Спорт | 18:39 / 20.03.2017
43501
8 дақиқада ўқилади

Зиданга сўкинган Роналду, Мессининг янги рекорди, АПЛ Робин Гуди ва уик-энднинг бошқа энг ёрқин лаҳзалари

Ҳафта охири воқеаларга бой бўлди. Англияда Клопп ва Гвардиола тўқнашуви кузатилди, Испанияда икки гранд яққол ажралиб қолди. Германияда эса кутилганидек мавсум охирига яқин «Бавария» машинаси тезлик олди. Шу ва уик-энднинг бошқа энг муҳим воқеалари билан Tribuna.Uz таништириб ўтади.

«Ливерпуль» ҳамон Робин Гуд ролида
Англия премьер-лигасининг 29-турида марказий учрашув сўзсиз «Этиҳад» стадионида бўлиб ўтди. Унда «Манчестер Сити» «Ливерпуль»ни қабул қилди, жамоалар ғолиб номини аниқлай олишмади. «Ливерпуль» кучли олтиликдаги жамоаларга қарши навбатдаги учрашувни ҳам мағлубиятсиз ўтказди. Жамоанинг энг қизиқ статистикаси ҳам шунда. Клопп шогирдлари кучли жамоаларга қарши ўйинларда қанчалик яхши ўйин кўрсатаётган бўлса, аутсайдерларга қарши ўйинларда шунча кўп муаммоларга дуч келмоқда

Англиядаги яна бир муҳим воқеилик «Манчестер Юнайтед»нинг ғалабасидан сўнг кузатлди. 148 кун мобайнида 6-ўрнида борган Моуриньо жамоаси ниҳоят бу турда «Мидлсбро»нинг уйидаги зафардан кейин юқорига кўтарилишга муваффақ бўлди. Албатта бунга «Арсенал» ҳам «Вест Бромвич»га қарши учрашувдаги нурсиз ўйини орқали сабабчи бўлди. Ушбу ўйин арафасида «Арсенал» мухлислари иккига бўлинди. Жамоа мураббийи Арсен Венгерга қарши ва унинг тарафдори бўлган гуруҳлар унга қарши ва уни қўллаб-қувватловчи баннерларни осмонга олиб чиқишди. Эндиликда Венгер жамоасини «Эвертон» ҳам изма-из таъқиб қилиб келмоқда.

Етакчиликка даъвогарларнинг ўзаро ўйинларидаги муросаларидан «Челси» ва «Тоттенҳэм» унумли фойдаланиб қолди. «Челси» чемпионлик учун жуда муҳим қадамларни ташлади. Эндиликда жамоа чемпион бўлиши учун қанча очко тўплаши кераклигини Антонио Конте аллақачон ҳисоблаб чиқишга улгурди. «Тоттенҳэм» қарийб асрий натижани такрорлашга муваффақ бўлди.

Ла-лигада «эски тоғора» 
Мавсум бошида «Севилья» кўрсатган ўйин орқали кўпчилик Испанияда ҳам чемпионлик учун тўртта жамоа кураш олиб боришини таъкидлаганди. Аммо еврофутбол йили ниҳоясига яқин барчаси «Олтин балиқча» эртаги каби ўз ҳолига қайта бошлади.

«Севилья» ЕЧЛ учун курашдаги энг аососий рақиби «Атлетико»га сафар уюштириб имкониятни бой бериб қўйди. Эндиликда бу икки жамоа ўртасидаги фарқ икки очкогача қисқарган. Севильяликларнинг бахтига 4-ўриндан пастда бораётган «Вильярреал» ва «Реал Сосьедад» каби жамоалар ҳам сўнгги турларни муваффақиятсиз ўтказмоқда. Акс ҳолда бир ойча муқаддам чемпионлик учун курашаётган Сампаоли жамоаси бугунга келиб ЕЧЛ йўлланмасини ҳам хавф остида қолдирган бўлиши мумкин эди.

Таъқибчиларнинг бўш ўйинидан эса икки грандлар унумли фойдаланишмоқда. «Реал» бу турда «Атлетик» меҳмони бўлиб, қийин ғалабани қўлга киритди. Роналду ушбу ўйин вақтида захирага олингани учун норози бўлди, Зидан эса у ҳам бошқа футболчилар қатори алмаштирилиши мумкин эканини билдирди. «Барселона» ўз уйида «Валенсия»ни мағлубиятга учратди. Учрашувда дубль қайд этган Месси яна бир рекорд ўрнатди. Қўшимчасига навбатдаги ўйинни ўтказиб юборишига сабаб бўладиган карточкани ҳам ишлаб олди. Шунингдек, «Барселона» ҳам 46 йилдан буён қайд этилмай келинаётган ноёб натижани такрорлади.

Қуввати тугаган «РБ» 
Австриянинг машҳур энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи «Ред Булл» концернига тегишли бўлган «Лейпциг» мавсумни қанчалик ишончли бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб, улар қолган учрашувларни шунчалик бўш ўтказмоқда.

Ҳазенхюттл шогирдлари бу турда «Вердер»га имкониятни бой бериб қўйди. Бундан эса «Боруссия» унумли фойдаланиб қолди. Эндиликда икки жамоа ўртасидаги фарқ уч очкони ташкил қилмоқда. Аммо бу ҳам «Лейпциг»га хотиржамлик бера олмайди. Бу турда ғалаба қозонган «Ҳоффенҳайм» совринли ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.

«Бавария» эса аста-секин машинасининг қувватини ошириб бормоқда. Мёнгхенгладбахда қийинчилик билан бўлсада, ғалаба қозонган Анчелотти шогирдлари иккинчи ўрин билан орадаги фарқни 13 очкога оширишга муваффақ бўлишди.

Ўша-ўша Италия
Бу ҳафта Италияда барчаси бир текисда давом этди. ЕЧЛ ўрнида турган уччала жамоа ҳам ўз ўйинини ғалаба билан якунлади. «Ювентус» Генуядан ўзи учун севимли ҳисобдаги ғалаба билан қайтди. «Наполи» сал бўлмаса ғалабани қўлдан чиқарай деганди, «Рома» эса дастлаб тўп ўтказиб юборганига қарамай ирода кўрсатди. «Ювентус» турнир жадвалида ҳамон «Рома»ни 8, «Наполи»ни 10 очкога ортда қолдирган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. 

Еврокубоклар учун кураш олиб бораётган «Милан» бу турда муҳим ғалабани қўлга киритди, «Интер» Туринда дуранг қайд этган бўлса, «Аталанта» ўз уйида аутсайдер «Палермо»ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.

«Қўрқинчли туш»дан уйғонган Париж ва таслим бўлган «Ницца»
Франция чемпионатида ҳам чемпионлик учун кураш олиб борадиган жамоалар сони иккитагача қисқарди. Кетма-кет иккинчи турда ҳам дуранг қайд этган «Ницца» бу курашдан буткул чиқиб кетди. Аммо «Монако» ва «ПСЖ» кўринишидан сўнгги турга қадар бу масалада ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган кўринади.

18 ёшли Килиан Мбаппенинг дубли Европанинг энг сермаҳсул жамоасига навбатдаги йирик ғалабани келтирган бўлса, Каталониядаги қўрқинчли тушдан сўнг «Париж» тўлиқ ўзига келиб олганини марказий учрашувда исботлади. «Лион» ҳисобни очган ўйинда Эмери шогирдлари барибир ғалабани илиб кетди.

Шунингдек...
Бу ҳафтада Россия чемпионатида ҳам бир қатор марказий учрашувлар бўлиб ўтди. Пешқадам «Спартак» очко йўқотди ва бундан «Зенит» ва ЦСКА унумли фойдаланди. Ирландияда эса нохуш хабар тарқалди. Чемпионатнинг мунтазам иштирокчиларидан бири «Дерри»нинг содиқ сардори ўз уйидан  жонсиз ҳолда топилди. Ҳозирча ўлим сабаблари ноъмалумлигича қолмоқда.

Мавзуга оид