Never give up! Футбол тарихидаги мўъжизакор «камбэк»лар
Футбол шунақа ўйин. Унда ҳеч нарсани олдиндан айтиб бўлмайди. Агар бу ишни амалга оширмоқчи бўлсангиз, кечаги каби «Барселона» сизни уялтириб қўйиши мумкин. Бундай учрашувлар футбол тарихида жуда кўп кузатилган. Tribuna.Uz драматик сценарийлар асосида кечган учрашувларни эслаб ўтади.
9) «Ньюкасл» – «Арсенал» 4:4 (0:4)
Англия премьер-лигаси, 2014 йил 5 февраль
«Қарғалар» учрашувгача асосий ҳужумчиси Энди Кэрролни сотиб юборган, яна бир ҳужумчи Шола Амеоби эса жароҳати сабаб ўйинга туша олмаганди. Мезбонлар қандайдир 10 дақиқа ичида учта тўп ўтказиб юборади. 26-дақиқага келиб эса ҳисоб ньюкаслликлар учун қўрқинчли кўриниш олади — 4:0. Аммо ҳаммаси тугади дегани эмасди.
«Арсенал» учун барчаси Абу Диабининг қизил карточка олишидан бошланади. Ўзининг жирканч ҳаракатлари билан машҳур Жоуи Бартон Диабини ўз хийласига ўйнатади. Ўн киши бўлиб қолган «Арсенал» эса бутунлай ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборади. Ўша безори Жоуи Бартоннинг ўзи икки марта пенальтидан гол уради, шунингдек Леон Бест ва Шейх Тиоте томонидан киритилган голлар футбол тарихидаги энг эсда қоларли ўйинлардан бирининг тарихга киришига сабабчи бўлади.
8) «Фулҳэм» – «Ювентус» 4:1, умумий ҳисоб 5:4
Европа лигаси, 1/8 финал, жавоб учрашуви, 2010 йил, 18 март
Математик жиҳатдан ўта мураккаб вазият. Лондоннинг «Фулҳэм» жамоаси ўшанда еврокубокларда бор-йўғи иккинчи марта иштирок этаётганди. Туринда жамоа «Ювентус»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой беради — 1:3. Лондонда эса иккинчи дақиқадаёқ Давид Трезеге томонидан киритилган гол эвазига фарқ учта тўпгача ошади. Бир қарашда энди инглиз жамоаси учун умид қолмаганди.
Аммо барчаси туманли альбионликлар учун эртакдек якунланади. Аввалига Бобби Замора, кейинчалик Золтан Геранинг саъйи-ҳаракатлари эвазига «Фулҳэм» иккала учрашувдаги мувозанатни тиклайди. Ўйиннинг сўнгги қисмига келиб ўша пайтда «Фулҳэм» бош мураббийи бўлган Рой Ҳожсон ҳимоячи Келли ўрнига Клинт Демпсини майдонга туширади. Орадан 11 дақиқа ўтиб, америкалик футболчи камтаргина «Фулҳэм» тарихига зарҳал ҳарфлар ёзилган натижа қайд этилишига ўз голи билан ҳисса қўшади.
7) Германия – Швеция 4:4
ЖЧ-2014 саралаш босқичи (2012 йил)
Футбол тарихига скандинавларнинг қаҳрамонлиги сифатида кирган учрашув ўтган жаҳон чемпионати саралаш босқичида кузатилганди. Учрашувнинг 40-дақиқасига қадар бундестим 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишади. Клозенинг дубли, Мертезакер ва Ўзил томонидан киритилган голлар учрашув масаласига ойдинлик киритиб қўйгандек эди гуё. Аммо иккинчи бўлимда барчаси ўзгариб кетди.
Швеция ҳужум чизиғи етакчиси Златан Ибраҳимович жамоасининг камбэкини бошлаб берган, Люстиг ва Элмандер томонидан киритилган голлар 76-дақиқага келиб ҳисобни минимал даражагача қисқаришига сабаб бўлган. Учрашувнинг 90+3-дақиқасида эса Расмус Эльм томонидан киритилган гол Швеция учун жуда муҳим бир очкони тақдим этганди.
6) «Ливерпуль» – «Боруссия» Д 4:3 (умумий ҳисоб 5:4)
Европа Лигаси 1/4 финал, 2017 йил 14 апрель
Европа Лигасининг чорак финалида Юрген Клопп ўзининг собиқ жамоасига қарши рўбарў келди. Дортмундда кучлар тенг келди. «Ливерпуль» ўз уйида кейинги босқич масаласини ҳал қилиши учун ўз уйида тўп ўтказмаса кифоя қиларди. Аммо Клопп жамоаси ҳеч қачон бу йўлдан бормаган. Жамоа албатта ўзига муаммо орттирмаса бўлмайди. Учрашувнинг дастлабки 10 дақиқасида «Боруссия» иккита гол уришга муваффақ бўлди. Иккинчи бўлимга келиб ҳисоб меҳмонлар фойдасига 3:1 кўринишини олади. «Ливерпуль» кейинги босқичга чиқиши учун 3та гол уриши керак эди. Бундай камбэкларни яхши кўрадиган Клопп жамоаси бу ишни уддалади. 91-дақиқада Деян Ловрен томонидан киритилган голдан сўнг даҳшатли «Энфилд» яна бир даҳшатли ғалабани тантана қилаётганди.
