Спорт | 16:28 / 25.02.2017
16540
6 дақиқада ўқилади

Симеоне яраланган «Барселона»га қарши, французча «класико» ва ҳафтанинг бошқа энг муҳим учрашувлари ҳақида

Тақвим тузилган пайтда февралнинг сўнгги ҳафтаси сўзсиз энг муҳим учрашувлардан иборат бўлиши кутилганди. Бироқ «Манчестер Юнайтед»нинг Англия лига кубоги финалига йўлланма олиши АПЛнинг сўнгги йиллардаги энг ёрқин ўйинларидан бирига айланган Манчестер дербисини бошқа муддатга кўчирилишига сабаб бўлди. Шунга қарамай, ҳафта давомида қизиқарли ўтиши кутилаётган учрашувлар етарлича бўлиши кутилмоқда. Tribuna.Uz қишнинг сўнгги уик-эндидаги энг марказий учрашувлар анонси билан таништириб ўтади.

«Интер» – «Рома» (27 февралгача ўтар кечаси, 00:45, Sport, Матч ТВ)

Италия А сериясининг марказий учрашуви Миланда бўлиб ўтади. Чемпионатнинг энг сермаҳсул икки жамоаси Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда энг муҳим учрашувларини ўтказишади. «Интер» ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши учун бу учрашувда ғалаба қозониши шарт. «Рома» эса «Ювентус»га етиб олиш имкониятини бутунлай йўқотмаслиги учун ҳам бу учрашувни муваффақиятли якунлаши шарт.

Миланликлар ҳозир юқори спорт формасига кириб улгуришган «Сан-Сиро»даги сўнгги 12 уй учрашувининг 11тасида жамоа ғалаба қозонди. Аммо «бўрилар» ҳам меҳмонда ёмон ўйин кўрсатишмаяпти. Жамоа меҳмонда ўтказган сўнгги бешта учрашувнинг 4тасида гол ўтказмасдан ғалаба қозонган. Миланда «Рома» сўнгги марта 2013 йилнинг октябрь ойида ғалаба билан қайтган. Иккала жамоа ўртасидаги Миландаги учрашувда 2011 йилнинг сентябридан буён дуранг натижа қайд этилмаган. Икки жамоага ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлган ҳолатда натижа қандай бўлишини якшанба оқшомида билиб оламиз.

«Атлетико» – «Барселона» (26 февраль, 20:15, UzReport)

Испанияда сўнгги йилларнинг энг марказий учрашуви. Вақти келганда афсонавий «Эл-класико» билан рақобатлаша оладиган мазкур қарама-қаршилик бу йил ҳам қизиқарли ўтишига шубҳа қилмасак бўлади. Сўнгги кунларда муаммолар гирдобида қолган, «Барселона», юқори спорт формасига чиқиб олган Диего Симеоне жамоаси синовидан ўтади. Энрике учун ўта юқори босимдан чиқиб кетиш учун бу учрашувда ғалаба ҳар доимгиданда кўпроқ зарур.

«Барселона»га қарши учрашувларда Испания доирасидаги мусобақаларда, бутунлай бошқа «Атлетико»ни кўрсак, еврокубокларда бутунлай бошқа «Атлетико»ни кўрамиз. Мадридликлар Испания доирасидаги (ла-лига, кубок, суперкубок) «Барселона»га қарши учрашувларда ўз уйида 2010 йилдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Ўшандан буён ўтказилган 9 учрашувда жамоа 7 марта мағлубиятга учраб, 2 бор дуранг натижа қайд эта олган холос. ЕЧЛ эса барчаси бошқача. Мусобақа доирасидаги сўнгги иккита ўйиннинг иккаласида ҳам жамоа каталонияликлардан устидан ғалаба қозонган.
Якшанба кунги учрашувда Симеоне шогирдларида 7 йиллик муваффақиятсиз серияга якун ясаш имконияти мавжуд бўлади.

«Вильярреал» – «Реал» (27 февралга ўтар кечаси, 00:45, UzReport)

Ўтган ҳафтанинг ўртасидаги иккала жамоа ҳам дам олишга улгургани йўқ. «Вильярреал» Европа Лигаси доирасида Римда «Рома» меҳмони бўлди. Ўз уйидаги йирик ҳисобдаги мағлубиятдан кейин жамоа меҳмонда ғалаба қозонган бўлсада, мусобақа билан хайрлашди. Энди жамоа бор эътиборини миллий чемпионатга қаратиши ва ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун ҳаракат қилиши лозим. Жамоани бу йўлда жуда жиддий синов кутиб турибди. Бироқ «Реал»да ҳам барчаси жойида деб бўлмайди. Ҳафта ўртасида жамоа қолдирилган учрашувларнинг бирида «Месталья»да «Валенсия»га имкониятни бой бериб қўйди. Жамоанинг асосий футболчиларидан бири Рафаэл Варан узоқ муддатга сафдан чиқди.

«Сариқ сувости кемаси» ўз уйида «Реал»га қарши доимий равишда муваффақиятли ўйнай олмайди. Кетма-кет беш учрашувдан иборат ғалабасиз сериядан кейин жамоа ниҳоят ўтган мавсумда 2015 йилнинг декабрида мадридликларни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Бу ғалабага қадар жамоа сўнгги марта ўз уйида «Реал» устидан 2009 йилнинг майида ғалаба қозонганди. 

Марсель – ПСЖ (27 февралга ўтар кечаси, 01:00, Матч! Футбол 1)

27-турнинг энг марказий учрашуви Марселда бўлиб ўтади. Сўнгги пайтларда «ПСЖ»нинг яққол устунлиги остида ўтаётган қарама-қаршиликда бу сафар мезбонларнинг имконияти ҳам юқори баҳоланмоқда. Жамоа инфратузилмасида катта ўзгаришлар содир бўлди. Клубда етарлича маблағ бор. Қишки трансферлар пайтида марселликлар сезиларли равишда кучаям олишди. Патрис Эвра ва Димитрий Пайетнинг сотиб олиниши кўп нарсани англатиб турибди. «ПСЖ» эса энг юқори спорт формасига чиқиб улгурди. Ўтган турда «Тулуза» билан учрашувда дуранг қайд этилган бўлсада, Европа чемпионлар лигасида «Барселона» устидан қозонилган тарихий ғалаба жамоанин қай ҳолатда эканини кўрсатиб бера олади.

Икки жамоа ўртасидаги сўнгги учрашув Парижда бўлиб ўтганди ва унда ҳисоб очилмаган. Аммо ўша учрашувга қадар бўлиб ўтган 10та учрашувнинг барчасида парижликларнинг қўли баланд келган. «Велодром»да бўлиб ўтган сўнгги туртта учрашувнинг барчаси «ПСЖ» ғалаба қозонган. Руди Гарсия янгиланган Марсель билан бу ёқимсиз анъанага барҳам беришга уриниб кўради.

Мавзуга оид