Жаҳон | 00:13 / 26.03.2017
39950
8 дақиқада ўқилади

Европа: Иттифоқ, Евро ва Шенген

Куни-кеча Римда юбилей 60-саммитини ўтказган Европа Иттифоқи хусусидаги хабарларга кўзингиз тушган. Келинг, жаҳондаги энг нуфузли ҳамжамиятлардан бири бўлган ушбу иттифоқ ҳақида айрим факт ва рақамлар билан танишамиз.

 

1951: ИЛК ҚАДАМЛАР

Замонавий Европа иттифоқини тузиш борасидаги илк қадамлар 1951 йилда ташланган: Бельгия, ГФР, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Италия пўлат ва кўмир ишлаб чиқариш бўйича Европа ресурсларини бирлаштиришни мақсад қилган "Европанинг кўмир ва пўлат бирлашмаси" (ECSC — European Coal and Steel Community) га асос солишади. Ушбу шартнома 1952 йилда кучга киради.

 

1957: РИМ ШАРТНОМАСИ

1957 йил 25 мартда имзоланган Рим шартномаси Европа иқтисодий ҳамжамиятига тамал тошини қўйган ҳужжат саналади. Италия, ГФР, Франция, Бельгия, Нидерландия ва Люксембург томонидан имзоланган шартномага кўра, инсонлар, товарлар, хизматлар ва капиталларнинг эркин ҳаракатланиши йўлидан барча тўсиқлар олиб ташланган.

Бундан ташқари, шу куни яна бир Рим шартномаси имзоланган, унга кўра атом энергияси бўйича Европа ҳамжамиятига ҳам асос солинган.

 

1992: МААСТРИХТ ШАРТНОМАСИ

1992 йилнинг 7 февралида имзоланган Маастрихт шартномаси (расман "Европа иттифоқи ҳақида шартнома") — Нидерландиянинг шу номли шаҳрида имзоланади ва Европа иттифоқининг бошланишини белгилаб беради. Шартнома Европа мамлакатларининг пул ва сиёсий тизимини тартибга солиш жараёнини тугатиб берган.

Европа иттифоқининг пул-кредит сиёсатига масъул қилиб Европа марказий банки (ЕМБ) ва ЕИга аъзо давлатлар миллий марказий банклари таркибидаги Европа марказий банклари тизими (ЕМБТ) белгиланган.

Маастрихт шартномасини имзолаган давлатлар Европа валюта иттифоқига аъзо бўлиш учун Маастрихт тамойиллари деб аталувчи қуйидаги беш тамойилга мос келиш заруриятини маъқуллашди:

1. Давлат бюджети камомади ЯИМнинг 3 фоизидан ошмаслиги;

2. Давлат қарзи ЯИМнинг 60 фоизидан кам бўлиши;

3. Давлат икки йил мобайнида валюта курслари механизмида иштирок этиши ва олдиндан белгиланган диапазонда миллий валюта курсини қўллаб-қувватлаши;

4. Инфляция даражаси Европа иттифоқининг энг барқарор нарх-наволарга эга уч аъзоси ўртача қийматидан 1,5 фоизга ошмаслиги;

5. Давлат облигациялари бўйича узоқ муддатли фоиз ставкалари инфляция даражаси энг паст бўлган мамлакатлардаги шу ставкаларнинг ўртача қийматидан 2 фоизга ошмаслиги.

Қайд этиш жоиз, бу вақтга келиб Европа иттифоқига аъзо давлат сони икки баробарга ошган — Рим шартномасини имзолаган давлатлар сафига Буюк Британия, Дания, Ирландия (1973), Греция (1981), Испания ва Португалия (1986) қўшилган эди.

 

1995: ШЕНГЕН БИТИМИ

Гарчи Европа иттифоқининг бир қатор давлатлари чегарасида паспорт-виза назоратини соддалаштириш ҳақидаги битим 1985 йилнинг 14 июлида 5 давлат — Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Франция ва Германия томонидан имзоланган бўлса-да, у 1995 йилнинг 26 мартидан кучга кирган 1999 йилнинг 1 майида ўз кучини йўқотган. Унинг ўрнига Европа иттифоқининг Шенген қонунчилиги жорий этилган.

Шу йили Европа иттифоқи тўртинчи мартаба кенгайтирилди ва яна уч давлат — Австрия, Финландия ва Швеция аъзо қилиб олинди.

 

1999: ЕВРО

Евро зонасига аъзо 19 давлатнинг, шунингдек, 7 таси Европада жойлашган яна 9 давлатнинг расмий валютаси ҳисобланади. Еврозонага аъзо давлатлардан фарқли ўлароқ, бу 9 давлат Европа марказий банкининг пул-кредит сиёсатига аралаша олмайди ва банкнинг раҳбар лавозимларига ўз вакилларини жўната олмайди.

Евро 1999 йилнинг 1 январидан нақд бўлмаган кўринишда муомалага чиқарилди. 2002 йилнинг 1 январидан нақд банкнотлар ва тангалар муомалага чиқарилди. Айни пайтда евро 240 миллион европаликнинг ягона валютаси ҳисобланади. Айни пайтда бутун жаҳон бўйлаб нақд муомалада айланаётган евро банкнотлари миқдори 1 триллион евродан ошган ва бу кўрсаткич бўйича валюта АҚШ долларидан ҳам олдинги ўринда бормоқда.

 

2004: БЕШИНЧИ КЕНГАЙИШ

Аъзолари 15 та давлатга етган ЕИ шу йили яна 10 та аъзони ўз таркибига қўшиб олди. Улар — Чехия, Венгрия, Польша, Словения, Словакия, Эстония, Латвия, Литва, Кипр ва Мальта давлатлари. Гарчи бу кенгайиш аҳоли сони ва мамлакат ҳудуди бўйича энг каттаси бўлса-да, ялпи ички маҳсулот миқдори бўйича энг каттаси эмас эди. 2007 йилда Болгария ва Руминия ҳам шу бешинчи кенгайиш доирасида Европа иттифоқи аъзоси бўлишди ва аъзо мамлакатлар сони 27 тага етди.

2013 йилда Хорватия олтинчи кенгайиш доирасида ЕИнинг 28-аъзосига айланди.

 

2016: BREXIT

Буюк Британия аҳолиси 2016 йилнинг июнь ойида референдумда ЕИ таркибидан чиқиш — "Brexit"ни ёқлаб учун овоз беришди. 2017 йил мартида Қиролича Елезавета II томонидан мамлакат парламентининг бу борадаги қонуни имзоланди ва расман кучга кирди.

Шу туфайли куни-кеча Италия пойтахти Римда ўтган "Рим шартномаси"нинг 60 йилигига бағишланган юбилей саммитда илк бора Буюк Британия вакиллари иштирок этмади ва ЕИга аъзо давлатлар сони яна 27 та бўлиб қолди.

 

ЕИ, ЕВРОЗОНА ВА ШЕНГЕН

Юқоридаги матнларни ўқиб, Европа Иттифоқи, унинг валютаси — евро, барчасининг чегараларида Шенген зонаси қонун-қоидалари амал қилади, деб ҳисоблаб келган бўлишингиз мумкин. Гарчи аксарият мамлакатлар учун бу уч зона ягона бўлса-да, уларнинг амал чегаралари фарқланади.

Келинг, битта битта ўрганиб чиқамиз.

ЕВРОПА ИТТИФОҚИ борасида атрофлича тўхталиб бўлдик. Унга 27 давлат аъзо:

Бельгия, Германия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Франция (1957)

Дания, Ирландия (1973)

Греция (1981)

Испания, Португалия (1986)

Австрия, Финландия, Швеция (1995)

Венгрия, Кипр, Латвия, Литва, Мальта, Польша, Словакия, Словения, Чехия, Эстония (2004)

Болгария, Руминия (2007)

Хорватия (2013)

Кўриб турганингиздек, митти давлатлар ва Собиқ Югославия таркибидаги айрим давлатлар ҳисобга олинмаса, Норвегия, Швейцария ва Исландия каби иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар Европа иттифоқи аъзоси эмас.

 

ЕВРО ЗОНАСИ. Европанинг ягона валютаси Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг 19 тасидагина амалда. ЕИ аъзоларидан Швеция, Дания, Польша, Чехия, Венгрия, Болгария, Руминия, Кипр, Ирландия ва собиқ аъзо — Буюк Британия ўз миллий валюталарини сақлаб қолган. ЕИ аъзолари ичида Руминиядан бошқа ҳеч бири яқин орада миллий валютасини батараф этиб, еврони муомалага киритишни мўлжалламаяпти. Руминия 2019 йил 1 январдан еврога ўтади.

Андорра, Ватикан, Монако, Сан-Марино каби митти давлатларда ҳам  евро амал қилади.

Швейцария франки ўзи ва Лихтенштейнда; Норвегия ва Исландия, шунингдек, собиқ Югославия республикаларида ўз миллий валюталари амалда.

 

ШЕНГЕН ЗОНАСИ. Битим юқорида таъкидланганидек, 1985 йилнинг 14 июнида Бельгия, Люксембург, Нидерландия, Франция ва ГФР вакиллари иштирокида Люксембург, Франция ва ГФР черагасидаги Мозель дарёси узра сузаётган «Малика Мари-Астрид» кемасида имзоланади. Битим ўша пайтда кемага энг яқин бўлган қишлоқ номи — Шенген номини олади.

Шенген зонаси ЕИга аъзо 28 давлатдан олтитасида амал қилмас эди: Буюк Британия, Хорватия, Руминия, Кипр, Ирландия ва Болгарияда. Айни пайтда Шенген визаси билан Европа иттифоқига аъзо 22 та давлат чегаралари бўйлаб бемалол саёҳат қилиш мумкин.

ЕИ аъзоларидан Кипр, Хорватия, Руминия ва Болгария Шенген зонасига аъзо бўлишга мажбур мамлакатлар ҳисобланади ва яқин йилларда қабул қилинади.

Лекин қизиғи шундаки, Шенген зонаси Евро зонаси ва Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар ҳудудида ҳам амал қилади. Масалан, Швейцария, Исландия, Норвегия, Лихтенштейн кабиларда. Андорра, Сан-Марино ва Ватикан (Италия орқали), Монако (Франция орқали) каби митти давлатларга ҳам Шенген визаси билан бемалол кириб чиқиш мумкин. Бу давлатлар чегараси очиқ давлатлар ҳисобланади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид