Light | 14:07 / 16.02.2017
53940
3 дақиқада ўқилади

Google'га иш сўраб мурожаат қилган 7 ёшли қиз кутилмаган жавобни олди

Буюк Британиядаги Ҳерефорд шаҳрида яшовчи 7 ёшли мактаб ўқувчиси Хлоя Брижуотер Google'да карьера қуришга қарор қилди ва отаси билан бирга компания "босс"ларига уни ишга олиш сўралган мактубни йўллади. Бир неча кундан кейин қизчага Google бош директоридан жавоб хати келди. Унда компания раҳбари қизчага миннатдорчилик билдириб, мактабни тугатганидан сўнг резюме йўллашни таклиф қилди. Business Insider шу ҳақида хабар берди. 

Хлоянинг отаси Энди Брижуотернинг сўзларига кўра, ҳаммаси ота-боланинг ишлаш учун энг "мукаммал жой" ҳақидаги суҳбатидан бошланган. Ота қизига Google ҳақида сўзлаб берган ва идоранинг бир неча суратини кўрсатган. Қизчани Кремний водийсидаги компания кампусининг интерьери (қоп-креслолар, картинг учун трасса ва арғимчоқлар) ўзига жалб қилган.

Шундан кейин қизча ҳам отасига компанияда ишлаш истагини билдирган. У отаси ёрдамида Google "босслари"га ишга қабул қилиш сўралган ариза ёзган ва унда "қоп-креслоларда ўтириш, арғимчоқ ва карталарда учиш" истагини баён қилган. 

Қизча мактубида аввал бошданоқ ҳозир эмас, бироз улғайгач ишга жойлашишни исташини таъкидлаган. Хлоя мактабда ўқитувчилари уни мақташи, ўзи эса компьютер ва роботларни яхши кўришини  қайд этган. 

Қизча Google'га муқобил иш жойи сифатида шоколад фабрикаси ва Олимпия ўйинларида сузувчи бўлиш истагини билдирган. 

12 февралда Брижуотер ўзининг LinkedIn'даги саҳифасида унга Google бош директори Сундара Пичаидан жавоб мактуби келганини маълум қилди. Раҳбар қизчага мактуб учун миннатдорчилик билдириб, унинг келажакда албатта ўз мақсадларига эришишига ишонч билдирган. Google'да мактубнинг ҳақиқийлиги тасдиқланди. 

Отанинг сўзларига кўра, қизча Пичаининг жавобидан жуда хурсанд бўлган. Мактуб Google'да ишлашни истовчи қизчани янада яхши ўқишга руҳлантирган.

Брижуотер Google бош директоридек банд кишининг 7 ёшли қизчага жавоб мактуби ёзгани ва "унинг орзусини яқинлаштиргани"дан ажабланган. 

Мавзуга оид