Коллежларда давомат муаммоси: Диплом бор-у иш йўқ (2-қисм)
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мухбирлари таълим масканларида, жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва давомат ҳолатини ўрганди. Тайёрланган материал «Кун.uz» сайтида икки қисмда берилмоқда.
Коллежларда давомат муаммоси: Ким айбдор? (1-қисм)
Диплом бор-у иш йўқ
Касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда айнан эгаллаган мутахассислиги бўйича иш топиш имконияти ҳам ўрганилди. Қайд этиш керакки, бу масаланинг ҳам оғриқли экани яққол кўриниб турибди. Битирувчиларни ишга жойлаштириш борасида кўплаб ишлар қилинаётган бўлса-да, айрим жойларда бу ишга хўжакўрсин қабилида ёндашилаётгани кўзга ташланмоқда. Жумладан, Оқдарё политехника коллежида битирувчиларнинг иш билан таъминланиш даражаси 20 фоизни ташкил этади. Ҳудудда мазкур йўналишда меҳнат қилиш имкониятини берувчи корхонанинг ўзи йўқ.
«Дилором» МФЙга бордим, бирон ташкилот билан шартнома тузиш имкони бўлмади. Акам ҳам шу коллежни битирган, аммо кўп йиллардан буён ишсиз», — дейди мазкур коллежнинг «Бухгалтерия» йўналиши 3-босқич ўқувчиси Гулбаҳор Муродова.
Коллеж директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Қаҳрамон Сулаймоновнинг маълумот беришича, тумандаги «Ягона дарча», Агробанк, Халқ банки, Миллий банк, газ ва электр тармоқлари сингари кўплаб идоралар раҳбарлари тўрт томонлама шартномалар тузишда турли баҳоналарни рўкач қилиб келишмоқда. Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ветеринария, тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ҳамда фермер хўжаликлари каби йўналишларда ўқитилса-да, аммо ҳудудда ушбу йўналишларнинг аксарияти учун иш ўринлари мавжуд эмас. Тузилган тўрт томонлама шартномалар ҳам қоғозда қолиб кетмоқда.
Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалини ҳар йили 50-60 нафар ўқувчи тамомлайди, битирувчиларнинг ихтисослик бўйича ишга жойлашиш имкони эса йўқ.
Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида собиқ ўқувчиларнинг иш билан таъминланмагани ўқувчиларда иккиланишни юзага келтираётгани табиий.
Ўз-ўзидан савол туғилади: ҳудудларда коллежларнинг ихтисослашуви йўналишлар бўйича режалаштирилаётганда ўша ерда мазкур касбларга бўлган эҳтиёж қай даражада ўрганилади? Талаб бўлмаган касб-ҳунарни ўрганган битирувчи додини кимга айтиши керак?
Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида бевосита бандлик масаласига тааллуқли бир мисол: Ўтган ўқув йили якунида 30 нафар битирувчи ўз бизнес ғоясини ўртага ташлаб, тижорат банкларига имтиёзли кредит олиш учун мурожаат қилган. Сансалорлик, бепарволик, ортиқча қоғозбозлик натижасида фақат бир нафар битирувчи 6,5 млн сўм кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўя олган, холос. Икки нафар битирувчи яқинларининг кўмагида якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлаган. Қолганлар-чи?
Хулоса шуки, бу борада бандлик ҳамда жойларда иш ўринларига бўлган талаб масаласида жиддий мониторинг олиб борилмаяпти.
Ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, истиқболли соҳаларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Кўплаб саноат корхоналари, агрофирмалар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса кўплаб янги иш ўринлари яратилишига замин ҳозирлаяпти. Касб-ҳунар коллежларига йўналишлар янгиликлардан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Айрим коллежларда белгиланган квота ўрнидан кўпроқ, бошқаларида эса, аксинча камроқ ўқувчи таълим олаётган ҳолатлар ҳам кузатилди. Масалан, Чуст қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида жорий йилда белгиланган 420 квота ўрнига 476 нафар ўқувчи 1-босқичда ўқишни бошлаган. Андижон туман саноат-энергетика касб-ҳунар коллежи 720 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда 1068 нафар ўқувчи қатнамоқда.
Қўшработ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида мўлжалдаги 615 нафар ўрнига 480 нафар ёки 450 нафар ўқувчига мўлжаллаб қурилган Галаосиё иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида 407 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бу ҳолат ҳам жиддий ўйлаб кўриладиган масала. Чунки, зўрма-зўракилик, масалан, 30 ўрнига 50 ўқувчини мажбурлаб ўқитиш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади, битирувчиларни иш билан таъминлашда ҳам ортиқча муаммоларга сабаб бўлади.
