Фан-техника | 22:45 / 31.03.2017
10162
2 дақиқада ўқилади

Telegram каби мессенжерлар Android'дан кўра iOS'да кўпроқ хавф уйғотиши маълум бўлди

Барча машҳур мессенжерларда заифлик мавжуд. Бу ҳам Android, ҳам iOS версияларга тааллуқли. Solar Security компанияси мутахассислари шундай хулосага келишди. Бу ҳақида «Коммерсант» газетаси хабар берди. 

Solar Security энг машҳур тўққиз мессенжер кодини текширувдан ўтказган: Telegram, WhatsApp, Viber, Facebook Messenger, Signal, Slack, Skype, WeChat ва QQ International. 

Натижада фақатгина Android назоратидаги Signal'дагина йирик заифлик аниқланмаган. Facebook Messenger ва  Slack кодларида тўрттадан, қолганларида эса ундан ҳам кўп заифлик борлиги маълум бўлган. 

Android'даги энг кенг тарқалган йирик заифликлар сифатида  шифрлашнинг заиф алгоритмлари, хавфсиз деб бўлмайдиган SSL, бўш паролларнинг қўлланилиши қайд этилган. Бу қурилмада сақланувчи логин ва паролларнинг ўғирланиш хавфини оширади. 

Мессенжерларнинг iOS-версиялари Android қурилмаларга нисбатан кўпроқ заифликка мойил экани таъкидланган. 

Мутахассислар iOS'даги Facebook Messenger'да - 12, Viber'да - 15, Skype'да — 17 йирик заифликни аниқлашган. Энг кўп хатолар - Хитойнинг QQ International ва WeChat мессенжерларида.

Компания мутахассислари иловаларнинг iOS-версияларида заифликнинг кўплигини одатда "Android у қадар хавфсиз ҳисобланмаслиги" туфайли унинг ишлаб чиқарувчилари "ҳимоялаш даражасига кўпроқ эътибор қаратишлари" билан изоҳлаган. 

Мессенжерларнинг ўзи хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги маълумотни тасдиқлашмаган, уларнинг сўзларига кўра, барча маҳсулотлар мунтазам равишда текширувдан ўтказилади. 

Мавзуга оид