5) «Депортиво» – «Милан» 4:0 (биринчи учрашув: 1:4, умумий ҳисоб, 5:4)
ЕЧЛ, 1/4 финал, 2004 йил, 7 апрель
Амалдаги Чемпионлар лигаси ғолиби Испанияда учта тўп фарқидаги устунлик билан етиб келади. Бу учрашувдан 2-3 ой олдин «Монако»да 3:8 ҳисобида мағлубиятга учраган «Депортиво»ни бу учрашувга бирор каромат кўрсатишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо... Ла-коруньяликлар мўъжиза кўрсатишни уддасидан чиқади. Жамоа «Риасор»га йиғилган 29 минг мухлис қаршисида биринчи бўлимнинг ўзида устунликни ўз томонига оғдириб олишнинг уддасидан чиқади.
Жамоанинг ўша даврларидаги афсоналари Вальтер Пандиани, Ҳуан Карлос Валерон ва Альберт Луке томонидан киритилган голларга қўшимча равишда Фран иккинчи бўлимда яна битта тўп киритиб, «Милан» учун шармандали натижани юзага келтиради. Маълум муддат бу оғриқ билан яшаган Милан, бир йил ўтиб бу натижа аслида ҳолва эканига гувоҳ бўлди. Бу ҳақда кейинроқ.
4) «Манчестер Сити» – «КПР» 3:2
Англия премьер-лигаси (2012 йил, 2 май)
«Манчестер Сити» уй стадионига ташриф буюрсангиз, албатта «93:20» деб номланган музей-бурчакни кўриб қайтишингиз керак. Жамоа учун фантастик учрашув тарихидан сўзловчи махсус жой учрашувнинг ёрқин лаҳзалари билан тўлдирилган. Бу воқеани «шаҳарликлар» мухлислари узоқ вақт унутмаслиги аниқ. Жамоа 44 йиллик танаффусдан кейин илк чемпионлик унвонини қўлга киритиш шунчаки «КПР»ни мағлубиятга учратиши кифоя қиларди.
Аммо Роберто Манчини шогирдлари учун барчаси улар кутганидек бошланмади. Жамоа 90-дақиқага келиб 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраётганди. Дуранг ҳам жамоани чемпионликдан маҳрум қилиб қўйиши тайин эди. Ҳакам эса асосий вақтга 4 дақиқа вақт қўшиб берди. Кўпчилик бунга ишонмаётган бўлса ҳам, «Сити» футболчилари бунга ишонишди. Аввалига Эдин Джеко ҳисобни тенглаштирди. Қолган уч дақиқада «Сити» битта гол киритиши етарли бўларди. Айнан 93 дақиқанинг 20 сонияси ўтиб бораётган пайтда Серхио Агуэро катта саҳнага чиқди. Балотелли томонидан етказиб берилган тўп билан жарима майдончасига кириб борган аргентиналик ҳужумчи дарвозабон томон зарба берди. Гооол. «Этиҳад» ларзага келди. «Олд Траффорд»да ғалаба қозониб, ҳамшаҳарлари натижасини кутиб турган сэр Алекс натижани эшитбоқ футболчиларни ечиниш хонаси томон бошлади. Манчестернинг бир қисмида сокинлик чўмган бўлса, бир қисмида ақлбовар қилмас даражада байрам бошланиб кетганди. Мухлислар ақлдан озаётганди.
3) Манчестер Юнайтед – Бавария 2:1
ЕЧЛ, финал, 1999 йил
Футбол тарихидаги энг машҳур камбэклардан бири. «Камп Ноу» гувоҳлик қилган ушбу супер тўқнашувга тез орада 20 йил тўлсада, у ҳамон мухлислар ва мутахассислар томонидан эслаб турилади.
Европа чемпионлар лигасининг финал учрашувининг катта қисми мюнхенликлар устунлиги остида ўтди. Марио Баслер жарима зарбасидан ҳисобни очди. Шундан сўнг, «Манчестер» ўйинида инқироз кузатила бошлади. Немислар кўрсатаётган футбол олдида Фергюсон шогирдлари анча кучсиз кўринишарди. Аммо сэр Алекс мана шундай вазиятда ҳам ўйинга бурилиш ясай олди.
