Ўзбекистон | 17:03 / 07.03.2017
7511
2 дақиқада ўқилади

Элчи: Япония Ўзбекистондаги таълим ва тиббиёт соҳасига 551 минг доллар ажратмоқда

Фото: Kun.uz

2017 йилнинг 7 март куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Япониянинг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастуридаги шартномаларни имзолаш маросими ўтказилди. 

Унда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури доирасидаги грант шартномаларни имзолади. 

Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито Кун.uz мухбирига берган интервьюсида мазкур грантлар юзасидан ўз мулоҳазаларини ўртоқлашди.

"Ўзбекистон юқори суръатда ривожланаётган мамлакатлар қаторига киради. Биз Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги узоқ йиллар давомида шаклланган дўстона муносабатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Япония томонидан ажратилаётган грантлар нафақат Тошкент шаҳрини, балки бошқа вилоятлар, жумладан, Самарқанд, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро, Намангандаги муассасаларни ҳам қамраб олганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўйлаймизки, дастур доирасида тақдим этилаётган ижтимоий кўмак имконияти чекланган болалар ва бемор инсонларнинг ҳаётини янада яхшилаш учун яқиндан хизмат қилади".

"Япониянинг “Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам” дастури 20 йилдан бери амалга ошириб келинади. Ушбу дастур дорасида таълим ва тиббиёт муассасалари, маҳаллий ҳокимият органлари ва ННТ томонидан жами 363 лойиҳа амалга оширилган. Бу лойиҳаларга қарийб 27 миллион АҚШ доллари ажратилган. Бугун эса 551 минг доллардан ортиқ миқдордаги 8 лойиҳа бўйича шартнома имзоланди. Биз жамоамиз билан Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида бўлиб, уларнинг шарт-шароитларини ўрганиб чиқдик. Самарқанд, Жиззах, Қорақалпоғистон ҳамда Сурхондарё вилоятларидаги таълим муассасаларига ўзимизнинг грант дастуримизни ажратдик. Ўйлаймизки, мазкур грантлар умумтаълим соҳасининг янада ривож топишига ўз ҳиссасини қўшади", - дейди дастур координатори Сатору Нишизава.

Мавзуга оид