Венесуэлада гуманитар инқироз эълон қилинди
Венесуэлада мухолифат кўпчиликни ташкил қилган Миллий ассамблея (парламент) бир овоздан мамлакатда гуманитар инқироз юзага келгани тўғрисида резолюция қабул қилди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари етказилишидаги муаммолар бўйича текширувлар ўтказиш учун комиссия тузиш лойиҳаси маъқулланган.
Парламент раҳбари Ҳулио Борхеснинг сўзларига кўра, ҳукумат венесуэлаликлар тушиб қолган фалокатли вазиятни яширишга уринмоқда.
"Мамлакатда гуманитар соҳада фавқулодда ҳолат юзага келганини ҳукумат эълон қилиши мантиқлироқ бўларди, аммо улар ҳақиқатни яширишга уринмоқда", дея Борхеснинг сўзларини келтирган Nacional портали.
Миллий ассамблея раҳбари парламент ҳукуматдан мамлакатдаги қашшоқлик ва очлик муаммоларини ҳал этиш мақсадида хориждан ёрдам келиши учун махсус гуманитар канал очишни талаб қилади.
Қайд этиш керакки, бу парламент гуманитар соҳада иккинчи марта фавқулодда ҳолат эълон қилишидир. 2016 йилнинг февралида ҳам, апрелда ҳам парламент аъзолари озиқ-овқат вазири Родольфо Марко Торреснинг истеъфоси учун овоз берганди ва озиқ-овқат танқислигида уни айблаганди.
Венесуэлада нефть нархи арзонлашуви ортидан юзага келган инфляция ва давлат даромадлари камайиши, шунингдек, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳукумат ўртасидаги узилиш туфайли озиқ-овқат товарлари дефицити кузатилмоқда.
Мавзуга оид
20:37 / 24.10.2024
Сахаров мукофоти Венесуэла демократик ҳаракати етакчиларига берилди
21:35 / 15.10.2024
Мадуро Илон Маскни Венесуэлада давлат тўнтаришига уринишда айблади
19:56 / 13.10.2024
Венесуэла ҳукумати журналистларнинг хорижга чиқиш паспортларини тортиб олаётгани маълум бўлди
23:16 / 19.09.2024