Ўзбекистон | 09:27 / 17.03.2017
34965
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек телеканалларидаги маънавият масаласи Тошкент шаҳар милициясини ташвишга солмоқда

2017 йил 16 мартда Тошкент шаҳар ИИББда Тошкент шаҳар прокуратураси билан ҳам ҳамкорликда матбуот брифинги бўлиб ўтди. Унда 2017 йил 10-16 март кунлари соҳа ходимлари томонидан шаҳарда жиноятчиликка қарши кураш, уларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Брифингда прокуратура ва ИИББ бошлиғи ўринбосарлари вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик сони ортаётгани ташвишли ҳолатлиги, уларнинг тарбиясига жамиятдаги барча баробар экани, масъулиятни фақатгина профилактика нозирлари ёки таълим муассасаларига юклаш мақсадга мувофиқ эмаслиги алоҳида таъкидланди. 

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Баҳодир Қурбонов ҳам бу борада ўз фикрларини билдарар экан, ОАВ ходимларини вояга етмаганлар орасида жиноятчиликни камайтиришга ўз ҳиссаларини қўшишга чақирди. Генерал-майор ўз сўзида Ўзбекистондаги айрим телеканалларда намойиш этилаётган фильмлар умуман маънавият-маърифат тарғиботидан йироқлиги, аксинча, айримлари ёшларни жиноятга етаклаётганини танқид қилди. Баҳодир Қурбонов ўз фикрининг исботи сифатида яқинда телеканаллардан бирида намойиш қилинган фильм ҳақида сўз юритди. Унинг айтишича, фильмнинг қайсидир қисмида ҳали вояга етмаган, севишган йигит ва қиз ўзаро келишган ҳолда, ота-оналарига мактуб қолдириб, ўзларига қаршилик кўрсатаётганлари учун қочиб кетишга қарор қилишганини ёзишади ва уйларини тарк қилишади. 

Тошкент шаҳар бош милиционерининг сўзларига кўра, бу каби ишларни тарғиб қилаётган фильмларни телеканалларда кўрсатиш керак эмас. Чунки, бундай кинокартиналар ҳали дунё қараши тўла шаккланиб улгурмаган ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, бу каби фильмлар ўзбек урф-одатларига ҳам умуман зиддир.

Шу ўринда, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи брифингда иштирок этаётган ОАВ ходимларига мурожаат қилиб, шундай саёз фильмлар ва кўрсатувлар тайёрлаётган телеканалларнинг камчилик-нуқсонларини кўрсатишда амалий ёрдам беришни сўради. 

Мавзуга оид