Жамият | 10:59 / 30.03.2017
27470
2 дақиқада ўқилади

Рухсатсиз текшириш ўтказган шахслар тегишли жазога тортилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлимининг асосий вазифаларидан бири назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни таъминлаш ҳисобланади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича 2017 йилнинг уч ойи давомида назорат қилувчи идоралар томонидан 12 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида рухсатсиз текширишлар ўтказилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz`га Тошкент шаҳар адлия бошқармаси хабар берди.

Жумладан, 11 та ҳолатда Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциясида 1 та ҳолатда Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси масъул ходимлари томонидан рухсатсиз текширишлар ўтказиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари томонидан 2016 йилнинг 22 март куни Кичик халқа йўли кўчасида савдо қилаётган хусусий тадбиркор М.Қосимовага, 23 март куни А.Мелибоевга  қарашли савдо шаҳобчасида, Кичик халқа йўли кўчасида савдо қилаётган хусусий тадбиркор Ш.Бадаловга қарашли савдо шаҳобчаларида тегишли рухсатнома олмасдан текшириш ўтказилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассиси томонидан 2016 йилнинг 18 март куни Чилонзор туманида жойлашган “REAL STOM SERVIS” МЧЖда рухсатсиз текшириш ўтказилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан юқоридаги масъул ходимларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2412-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб тегишли Жиноят ишлари бўйича судларга юборилган. Судлар томонидан юқоридаги барча ҳолатлар бўйича қонунбузилиши ҳолатларини содир этган шахслар айбдор деб топилиб, айблилик даражасига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг ½ бараваридан 20 бараваригача миқдорида жарима қўлланилди. 
 

Мавзуга оид