Ўзбекистон | 21:14 / 16.03.2017
16834
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, банк-молия сектори, инфратузилмани, айниқса, қишлоқ жойларда модернизация қилиш, шунингдек, агросаноат комплекси, кимё ва нефть-кимё, металлургия саноатида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалардаги истиқболли дастур ҳамда лойиҳалар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Мазкур банк билан ҳамкорлик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида ЕТТБнинг 500 миллион доллардан зиёд маблағини жалб этган ҳолда 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Учрашувда истиқболга мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашишга доир тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ЕТТБ президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ўзаро муносабатларни ривожлантириш масалаларини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади. 

Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти мамлакатимизга ташрифи дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларда ҳам қатор музокаралар ўтказди. Учрашувлар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва Табиатни муҳофаза қилиш соҳасига техник кўмаклашиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланди.

Мавзуга оид