Жаҳон | 15:18 / 13.02.2017
40806
2 дақиқада ўқилади

Атамбаевнинг Европага ташрифи Ўш воқеалари ташкилотчилигида айбланган Азимжон Асқаровга ҳукм билан боғлиқ

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Европага сафари Азимжон Асқаровга чиқарилган суд қарори фонида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда бугун президент аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари Сапар Исоқов журналистларга маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон раҳбари европалик ҳамкасблари билан Асқаров масаласида тенгма-тенг музокаралар ўтказади.

«Бизнинг ҳаққоний ва тўғри тузилган мулоқотимиз европалик ҳамкасбларда Марказий Осиёдаги Қирғизистон — демократик тамойиллар асосидаги давлат экани ҳақида таассурот қолдиради», дейди Исоқов.

Унинг қайд этишича, конституцион ислоҳот ҳам Қирғизистоннинг демократик йўлдан кетаётганига ишонч ҳосил қилади.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 16 июнида Қирғизистон жанубида, ўзбеклар истиқомат қиладиган ҳудудда рўй берган фожиавий воқеалардан кейин қамоққа олинганди. У июнь воқеалари вақтида оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришга шериклик қилишда айбланган.

Июнь воқеаларида юзлаб кишилар ҳалок бўлган, ўн минглаб одамлар уйларини ташлаб чиққанди. 

2010 йилнинг 15 сентябрида Асқаров умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

У 24 январь куни тўртинчи марта умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Асқаров эса бунга норозилик сифатида муддатсиз очлик эълон қилди.

Азимжон Асқаров ўзига қўйилган барча айбловларни инкор этиб келади.

Ўтган йилнинг апрелида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров қийноққа солингани туфайли жиноят ишини қайта кўриб чиқишни талаб қилганди.

Азимжон Асқаровнинг иши сабабли Қирғизистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш муҳокама қилинган, бу орада расмий Бишкекнинг АҚШ билан муносабатлари совуқлашганди.

Мавзуга оид