«Сарой» печлари ёхуд совуққотганида калла ишлайдими?
Коллежлардаги шароитлар, хусусан, қиш-қировли кунларда улардаги иситишнинг аҳволи ҳам назоратдан четда қолмади. Чунки бу ҳолатлар ҳам бевосита давоматга салбий таъсир кўрсатмоқда. Яъни, қиш кунлари ота-оналар фарзандининг касал бўлиб қолишидан чўчиб, коллежга юбормасликни маъқул кўришмоқда.
Мисоллар. Шовот енгил саноат касб-ҳунар коллежида хоналар совуқ, чунки электр деярли бўлмагани сабабли бинони иситишнинг иложи йўқ. Ўқитувчи ва ўқувчилар қалин кийимларда юришга мажбур. Бу эса шамоллаш, грипп каби касалликларнинг тарқалишига сабаб бўлиб, давоматга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Дарвоқе, мавжуд компютерлар, тикув дастгоҳлари электр йўқлиги учун ўқсиз қуролдай бекор турибди.
Китоб коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг Сарой филиалида ҳам иситишнинг ҳолига, таъбир жоиз бўлса, "маймунлар аза очган". Икки-учта хона қўлбола печ ёрдамида кўмир билан иситилади, холос.
Янгийўл қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида иситиш тизими умуман ишламайди. Бу каби муаммолар Дўстлик саноат ва хизмат кўрсатиш, Кармана саноат ва хизмат кўрсатиш, Қўшкўпир қурилиш ва транспорт, Жарқўрғон қишлоқ хўжалик, Хўжайли енгил саноат, Қўшработ иқтисодиёт ва сервис, Галаосиё иқтисодиёт касб-ҳунар коллежларида ҳам "мана мен деб бўй чўзиб турибди".
Айрим коллежлар ёнидаги ётоқхоналар билан танишилганда ҳам қатор камчиликлар кўзга ташланди. Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежидаги 50 ўринли ётоқхонада 16 нафар ўқувчи туради. Аммо бир қаватли мазкур бинога сув ташқаридан ташиб келтирилади, ювиниш хоналари бор-у, сувнинг ўзи йўқ. Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 200 ўринга мўлжалланган ётоқхонасига 110 нафар бола жойлашган. Ётоқхонада канализация тизими, иссиқ ва совуқ сув умуман йўқ.
Китобларни ким ўқийди?
Яна бир гап. Коллежлар касб-ҳунар ўргатадиган даргоҳгина эмас, балки маънавият маскани ҳам демакдир. Бу ерда ўқувчилар таълим олиш баробарида ўз маънавий оламини, дунёқарашини ҳам бойитиб боради. Бу ўринда Ахборот-ресурс марказлари алоҳида аҳамиятга эга. Агар АРМларда китоблар етарли бўлса, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилса, ўқитувчи ва ўқувчилар савиясига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Хўш, бу борада вазият қандай?
Ўрганилган коллежларнинг аксариятида АРМ фаолияти нисбатан қониқарли. Вилоят бўйича мухбирнинг қайд этишича, Навоий педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи кутубхонаси компютерлар билан жиҳозланган, интернетга уланган, китоб фонди яхши.
Аммо айрим коллежлардаги АРМлар фаолияти ўқувчилар норозилигига сабаб бўлмоқда. Жумладан, Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сарвиноз Раҳмонбердиева шундай дейди: «Кутубхона фаолияти бизни қониқтирмаяпти. Бизга фақат дарсликлар берилади, бадиий китобларни эса, негадир, қизғонишади. Устига устак, кутубхона аксарият ҳолларда берк бўлади» .
Китоблар ўқувчиларнинг фойдаланиши учун эмасми? Аслида, коллежлардаги АРМлар имкониятидан нафақат коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари, балки ўша ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли ҳам фойдаланиши мумкин-ку! Шу боис АРМларнинг ёпиқ туриши ачинарли ҳол. Чуст қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги АРМнинг мавжуд дарсликлар билан таъминланиш даражаси қониқарли, аммо бадиий адабиётлар, хусусан, янги алифбодаги китоблар кам. Умумий бадиий адабиёт 986 нусхада. АРМдан коллеж ўқувчиларидан ташқари ҳудуднинг 2000 га яқин аҳолиси ҳам фойдаланиши мўлжалланган. Демак, бадиий адабиётга эҳтиёж қондирилиши учун изланиш талаб этилади.
