Ўзбекистон | 21:36 / 06.04.2017
53024
12 дақиқада ўқилади

«Кремль кўтаринки руҳда тарк этилди»

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни-кеча Москвага қилган давлат ташрифи ҳамон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди.

Ташриф томонидан ҳукуматлараро, идоралараро 16 миллиард АҚШ долларига яқин 40 дан ортиқ шартнома ва битимлар имзолангани бугун кўча-кўйда, жамоат транспортларида ҳам ватандошларимиз томонидан қизғин муҳокама этилаётганининг ўзи ҳам бу тарихий ташрифнинг аҳамияти нечоғлик юқори бўлгани, стратегик шеригимиз ва иқтисодий ҳамкоримиз бўлган Россия Федерацияси билан бошланадиган ҳамкорликнинг янги босқичидан одамларнинг умиди катта эканлигидан далолат бериб турибди.

Ш.Мирзиеёвнинг Москвага қилган ташрифи юртимиздаги барча оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет-нашрлар томонидан дақиқама-дақиқа ёритилиб борилганига гувоҳ бўлдингиз.

Россиялик ҳамкасбларимиз ҳам ўз чиқишларида ушбу ташрифнинг аҳамияти беқиёс эканли ҳақидаги фикрларни бот-бот такрорлашмоқда. Ана шундай интернет-нашрлардан бири, Россиянинг Lenta.RU нашри президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташрифи якунларига бағишланган, Татьяна Меликян муаллифлигида мақола эълон қилинди. Ушбу мақолада тилга олинган ҳолатлар ва фикрлар сизга ҳам қизиқ бўлса керак, деган умидда уни ўзбек тилига ўгирдик. Хўш, руслар ўз мамлакатига илк бор ташриф буюрган янги президентимизни қандай танишди ва қай томонларини кашф этишди экан? Музокаралар якунлари бўйича рус экспертларининг фикри қандай?

Путин ва Ўзбекистоннинг янги президенти ўртасидаги музокаралар шодон қаҳқаҳалар остида ўтди

5 апрель, чоршанба куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу лавозимда илк бор Кремлдаги музокараларда иштирок этди. Натижаларни президент "мисли кўрилмаган", дея баҳолади. Россия президенти Владимир Путин эса унинг бу кайфиятига тамоман шерик эди. Биргаликдаги лойиҳалар портфели суммаси 15 миллиард доллардан ошиб кетди. Бу ҳолатда, республика Россия ташаббуси билан тузилган бирорта альянсда иштирок этмайди, бироқ Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсатида муҳим роль ўйнайди. Россия–Ўзбекистон музокаралари қандай ўтгани-ю, ҳужжатларни имзолаш вақтида нега ҳар икки делегация ҳо-ҳолаб кулишгани ҳақида Лента.ру материали.

Ҳаммаси олий даражада

Тўшалган қизил гилам бўйлаб бир-бирига пешвоз келаётган президентлар давлат мадҳияларини тинглаш учун елкама-елка бўлишди. Мирзиёев ва бутун ўзбек делегацияси аъзолари мадҳияни ўнг қўлини кўксига босиб эшитишди. Шундан сўнг Путин саф тортиб турган Россия вазирлари олдига бошлаб, уларни бирма-бир шахсан таништириб чиқди.

Маросимнинг фавқулодда дабдабали тус олганига сабаб, Ўзбекистон президенти Россияга давлат ташрифи билан келгани билан тушунтирилди. Давлат ташрифи — хорижий давлатлар вакилларининг расмий сафарларининг энг олий даражаси ҳисобланади (расмий ташриф, ишчи ташриф кабилар ҳам бор — таҳ.) Жуда кўп ҳолларда президентлар лавозимни эгаллаган вақт мобайнида бир давлатга фақат бир марта давлат ташрифи билан боришади.

"Албатта, бу ҳолда формал ва соф протоколга хос нарсалар кўпроқ. Бироқ бизнинг ҳамкасбларимиз ҳам фаол иш олиб бориб, ҳужжатларнинг бутун бир тўпламини тайёрлашибди", — дея деярли шарқона меҳмоннавозлигини тушунтирар экан Путин, гап "қоғозларда эмас, унда ёзилган мазмунда" эканлигини алоҳида таъкидлаб.

Россия етакчиси Мирзиёевнинг президентлик лавозимини эгаллаганига қисқа вақт бўлганига қарамасдан, аллақачон савдо муносабатларида ўсиш кузатилаётганини қайд этди. "Баъзи бир позицияларда ўсиш жуда ҳайратланарли тарзда", — деди Путин.

