Ўзбекистон | 12:05 / 23.03.2017
41337
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев Мирзиёевга: Биз сизга суянамиз

Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Оқўрдада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеёвни қабул қилди.

«Мен Қозоғистон заминида туриб сизни қутлайман. Биз сизни кутгандик. Бу сизнинг президент сифатидаги илк ташрифингиз. Сиз бизнинг стратегик ҳамкоримиз, қўшнимиз, биродаримизсиз. Қозоғистон халқи Ўзбекистонга фаровонлик ва равнақ тилайди.

Келажак, иқтисодий ўсиш, маданий-гуманитар масалаларда биз Ўзбекистоннинг ҳамкорлигига умид қиламиз, бу борада шахсан сизга суянамиз. Сизнинг ташрифингиз муваффақиятли бўлиши учун биз томондан барча иш қилинади», - дея Қозоғистон президентининг сўзларини келтирган Tengrinews.kz.

У олдиндаги музокаралар давомида 75та шартнома тузилиши ҳақида қўшимча қилган.

«Музокараларни кечанинг ўзида бошлаб юбордик. Чегараларни очиш бўйича ишлар бажарилди, транспорт ва савдо соҳасидаги ўзгаришлар давлатларимиз ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширмоқда. Янги турдаги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилди. 

Бугун катта бизнес-форум бўлиб ўтмоқда, икки томондан 500 бизнесмен қатнашмоқда. Менга айтишларича, қарийб 1 миллиард долларлик 75 та шартнома тузилади. Бу сўнгги йиллар ичида тарихимизда биринчи марта кузатилмоқда», — деган Назарбоев.

У Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларга Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов даврида пойдевор қўйилганини таъкидлаб ўтган.

«Асосий алоқалар мен ва Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов томонидан йўлга қўйилганди.  У менинг катта дўстим эди. Охирати обод бўлсин.

Биз Сиз билан ушбу анъаналарни қардошлар, яқин мамлакатлар, аҳил қўшнилар сифатида, бир-биримизга ёрдам бериб, юрак ва қучоқларимизни очиб давом эттирамиз», — деган Нурсултон Назарбоев.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида Қозоғистонга илк ташрифидир. Учрашувлар чоғида ҳамкорлик бўйича бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид