Apple, Samsung, Microsoft: Машҳур компанияларнинг суддаги жанглари
Муаллифлик ҳуқуқи учун энг машҳур олишувлар қандай кечганини биласизми? Суд учун қанча маблағ сарфланганини-чи?
Йирик компаниялар муаллифлик ҳуқуқи учун тез-тез тортишиб туришади. Баъзида таниқли брендларнинг ўзаро тортишуви иқтисодни тўлақонли ривожи учун ўз ҳиссасини қўшади. Диққат қилинг, эътиборингизга дунёдаги энг катта суд олишувларини ҳавола этамиз.
10. Dyson Hoover’га қарши, 2000 йил
Давомийлиги: 1 йил
Ғолиб: Dyson
Зарар: 4,9 млн доллар
Тортишув сабаби: Dyson вакиллари ўз аризасида Hoover компаниясини чиқиндилар тўплашда қопсиз ишлайдиган чангютгич патентини бузганликда айблашди. Мазкур технология Жеймс Дайсон ихтироси бўлиб, Hoover Vortex моделида ишлатилган. Hoover икки маротаба аппеляцияга беради ва ҳар иккисида ҳам мағлуб бўлади. Бундан ташқари, Hoover Vortex моделини сотиши ҳам ман этилади.
9. Oracle SAP’га қарши, 2007 йил
Давомийлиги: 7 йил
Ғолиб: Oracle
Зарар: 357 млн доллар
Тортишув сабаби: Oracle қайд этишича, SAP компаниясининг TomorrowNow бўлимидаги ходимлар ноқонуний тарзда Oracle серверидан муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ҳужжат ва дастурларни юклаб олишган. SAP қонун бузганлик ҳолатини тан олади ва келишишга ҳаракат қилади. Бироқ суд барибир Oracle учун 1,3 млрд доллар ҳисобида товон пули тўлашни талаб қилади. Кейинчалик бу қиймат 357 млн долларга тушади ва ҳар икки компания шу қарорга келади.
8. 20th Century Fox киностудияси Universal Studios’га қарши, 1978 йил
Давомийлиги: 2 йил
Ғолиб: Universal Studios
Зарар: номаълум
Тортишув сабаби: 20th Century Fox студиясининг 1977 йилда намойиш этилган «Юлдузлар жанги» биринчи фильмининг муваффақиятли тақдимотидан сўнг Universal Studios ҳам космик фантастикаси жанрига қўл уришга қарор қилади ва Battlestar Galactica’ни ишга туширади. Universal Studios муаллифлик ҳуқуқига зарар етказилганини қайд этади. Ҳужжатларда 34 аниқ кўчирилган эпизодлар тақдим этилган: масалан, «Ўзга сайёралик мусиқачиларнинг Кафе (Star Wars) ёки казино (Battlestar)даги чиқиш саҳнаси». Бу иш суддан ташқарида ҳал этилган ва ABC телеканали сериал трансляциясини бекор қилади.
7. Gucci Guess’га қарши, 2009 йил
Давомийлиги: 4 йил
Ғолиб: Gucci ҳам, Guess ҳам
Зарар: 4,7 млн доллар
Тортишув сабаби: Gucci компанияси 2009 йилда Guess’га қарши 4 йиллик юридик курашни бошлайди. Унинг қайд этишича, Guess ўзининг пойабзаллар линиясида Gucci логотипини кўчирган. Gucci шунингдек, Guess компаниясини сохта материаллар тайёрлашда ва товар белгисини ноқонуний ишлатганликда айблайди ҳамда товон пули сифатида 221 млн доллар талаб қилади. Gucci иккита даъво иши очади: Нью-Йорк ва Миланда. Нью-Йоркда иш Gucci фойдасига ҳал бўлади ва 4,7 млн доллар ундирилади, Милан суди Guess томонини ёқлаб, G ҳарфи кўринишидаги белгилар мода оламида кенг тарқалганини қайд этади.
6. Apple Microsoft’га қарши, 1998 йил
Давомийлиги: 6 йил
Ғолиб: Microsoft
Зарар: номаълум
Тортишув сабаби: Apple компанияси Macintosh компьютерини ишлаб чиқарганида Microsoft’га Windows 1.0 тизимида фойдаланувчи интерфейсидаги баъзи элементлардан фойдаланишга рухсат беради. Microsoft Windows 2.0 тизимини ишлаб чиқарганида, унга Macintosh дастурий таъминотида учрайдиган бошқа функцияларни ҳам қўшади. Apple муаллифлик ҳуқуқи бузилганини таъкидлайди ва интерфейснинг 189 та ўғирланган қисмини санаб ўтади. Олти йиллик можаролардан сўнг суд Apple компаниясининг қарийб барча даъволарини рад этади.
