Жаҳон | 21:26 / 28.03.2017
7373
2 дақиқада ўқилади

Кот-д'Ивуарнинг собиқ биринчи хоними умрбод озодликдан маҳрум қилиниши мумкин

Фото: AFP

Кот-д'Ивуар прокурорлари ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айбловга кўра мамлакатнинг собиқ биринчи хоними Симона Гбагбони умрбод озодликдан маҳрум қилишни талаб қилишди. Бу ҳақда "Франс Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

2012 йил ноябрда Халқаро жиноят суди (ХЖС) Симона Гбагбони қотилликлар ҳамда "Кот-д'Ивуарда 2010 йил 16 декабрдан 2011 йил 12 апрелгача давр ичида амалга оширилган инсонийликка қарши ҳаракатлар ва таъқибларга " алоқадорликда гумон қилиб ҳибсга олишга ордер берганди. Бироқ 2013 йил сентябрда Кот-д'Ивуар ҳукумати Гбагбони ХЖСга беришдан бош тортиб, унинг иши миллий судда кўриб чиқилмоқчи эканлигини маълум қилган.

Симона Гбагбонинг турмуш ўртоғи, мамлакатнинг собиқ президенти ХЖСга 2011 йил 30 ноябрда етказилган. У мамлакатдаги 2010-2011 йиллардаги қуролли ихтилоф вақтида инсонийликка қарши жиноятларда гумон қилиниб қўлга олинган. Бироқ унга қўйилган айбловлар 2015 йил июндагина тасдиқланган. ХЖСнинг дастлабки иш юритиш палатаси 108 гувоҳ кўрсатмалари ва 22 минг саҳифадан кўпроқ ҳужжатлар, аудио- ва видеоматериалларни ўрганиб, собиқ президент тўртта айблов: қотиллик, номусга тегиш, қотилликка уриниш ва тақиб айбловлари бўйича жавоб бериши кераклигига қарор қилган. Лоран Гбагбо иши бўйича суд жараёни 2015 йил 7 июлда бошланиши белгиланганди.

Мавзуга оид