Ўзбекистон | 00:18 / 29.03.2017
21985
4 дақиқада ўқилади

Ш.Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи натижаларига эксперт нигоҳи

Фото: vatandosh.uz

22-23 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга биринчи расмий ташрифини амалга оширди. Нурсултон Назарбоев билан учрашув якунлари бўйича ҳамкорликка доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Учрашув олдидан экспертлар орасида Остона-Тошкент "минтақавий ўқи"ни яратиш имкониятлари муҳокама қилинган эди. Бу прогнозлар қанчалик оқланди? Мустақил эксперт Бахтиёр Эргашев (Тошкент) «Евразия.Эксперт»га берган интервьюсида шу каби саволларга жавоб берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий ташрифининг асосий натижалари қандай?

"Таъкидлаш жоизки, ташриф муваффақиятли ўтди. 13 турдаги ҳужжат имзоланди. Масалан, умумий қадриятларга доир ҳамкорлик декаларацияси ёки 2017-2019 йиллар учун минтақавий иқтисодий ҳамкорликка оид келишув. Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ташрифнинг асосий мақсади бўлди.

Менинг нуқтаи назаримда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама солиқнинг олдини олиш тўғрисидаги битим жуда муҳим ва қизиқ. Агар биз ҳақиқатдан ўзаро сармоявий муносабатларни истасак, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида бўлсак, бу масала ҳал қилиниши керак. Шу боис ташриф самарали бўлди ва жуда кўп натижа берди. Бу иқтисодий жиҳат.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон икки мамлакатнинг сув-энергетика масалалари бўйича позицияси ўзгармагани ҳақида баёнот беришди.

Шунингдек энг аввало Афғонистонга оид хавфсизлик масалалари бўйича жиддий блок мавжуд. Ўзбекистон ва Қозоғистон афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича доимо ягона позицияда бўлади: можаро тинч йўл билан бартараф этилиши керак".

Келажакда Остона-Тошкент "минтақавий ўқи"нинг шаклланиш эҳтимоли қай даражада?

"Остона-Тошкент "минтақавий ўқи"ни тузиш зарурати ҳақида мен 2013 йилда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланаётганида  айтганман. Мен ана шу геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳа тарафдориман. Бундай "ўқ"нинг яратилиши ҳеч қандай хавф солмайди, аксинча янги имкониятлар яратади - нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистон учун, балки минтақадаги барча  мамлакатлар учун.

Ҳозир Қозоғистонда жадал ва инновацион ривожланиш дастури амалга оширилмоқда, давлат раҳбари модернизациянинг учинчи тўлқини ҳақида эълон қилган. Ўзбекистонда саноатлаштириш, янги саноат кластерларини яратиш, янги соҳаларни шакллантириш, ЯИМда саноат улушини кўпайтиришга йўналтирилган фаол сиёсат давом этмоқда. Яъни икки мамлакатда ҳам синхрон равишда бир-бирининг иқтисодий салоҳиятини кучайтирувчи иқтисодий жараёнлар кетмоқда.

Икки мамлакатнинг экспорт товар тузилмасини кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу жиддий узоқ муддатли ҳамкорлик учун иқтисодий асос яратади. Яъни Остона-Тошкент "ўқи"нинг шаклланиши иқтисодий жиҳатдан чуқур ва узоқ муддатли асосларга эга.

Сиёсий нуқтаи назардан қийинроқ. Масалан, ҳарбий-сиёсий лойиҳалар иқтисодий лойиҳалар каби фаол ва динамик бўлмайди. Бироқ нима бўлганда ҳам, иқтисодий асос бу "ўқ"ни яратишнинг иложи борлиги ҳақида гапириш имконини беради".

Ўзбекистон ва Қозоғистон яқинлашиш жараёнида қандай тўсиқларга дуч келиши мумкин?

Қозоғистон баъзи пост-совет тузилмаларида қатнашади, Ўзбекистон эса - йўқ. Бу Остона-Тошкент геосиёсий ва геоиқтисодий "ўқ"нинг шаклланиш йўлига ғов бўлиши мумкин. Шу боис "ўқ"нинг тезкорлик билан шаклланиши ҳақида гапиришга эрта, лекин унинг салоҳиятга эга эканлиги - аниқ.

Мавзуга оид