Жамият | 16:03 / 02.03.2017
66263
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 5 нафар мактаб ўқувчиси “ўлим гуруҳи”дан сақлаб қолинди

Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари якуний мақсади ўз жонига суиқасд қилиш бўлган “кўк кит” ўйинида 15-даражага ўтган беш нафар мактаб ўқувчисини “ўлим гуруҳи”дан сақлаб қолди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ вакили “Тошкент” телеканалининг “Пойтахт” ахборот дастурига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

"Правда Востока" нашрининг хабар беришича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, педагоглар, руҳшунослар барча таълим муассасалари, маҳаллаларда профилактик тадбирлар ўтказиб, болаларнинг интернетга эркин кириши масаласига асосий эътиборни қаратишмоқда. Виртуал кенгликни назорат қилиш жуда қийин бўлиб, ота-оналар аксарият ҳолларда фарзандлари қайси сайтга киришини билишмайди ҳам. Масалан, сўнгги ойлар давомида “Кўк кит” ўйинига қизиқиш кучайди. Унинг турли номланишлари ҳам бор – “Мени 4.20да уйғот”, “Фея” ҳамда бошқалар. Бироқ улардаги моҳият бир хилда. Бола ёки ўсмир унда иштирок этишга рози бўлиши билан унга турли топшириқлар берила бошланади. Аввалига улар оддий ва хавфсиздек туюлади. Кит ёки каркидоннинг суратини чизиш, тонг отаётган пайтда туриш ва бунга ўхшаш топшириқлар берилиб, улар даража сайин қийинлашиб боради. Болалардан газни ёқиш ва ухлашга ётиш ёки тез ҳаракатланаётган транспорт олдидан югуриб ўтиш сўралади. 

Жойларда ўсмирларни бундай хатарли “ўйин”лардан сақлаб қолиш учун бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, руҳшуносларнинг нафақат болалар, балки ота-оналар билан ишлаши ҳам фаоллашди. Кўп ҳолатларда ўсмирнинг нотўғри йўлга қадам босишига яқинлари уни тушунмасликлари туртки бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид