Мобил алоқа антенналари инсон саломатлиги учун зарарлими?
Жаҳон мобиль конгресси – 2016 анжумани чоғида Huawei компанияси томонидан 2025 йилга қадар жаҳонда интернет тармоғига уланган мобил қурилмалар сони 100 миллиардга етиши тўғрисида маълумот берилган эди. Бу қурилмалар сайёрамиз аҳолисига ўзаро алоқа ўрнатиш, ахборот алмашишларига хизмат қилмоқда. Мазкур қурилмаларни ўзаро алоқа тармоғига улаш учун мобил алоқа станциялари зарур. Кўча-кўйда, бино томларида ўрнатилган алоқа антенналарини кўп кўрамиз. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ер юзида 1,4 миллион дона шундай алоқа антеннаси мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 17721 та мобил алоқа антеннаси ўрнатилган. Бу ҳақда terabayt.uz сайти ёзмоқда.
Мобил алоқа операторлари муайян ҳудудда мобил алоқани яхшилаш учун антенна ўрнатмоқчи бўлса, шу ерлик аҳоли томонидан қаттиқ қаршиликка дуч келиш ҳолатлари кўзга ташланади. Одамлар ўзлари истиқомат қилаётган ёки фаолият кўрсатаётган бино томига ўрнатилган мобиль алоқа антеннаси гўёки уларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши тўғрисида исботини топмаган далиллар келтиришади. Жумладан, бу борада аҳоли ўртасида ўтказилган сўровларда иштирокчиларнинг 40 фоизи бу антенналарнинг юрак-қон томир, асаб ва қон босими касалликларини келтириб чиқаришига ишонишларини билдиришган. Санитария-эпидемиология назорати маркази ўтказган сўровларда иштирокчилар мобил антенналарнинг касаллик тарқатувчи эканини интернетдан ўқиганликларини маълум қилишган. Чиндан ҳам, бу антенналар ўзларидан зарарли тўлқинлар ажратиб чиқарадими?
Мазкур масала пойтахтимизда Uzreport агентлиги томонидан ташкил этилган “Мобил алоқа: технология, сифат, хавфсизлик” мавзуидаги давра суҳбатида кўтариб чиқилди. Маълум бўлишича, 2001 йилдан бошлаб жаҳон давлатларида мобил алоқа тўлқинларининг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсири хусусида илмий-тадқиқот изланишлари олиб борилади. Тошкент шаҳар давлат экологик экспертиза маркази вакили Тамара Дурованинг сўзларига кўра, айни пайтгача мобил алоқа операторлари томонидан ўрнатилган алоқа антенналарининг инсон ёки табиатга зарари илмий жиҳатдан исбот қилинмаган. 2011 йилда Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган баёнотда ҳам электромагнит майдони, жумладан, база станциялари ва мобил телефонларидан таралаётган тўлқинларнинг инсон саломатлигига таъсири ўз исботини топмагани қайд этилган.
Санитария-эпидемиология назорати марказининг Санитария, гигиена ва касб касалликлари ИТИ лаборатория бошлиғи М.П. Магайнинг маълум қилишича, мобил алоқа антенналари фаолияти «Аҳоли пунктларида радиотехника объектларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари», «Радиочастоталарнинг электромагнит майдони манбаалари билан ишлашда санитария нормалари ва қоидалари» каби меъёрий ҳужжатлар асосида назорат қилинади. Мутахассиснинг фикрича, бугунгача радиотехника воситаларидан тарқалаётган нурларнинг санитария зарарлари аниқланмаган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Умид Аъламовнинг маълум қилишича, ҳар бир ўрнатиладиган алоқа станциясининг ўрнатиш ҳудуди, унинг ишлаш салоҳияти тўлиқ назорат остига олинади. Жумладан, юқорида қайд этилган меъёрий ҳужжатлар асосида, бу антенналарнинг ишлаш қуввати мамлакатимизда 2,5 мкВт/см2.дан ошмайди. Бу жаҳондаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мисол учун, Исроил давлатида бу кўрсаткич 400 мкВт/см2.гача етади. АҚШ, Скандинавия мамлакатларида 100 мкВт/см², Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Беларусь, Қирғизистонда 10 мкВт/см². Яъни, бизда антенналарнинг зарарли тўлқин чиқариши ҳақидаги исботини топмаган илмий қарашлар ҳам ҳисобга олиниб, ҳар эҳтимолга қарши улардан энг паст қувватда фойдаланиш давлат томонидан белгилаб берилган.
«Unitel» МЧЖ бош директори Дмитрий Шуковнинг фикрича, одамлар мобил алоқа операторларининг антенналаридан қўрқмасликлари зарур. Аксинча, аҳоли бу турдаги антенналарнинг маҳалла ва биноларда, уларга яқин ҳудудда жойлаштирилишидан хурсанд бўлишлари лозим. Боиси, уларга яқинроқ бўлиш алоқа сифатини таъминлайди ва телефондан зарарланиш хавфини камайтиради. Мобил алоқа воситаси алоқа антеннаси билан алоқа ўрнатишда зўриқадиган, антенна топишга қийналадиган бўлса, ўзидан зарарли нур тарқата бошлайди.
Дмитрий Шуков, шунингдек, агар қидирадиган бўлсак, атрофимиздан юзлаб зарарли воситалар ва омилларни топиш мумкинлигини қайд этди. Жумладан, мутахассисининг фикрича, оддий микротўлқинли печнинг инсон саломатлиги учун зарари ахборот технологиялари воситалариникидан бир неча маротаба юқори.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоният ҳеч бир ихтирони осонликча қабул қилмаган. Ҳар бир технологияга кўникиш ва уни ўрганиш учун вақт талаб этилади.