрак хуружи келтирилган. Шу тариқа компания ўз келажаги боғланаётган инсонни йўқотади. Шундан кейин Жованни Ферреро компаниянинг тўлақонли бош директорига айланди. Баъзи маълумотларга кўра, у оилавий бизнесга камроқ вақт ажратган, унинг ўзи эса буни инкор этади.

Компания Жованни бошқаруви остида бир неча муаммоларга дуч келади. 2011 йилда Франкфурт суди Ferrero’га Nutella’нинг қадоқ қоғозини ўзгартириш мажбуриятини юклади – уларнинг фикрича, бу ном маҳсулот ҳақида ёлғон тасаввур ҳосил қиларди.

Шу йилнинг ўзида АҚШда ҳам Nutella билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Калифорнияда яшовчи Афина Ҳоенберг пастанинг фойдали ва тўйимли маҳсулот эканлиги ҳақидаги рекламасига “учиб”, ўз фарзандини шу маҳсулот билан фаол озиқлантирган. Кейинроқ у паста таркибига эътибор қаратган ва маҳсулотни нотўғри қабул қилганини тушуниб етган. Шундан сўнг Ҳоенберг Ferrero’га қарши жамоавий даъво иши очмоқчи бўлган. Жамоатчилик аёлнинг рекламани шу қадар жиддий қабул қилганидан ҳайратга тушганига қарамай, компания вазиятдан чиқиш борасида бош қотиришига тўғри келган. 2012 йилда Ferrero аёлга жарима сифатида 3 миллиондан ортиқ пул тўлаган.

Яхши янгиликлар ҳам бўлган. 2013 йилда АҚШ ҳудудида Kinder Surprise савдосига рухсат тегди. Бунга қадар бир қатор муаммолар туфайли бунинг имкони бўлмаганди. 1938 йилда қонун томонидан озиқ-овқат маҳсулотларига истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни жойлаш тақиқланган. Бундан ташқари, Kinder Surprise CPSC талабларига жавоб бермаган. Ташкилот маҳсулотдаги “3+” ёшга доир чекловини қўллаб-қувватламаган. CPSC стандартларига кўра, бундай маҳсулот барча ёшдаги болалар учун хавфсиз бўлиши керак.

Kinder Surprise барча талабларга мувофиқлаштирилгунга қадар АҚШ бозорига чиқиш имконига эга бўлмаган. АҚШда Kinder Surprise’нинг ичида йиғма ўйинчоқлар бўлмайди, фақат бутун ва йирик ҳажмли ўйинчоқлар жойланади.

2014 йилда Ferrero катта харидни амалга оширди – 500 миллион еврога ўрмон ёнғоқлари бозоридаги дунё етакчиларидан бири бўлган Oltan турк компанияси қўлга киритилади.

2015 йил компания учун қайғули келди – Микеле Ферреро ҳаётдан кўз юмди. Ferrero’нинг кўп йиллик раҳбарининг вафоти бир томондан ўзгаришларга ишора қиларди, бошқа томондан эса – Жованнининг имкониятини оширарди. У ўзгаришларни харидлардан бошлади.

Улардан бири Сербиянинг “Алекса Шантич” агрокомпанияси эди. Бундан аввал ушбу мамлакат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланганди. Шундан келиб чиққан ҳолда, компания 1000 гектар ҳудудда фундук етиштириш ҳуқуқини қўлга киритди.

Жамоатчиликни компаниянинг яна бир хариди кўпроқ қизиқтирарди – 112 миллион фунтга сотиб олинган Thornton ширинликлар ишлаб чиқарувчиси. Ferrero шу кунгача рақибларини харид қилмаганди, шу боис бу компания тарихидаги янги саҳифа ҳисобланади. Умуман олганда эса, Микеленинг ўлимидан кейин баъзи нарсалар ўзгаришсиз қолди.

Жованни маҳсулотларга аввалгидек кўп вақт ажратади ва компаниянинг оилавийлигича қолишини таъкидлайди. Микеленинг ҳаётлик вақтидаёқ компания ўз олдига мақсад қўйган – ноевропа мамлакатлардаги сотувларни ошириш эвазига даромадни икки баробарга кўпайтириш. 2006 йилдан 2014 йилга қадар сотувлар 45 фоизга ошди. 2015 йилда даромад 9,5 миллиардни ташкил қилди.

Барча миш-мишларга қарамай, Ferrero оилавий компаниялигича қолади ва буни ўзгартирмоқчи эмас. Ферреро ўз тарихида кичик қандолат ишлаб чиқарувчидан дунёдаги энг йирик ширинлик ишлаб чиқарувчисигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ferrero “яккаҳоким” эмас, албатта, зеро бу майдонда Nestle ва Kraft Foods каби бошқа гигантлар ҳам бор. Бироқ бугунги кунда компания маҳсулотлари дунёдаги ҳар бир хонадонда бўлишга муваффақ бўлган десак, янглишмаймиз.

Мавзуга оид