Жаҳон | 09:01 / 08.03.2017
16368
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Ким Чен Намнинг ўғли видеомурожаат билан чиқди

Жанубий Кореянинг Жанубга қочиб кетган шимолий кореялик фуқароларга ёрдам тақдим этувчи ташкилоти сайтида ўзини Ким Чен Намнинг ўғли дея атаган ёш йигит видеоси жойланди. У отасини ўлдиришганини маълум қилган, деб хабар берди NHK телекомпанияси.

"Чхоллим фуқаролик мудофааси" ташкилоти ўз сайтида унга Ким Чен Намнинг оиласи бошпана тақдим этиш ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилганини хабар қилди. КХДР етакчиси ўгай акасининг рафиқаси, ўғли ва қизининг айнан қаерда эканига ойдинлик киритилмаган. Фақат шуниси маълумки, ёрдам Нидерландия, АҚШ, Хитой ва номи ошкор этилмаган яна бир давлат томонидан тақдим этилди.

"Менинг исмим Ким Хан Соль, мен Шимолий Кореяданман. Мен Кимлар оиласи аъзосиман. Отам бир неча кун аввал ўлдирилди. Ҳозирда мен онам ҳамда синглим билан биргаман. Вазият яхшиланишига умид қилмоқдаман", - дейди ёш йигит 40 сониялик видеомурожаатда.

Шунингдек у ўз паспортини кўрсатди, бироқ бу тасвир қора квадрат ёрдамида ёпиб қўйилган. Бундан ташқари, йигит ўз миннатдорчилигини изҳор этиш мақсадида исмлар ёки ташкилот номларини айтаётган пайтда ҳам товуш ўчириб қўйилган. Мурожаат қачон ва қаерда қилингани номаълум.

Телекомпаниянинг хабар беришича, Жанубий Корея ҳукумати материал ҳақиқий экани ҳамда ёш йигитнинг шахсини аниқлаштирмоқда.

Агарда у ҳақиқатдан ҳам Ким Чен Намнинг ўғли бўлиб чиқса, бу видеомурожаат оила аъзолари томонидан КХДР етакчиси ўгай акасининг ўлдирилгани ҳақида расман тан олинган биринчи ҳолат бўлади.

Маълумот учун, 13 февраль куни Куала-Лумпур аэропортида икки аёлнинг ҳужумидан сўнг эркак ҳаётдан кўз юмди. Малайзия ҳукумати ҳалок бўлган шахс КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Нам эканини тасдиқлади. Ким Чен Намнинг юзидан экспертлар VX асаб-фалажловчи заҳарли модда изларини топишди.

Мавзуга оид