Қўрққан — олдин мушт кўтарар
Шу ўринда қизиқ бир вазиятга тўхталсак. 14 февраль куни ҳудудлардаги коллежлар билан танишув жараёнида мухбирларни коллежларга киритмаслик, уларга қўпол муомалада бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Жумладан, Навоий вилояти бўйича мухбир Дилафрўз Ўрозовага вилоятдаги «Истиқлол» саноат касб-ҳунар коллежи фаолияти билан танишишга имкон берилмай, ишлаб чиқариш таълими устаси Комил Умаров: «Сизга рухсат йўқ, тезроқ чиқиб кетинг», тарзида унга қўпол муносабатда бўлган.
Жиззах вилояти бўйича мухбир Абдуманноп Азимовнинг Жиззах тумани «Иттифоқ» ижтимоий-иқтисодиёт ва банк коллежи фаолияти билан танишишига коллеж директори ўринбосари Жўмард Акбўтаев қатъий равишда қаршилик қилган.
«Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 7-моддасида: «Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонун ҳужжатлари билан, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб беришга мажбурдир», дея мустаҳкамлаб қўйилганидан коллеж мутасаддилари бехабарми?
Ушбу коллежларда муаммо ва камчиликлар етарли ва бу ҳолат маъмурият томонидан зўр бериб хаспўшлашга уринилмоқда. Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди.
Фарзанд, ўқувчи, фуқаро…
Фарзанд ота-онанинг бебаҳо бойлиги, унинг келажаги, тарбияси, ҳаётда ўрнини топишида ота-она камарбаста, дуогўй ва энг биринчи масъул ҳам.
Ўша фарзанд таълим масканининг ўқувчиси, унинг таълим олиши, жамият учун керакли инсон бўлиб вояга етишида маърифат ўчоғининг жавобгарлиги, роли, аҳамияти беқиёс.
Ўша фарзанд ва ўқувчи фуқаро ҳамдир. Унинг жамиятдаги иштироки қай йўсинда шаклланяпти, эртанги куни қандай бўлиши мумкин, деган саволга жамият ва давлат, ёинки давлат ва жамоат ташкилотлари масъул. Демак, ҳар бир боланинг истиқболида ҳамманинг ўз ўрни, масъулияти бор.
Давоматнинг тагзаминида, энг аввало, бепарволик ётибди. Акс ҳолда, исм-фамилияси коллеж рўйхатида бор толиби илмларнинг қай бир юртларда юрганини қандай тушуниш мумкин? Улар ўзи аслида нима билан бандлар? Бунга аниқ-тиниқ жавоб ҳам йўқ.
Шу ўринда қуйидаги фактларга эътибор қаратилса: 2017 йил 14-15 февраль кунлари мухбирлар томонидан ўрганилган коллежларда 10600 нафардан ортиқ ўқувчидан 2300 нафардан зиёди дарсларга қатнашмаган. Улар орасида Россия Федерацияси ва Қозоғистонда юрганлар ҳам бор.
Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи маъмурияти маълумотларига кўра, мунтазам келмайдиган 25 нафар ўқувчининг бири Россияда, 7 нафари Тошкент шаҳрида. Когон қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш, Андижон туман саноат-энергетика, Галаосиё иқтисодиёт, Хонқа педагогика ва спорт, Чироқчи туман қурилиш касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида ҳам Россия ва Қозоғистонда юрганлар мавжуд…
Оила аъзолари моддий етишмовчиликни баҳона қилиб, фарзандимни ишлашга юборганман, деб турса, коллеж масъулиятни ота-онага юкласа, маҳалла кўра била туриб, кўрмасликка олса…
Хулоса ўрнида…
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, касаба уюшма ташкилотлари, хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати олис ҳудудлардаги хонадонларда бўлиб, мулоқотлар олиб бориш асносида ижтимоий объектлар, чунончи, касб-ҳунар коллежлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. Аниқланган камчиликларни ҳал этиш борасида тизимли чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Ҳақиқат шуки, таълим олаётган ўқувчилар барчанинг фарзандлари, улар тақдирига, келажагига бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мавзуга оид
08:23 / 06.04.2024
Ўзбекистонда мактаблардаги давоматнинг энг паст кўрсаткичлари кузатилган ҳудудлар маълум қилинди
18:55 / 11.03.2024
Мактабларда давомат 97,7 фоизга етди — Миллий гвардия
18:37 / 20.02.2024
2023 йилда фарзандининг таълимига масъулиятсизлик қилган 12 мингдан зиёд ота-она жаримага тортилган
17:06 / 15.02.2024