Бунга жавобан унинг суҳбатдоши ёйилиб табассум қилди. "260 фоиз (ўсиш) ҳам бор!" — деди у ҳайрат маъносида бошини енгил силкитар экан.

Фото: Россия президенти маъмурияти

Россия-Ўзбекистон музокаралари олдидан делегацияларни таништириш

Мирзиёев гапини таъзия билдиришдан бошлади ва Санкт-Петербургда юз берган портлашдан "барчамизнинг жонимиз оғригани"ни таъкидлади. Москва хиёбонларидан бирида биринчи президент Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилгани учун алоҳида ташаккур билдирди. "Яхши жой", — дея маъқуллади меҳмон. Сўнгра Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизликка алоҳида эътибор қаратди. Мирзиёев "Россия бугунги кунда Афғонистон масаласида илгари сураётган ҳар бир нарсада ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлашини"ни ваъда қилди. Ўзбекистон президенти ушбу муаммони ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги, фақат музокаралар жараёни билан ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Анча вақтдан буён сиёсатда 

Мирзиёев 2016 йил 2 сентябрда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов 78 ёшида инсультдан вафот этгач, аввалига давлат раҳбари вазифасини бажарувчи, сўнгра умумхалқ сайловида ғолиб чиқиб, президент лавозимига сайланган эди. Мирзиёев — республикада яхшигина машҳур сиёсатчи, 13 йил мобайнида мамлакат бош вазири бўлган.

Владимир Путин билан у сўнгги марта сентябрь ойи бошида Самарқандда — Ўзбекистон президенти Каримов хотирасига ҳурмат бажо айлаш учун келганда учрашган эди. Мирзиёев ўшанда Путиннинг ташрифини республика учун қайғули кунларда "ҳақиқий дўстнинг елкадошлиги", дея баҳолаган эди. Бунга жавобан Путин Ислом Абдуғаниевич билан ўрталарида сўнгги йилларда илиқ, шахсий ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар ўрнатилгани, Россия ва Ўзбекистон ўртасида эса ўзаро муносабатларнинг мустаҳкам асоси барпо этилганлигини таъкидлаган эди. Россия президенти Тошкент ҳар қачон энг ишончли дўст сифатида Москвага ишониши мумкинлигини қайд этган эди.

Фото: Россия президенти маъмурияти

Россия президенти Самарқанддаги Ҳазрат Хизр масжиди қабристонида Ислом Каримов қабрига гул қўйиш маросимида

Мирзиёев, шунингдек, Россия билан муносабатлар "стратегик шерикчилик ва иттифоқчиликка асосланиб келгани, шундай экани ва шундай бўлиб қолиши"ни ҳам таъкидлаб ўтган эди. Шундай бўлса-да, янги президент ўзининг биринчи давлат ташрифини Туркманистонга амалга оширди. 6 март куни у Ашхободга борди. Иккинчисини эса — Қозоғистонга. 22–23 март кунларини Мирзиёев Остонада ўтказди. Москва — Мирзиёев йўлидаги фақат учинчи пойтахт бўлди.

Бироқ РФА шарқшунослик институтининг Кавказ ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази эксперти Станислав Притчиннинг фикрича, Мирзиёевнинг фақат Қозоғистонга ташрифини тўлақонли давлат ташрифи, деб ҳисоблаш мумкин.

Экспертнинг эслатишича, Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари унинг учун ташқи сиёсатдаги бош устувор эканлигини бошдан-бош таъкидлаб келган. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон халқаро майдонда ўзини фаолроқ намойиш эта бошлаган. Бироқ асосий савдо ҳамкорлари — Россия ва Хитой билан учрашиш учун тайёрланиш ва минтақадаги давлатлар билан қарашларни мослаштириб олиш ҳам зарур эди. 

Ўзбекистон аввалгидек Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га қўшилиш учун тайёр эмас. "Бу ташкилотларга қўшилмаслик Тошкентнинг ташқи сиёсатдаги устуворлиги бўлиб қолмоқда, — дейди Притчин. — Бироқ бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг машинасозлик саноати маҳсулотлари ЕОИИ бозорига чиқишда муаммоларга дуч келади — ҳимоявий божхона тарифлари халақит беради. Бу нуқтаи назардан Евроосиё иттифоқи билан эркин савдо ҳудуди барпо этиш Тошкент учун манфаатли. Бундай формат жиддий интеграцияни назарда тутмаса ҳам, бозорга кириш имконияти тақдим этади".

