Иқтисодиёт | 16:01 / 10.03.2017
28342
2 дақиқада ўқилади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга қайтиши мумкин

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни тиклаш имкониятларини ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда банкдаги манбасига асосланган ҳолда Reuters агентлиги хабар берган.

Агентлик манбаларининг маълум қилишича, 8 март куни ЕТТБ директорлари кенгаши ушбу масалани кўриб чиққан.

«Бу Ўзбекистон учун яхши сигнал бўлиши мумкин», — деган манбалардан бири.

Март ойи охирида ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистонга ташриф буюриши ва бу ҳамкорлик тикланишидаги муҳим қадамга айланиши мумкин.

Февраль ойининг биринчи ярмида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроий директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифини амалга оширганди.

Банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда 5 кун давомида бош вазир, ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан учрашувлар ўтказди.

Маълумот учун, ЕТТБ Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги постсоциалистик ўлкаларини бозор иқтисодиётига ўтказишда ёрдам бериш мақсадида 1991 йилда таъсис этилганди.

ЕТТБ бугунги кунга қадар Марказий Осиёдаги давлатларга 12 миллиард доллардан кўпроқ сармоя киритган. 1992-2007 йиллар давомида банк Ўзбекистонга киритган сармоя миқдори 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган.

Ҳозирги кунда ЕТТБнинг Ўзбекистондаги фаолияти умумий ҳисоби 8 миллион долларлик бор-йўғи 5та лойиҳани қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид