Иқтисодиёт | 18:23 / 07.03.2017
7727
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Марказий Осиё - Форс кўрфази» йўлаги иштирокчилари тарифларни муҳокама қилишди

Тошкент шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги битим (Ашхобод битими) доирасида тузилган ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўтган йилнинг 23 апрелида 2011 йилнинг 25 апрелида Ашхободда имзоланган битим кучга кирганди.

Транспорт харажатларини оптималлаштириш мақсадида юкларни ташиш тезлигини оширишга, шунингдек расмий ҳужжатлар, тартиб-қоидаларни осонлаштириш ва уйғунлаштиришга имкон яратадиган ушбу битимни юқорида номи келтирилган 4 давлатдан ташқари Форс кўрфазидаги Қатар ҳам имзолаганди. Аммо 2013 йилда Қатар ушбу лойиҳадан чиқишини маълум қилди. 2014 йилнинг августида Уммон пойтахти Маскат шаҳрида Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон ва Уммон ТИВ раҳбарлари транспорт йўлагини яратиш бўйича битимнинг амалга оширилиши бўйича меморандум тасдиқланди.

Маълумот учун, Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари ўрасидаги товарларни узлуксиз ташишга ва транзит учун ишончли транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган бу лойиҳа ташаббускори Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бўлганди. У 2010 йилнинг октябрида Ашхободга расмий ташрифи вақтида ушбу ташаббусини билдирганди.

Бугунги учрашувда томонлар келишув иштирокчилари бўлган мамлакатлар ҳудудларидаги асосий транспорт йўналишлари ҳақидаги маълумотларни кўриб чиқишган.

"Томонлар бир ой муддат ичида депозитарийга (Туркманистон) ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида тасдиқлаш учун қатор таклифларни тақдим этиши лозим", — дейилган хабарда.

Гап, хусусан, автотранспорт воситалари учун "яшил йўлак" ташкил этиш, юкларни сақлаш ва юклаш учун қулай шароит ва самарали схемаларини яратиш ҳамда денгиз портлари причалларидан фойдаланиш ҳақида боради.

Йиғилиш иштирокчилари келишув доирасидаги портлар ҳамда чегара ўтказиш пунктларидаги йиғимлар, божлар ва бошқа тўловлар ҳақидаги маълумотларни тинглашган. Томонлар шунингдек, "Марказий Осиё — Форс кўрфази" йўлагига кирувчи автомобиль ва темир йўл йўналишлари рўйхатини тасдиқлаш учун ишчи гуруҳи қўмитасига тақдим этишга келишишди.

Транзит йўлаги рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш, шунингдек, келгусида йўлак орқали ташиладиган транзит юклари ҳажмини ошириш мақсадида темир йўл орқали ташиш тарифларини бирхиллаштиришга келишиб олинган.

Учрашувда шунингдек, чегара пунктларидан ўтказиш вақтидаги расмий процедураларни соддалаштириш чора-тадбирларини қабул қилиш зарурлиги эътиборга олиб ўтилган.

Бундан ташқари, мажлис иштирокчилари транспорт соҳасидаги амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган инвестицион лойиҳаларни кўриб чиқишган. Бундай лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши битим доирасидаги мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайишини таъминлаши, транзит йўлаги орқали юк ташиш ҳажми ошишига имкон бериши қайд этиб ўтилди.

Транспорт йўлаги лойиҳа иштирокчилари бўлган мамлакатлар учун янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий ва саноат инфратузилмасини барпо этиш, йирик ташқи инвестицияларни жалб этиш борасида муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Мажлис якунида мажлиснинг якуний протоколини имзолаш маросими бўлиб ўтган.

Мавзуга оид