Ҳужжатлар тўплами

Делегациялар музокаралари шунчалик шиддат билан якунландики, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров етакчилар қўшма баёнот билан чиқиш қилаётган Малахит фойеда ўз ўрнини эгаллашга ҳам улгурмади. Журналистлар сурила-сурила Лавровни ўз қаторларига ўтқазиб олишди. Бу эса унинг учун ўзига хос "қопқон" бўлди ва у журналистларнинг АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг Москвага келиши борасидаги саволларига жавоб беришга мажбур бўлди.

Бу орада томонлар узоқ ва тантанали равишда қирқдан ортиқ ҳужжатларга имзо чекишди. Кремль диктори русча талаффуз қилиниши қийин бўлган исм-фамилияларга шунчалик диққат-эътибор билан берилиб кетдики, алал-оқибат оддий русча фамилияда хатога йўл қўйди.

"Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Александрович Ка... — гапи узилиб қолди дикторнинг, — Владимир Александрович Ка..." — иккинчи бор тутилиб қолди у кейинги жумлалар унинг қалбидан отилиб чиқди: "Тьфу, кечирасизлар!" 

Фото: Россия президенти маъмурияти

Россия-Ўзбекистон музокаралари якунларига бағишланган матбуот учун баёнот

Умуман олганда, ўз баёнотларида президентлар кенг таркибда ўтказилган музокараларда айтилган сўзларни такрорлашди. Томонлар ўзбек томонининг қайд этишича 5 фоизга, Россия томонининг маълумотларига кўра 4 фоизга — 2,7 миллиард долларгача пасайган товарь айланмасини қайта жонлантириш борасида келишиб олишди.

Тошкент технологик ускуналарнинг импортидан манфаатдор, етказиб бериш ҳажми ошиши учун Россиянинг баъзи бир маҳсулотларига акциз солиғидан ҳам воз кечмоқчи. Москва эса, ўз навбатида, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва озиқ-овқатлари учун "Яшил божхона йўлаги" очмоқчи.

Мамлакатлар аввалгидек энергетика соҳасида ҳамжиҳатликни давом эттиришади. Умумий инвестициялари ҳажми 5 миллиард долардан ошган "Лукойл" — Ўзбекистондаги энг йирик хорижий сармоядор ҳисобланади. Бундан ташқари, Москва ва Тошкент 12 миллиард долларлик йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасида битимлар тўплами ва 3,8 миллиард долларлик савдо шартномалари имзолашди, — дея эълон қилди Ўзбекистон президенти. 

"Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишни янада жадаллаштириш бўйича ишларни давом эттириш ҳақида келишиб олдик: фақатгина сўнгги йилда уларни Россия ҳудудига олиб кириш ҳажми икки баробардан кўпроққа ошган. Бу 148,2 минг тоннани ташкил этади", — дея рақамларни тилга олди Путин.

"Владимир Владимирович, бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас! Бу биргаликда амалга оширилган ишларнинг яққол натижаси", — дея музокаралардан қониқиш ҳосил қилганини билдирди Мирзиёев ва "ҳудудларимиз учрашиш, савдо қилиш, бир-бирлари билан борди-келди қилишни исташмоқда", дея қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон делегацияси Кремлни кўтаринки руҳда тарк этмоқда. 

Экспертлар ҳақиқатан ҳам ташриф якунларини олға қадам босиш, дея баҳолашмоқда. "Ўзбекистонда, биринчи навбатда, "Лукойл" ва "Газпром" каби йирик ўйинчилар ишлаб келаётган эди. Россиядан кичикроқ инвесторлар илгари кўзга ташланмаётган, энди эса улар ҳам республикага кела бошлашди", — дея таъкидлади Притчин. Давлат думаси томонидан яқинда ратификация қилинган ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги битим ҳам Ўзбекистон қуролли кучлари фойдаланётган техникани модернизация қилиш борасида бир қатор қизиқ лойиҳаларни назарда тутади. Параллел равишда Пушкин номидаги давлат музейида "Нукус хазинаси" кўргазмаси очилиб, унда илгари кенг рус жамоатчилигига яхши таниш бўлмаган рус авангарди коллекцияси тақдим этилди.

"Путин ва Каримовнинг илиқ шахсий муносабатлари икки томонлама прагматик ҳамкорликка айланмаган эди. Энди эса биз вазирликлар ва идоралар даражасида интенсив мулоқот гувоҳи бўляпмиз, — дея ўз гапларини хулосалайди Притчин. — Бу жуда қизиқарли ташриф бўлди ва барча томонлар музокаралар якунлари бўйича ўзларига катта плюс қўйишса бўлаверади".

Мавзуга оид