5. A&M Records Napster’га қарши, 2011 йил
Давомийлиги: 5 йил
Ғолиб: A&M Records
Зарар: 26 млн доллар
Тортишув сабаби: Даставвал, Napster мусиқанинг қароқчилик усулида алмашинувини йўлга қўяди ва бу даъво очилишига сабаб бўлади. Тез орада мусиқа компаниялари студияни судга беришади. А&M Records компанияси Американинг бутун бошли овоз ёзиш ассоциация номидан расмий даъво билан чиқади. Суд жараёнидан сўнг Napster фаолиятига якун ясалади.
4. Microsoft Motorola'га қарши, 2010 йил
Давомийлиги: 5 йил
Ғолиб: Microsoft
Зарар: 14,5 млн доллар
Тортишув сабаби: Microsoft Motorola’ни ўзи патентлаган технологияларнинг лицензиясини ҳаддан зиёд қиммат қилишда айблайди. Motorola ўз патентлари лицензияси учун 4 млрд доллар сўраган. Бироқ суд бундай қийматдаги товон пули адолатли эмас, деб қарор қилади ва Motorola’дан Microsoft компаниясига шартнома шартларини бузганлиги учун 14,5 млн доллар тўлашини талаб қилади.
3. ВР компанияси Transocean Offshore ва Halliburton’га қарши, 2010 йил
Давомийлиги: 5 йил
Ғолиб: йўқ (битим имзоланган)
Зарар: номаълум
Тортишув сабаби: Нефтни Deepwater Horizon платформасида қуйиш оқибатида 11 ишчи ҳалок бўлади, Мексика кўрфазига эса миллионлаб баррель нефть тўкилади. BP жарима ва харажатлар кўринишида ҳудудни тозалаш учун 40 млрд долларга яқин маблағ тўлайди. Бироқ BP ўз ҳамкорлари бўлмиш Transocean Offshore ва Halliburton компаниялари ҳам бу харажатларни қоплаши кераклигини айтади ва 15 млрд доллар талаб қилади. The Wall Street Journal хабарига кўра, 2015 йилда компаниялар бу низоларни тинч йўл билан ҳал этишди.
2. Apple Samsung’га қарши, 2011 йил
Давомийлиги: 2012 йилдан ҳозиргача
Ғолиб: номаълум
Зарар: номаълум
Тортишув сабаби: Бу технология соҳасидаги энг йирик суд жанги саналади. Apple Samsung компаниясини Galaxy S сериясида кўчирмакашлик қилганидан шикоят қилади. 2012 йилда суд Samsung’ни патент бузганликда айблайди. Аввалига, Корея компанияси 1 млрд долларга яқин товон пули тўлаши лозим эди, бироқ маблағ 548 млн долларга, кейинроқ эса —399 млн долларга тушади. Ҳозирда Samsung учун белгиланган жарима нимага асосланиб олингани устида катта музокаралар давом этмоқда — декабрь ойида АҚШ олий суди 399 млн доллар ҳисобидаги товон пулини бекор қилди ва даъвони федераль судга қайтариб берди. Икки йирик компания ўртасидаги бу каби кўплаб даъволар дунёнинг турли бурчакларида ўрганилмоқда.
1. Apple Ericsson’га қарши, 2015 йил
Давомийлиги: 1 йил
Ғолиб: Ericsson
Зарар: ошкор этилмаган
Тортишув сабаби: Apple Ericsson’ни LTE технологиясининг лицензияси учун кўп пул сўраганликда айлаб, компанияни судга беради. Ericsson ҳам қарши даъво кўтариб, Apple компаниясини 40 дан ортиқ патентларни бузганликда айблайди. Даъво суддан ташқари ҳолатда кўриб чиқилади. Ҳаттоки, Apple ошкор қилинмаган қийматдаги товон пулини тўлашга мажбур бўлади. Бундай ҳолат, фақатгина Apple бошига тушмайди — 2014 йилда Ericsson ва Samsung ўртасида ҳам суддан ташқари музокаралар бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
08:10 / 15.11.2024
Apple BBC, The Insider ва "Эха Москвы" подкастларини Россияда яшириб қўйди
23:31 / 14.11.2024
iCloud мижозлари Apple компаниясини судга берди
16:54 / 13.11.2024
Apple iPhone нархидаги китобини чиқарди
11:28 / 10.11.2024