Ҳужумни кучайтириш учун у аввалига учинчи ҳужумчи Тэдди Шерингемни, кейинроқ эса Энди Коул ўрнига кучга тўла Оле Гуннар Сульшерни майдонга туширди. Шунга қарамай, мюнхенликларнинг ҳужумлари хавфли кўриниш оларди. Карстен Янкернинг ўзи камида битта ҳақиқий голга тортадиган вазиятдан фойдаланиб, учрашувга нуқта қўйиши мумкин эди. Бироқ жамоа бу ишни уддалай олмади.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса барчаси ўзгариб кетди. Қўшиб берилган биринчи дақиқада Дэвид Бэкҳем томонидан етказиб берилган тўпни Тэдди Шерингем дарвозага аниқ йўллаб ҳисобни тенглаштирди. Ғалабага тайёр турган «Бавария» энди қўшимча дақиқаларни кутишга мажбурдек кўринганди. Аммо бу ҳали ўша кечанинг якуни эмасди. 93-дақиқада «Юнайтед» яна бурчак тўпи ишлади. Бекҳэм томонидан етказиб берилган тўп йўналишини Шерингем ўзгартирди. Унга биринчи бўлиб етиб келган «сеҳрли таёқча» Сульшер яқин масофадан дарвозани ишғол қилди — 1:2. Фантастика! Фергюсон ўзининг 15 йилга яқин фаолияти давомидаги энг муҳим совринни худди шунақа буюк учрашувдаги ғалаба эвазига қўлга киритганди.
2) Ливерпуль – Милан 3:3, (пенальтилар серияси бўйича — 3:2)
ЕЧЛ, Финал, 2005 йил, май
Унутилмас Истанбул триллери, бугунги кунгача кўпчилик томонидан Европа чемпионлар лигаси финаллари тарихидаги энг машҳур учрашув сифатида кўриб келинарди. Миланликлар учрашувнинг биринчи дақиқасидаёқ Мальдинининг голи эвазига ҳисобни очишади. Эрнан Креспонинг дубли эвазига биринчи бўлим сўнггига келиб таблода 3:0 ҳисоби порлаб турарди. Деярли ҳеч ким «Милан»нинг ЕЧЛ кубогини 7-марта қўлга киритишига шубҳа қилмаётганди.
Бир йил олдинги (биз юқорида эслаган) характерсиз «Милан»ни ҳеч ким эсламаганди. Лекин Стивен Жеррард ва Ко охирига қадар кураш олиб борди. У дастлабки жавоб тўпини киритганда қўлларини баландга кўтариб, жамоани руҳлантирарди. Ҳозиргача айнан унинг мана шу «жест»и футбол тарихидаги энг машҳурларидан ҳисобланади. Владимир Шмицер ва Шаби Алонсо томонидан киритилган голлар учталик фарқни бутунлай йўққа чиқарди. Ўйин пенальтилар сериясига қадар етиб борди. Психологик томондан устун бўлган Бенитес шогирдлари футбол лотореясида муваффақият қозониб, бешинчи бор нуфузли соврин соҳибига айланди. Ўйин қаҳрамони бўлиши кутилган Андрей Шевченко сўнгги пенальтини ноаниқ бажариб, антиқаҳрамонга айланди. Бутун ўйин давомида «You will never walk alone!» деб куйлаган трибуналар ўз севимлилари ижросидаги супер томошадан чинакамига баҳра олишди.
Учрашувдан кейин баъзи маълумотлар тарқалди. Унга кўра, «Милан футболчилари биринчи бўлимдан кейин «Биз чемпионмиз» ёзуви туширилган футболкаларни ичларидан кийиб олган ҳолда майдонга чиқишган. Шу босидан ҳам учрашув ниҳоясига етгач, уларнинг бирортаси ҳам ўз футболкаларини рақиб билан алмашишни исташмаганди.
1) «Барселона» – «ПСЖ» 6:1 (умумий ҳисоб 6:5)
ЕЧЛ, 1/8 финал, 2017 йил, 8 март
Агар сиз ушбу мақолани шу ергача ўқиб чиққан бўлсангиз, бу ўйинга ортиқча таърифни эшитиб ўтиришингиз шарт эмас. Чунки сиз бу ўйиннинг тирик гувоҳи бўлган энг бахтли инсонлардансиз. «Барселона» кўрсатган мўъжиза футболда ҳеч қачон бирор нарсани олдиндан айтиб бўлмаслигини яна бир бор кўрсатиб берди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мақсадга эришиш учун астойдил интилса бунга эришиш мумкинлигини исботлади. Футбол мисолида «Барселона» мақсад сари интилаётган ҳаммага намуна кўрсатиб бера олди. Устоз журналистларимиздан бири айтганидек «Кечаги ўйин фақат «Барселона» ёки футбол мухлислари учун эмасди».
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:52 / 27.10.2024