Вертикал фермалар: келажакда ҳамма ўз уйида озиқ-овқат етиштириши мумкин
Ҳосилни қуёш нурига тўйинган очиқ далалар ёки иссиқхоналарда етиштириш ўрнига айрим компаниялар эски ва қоронғи омборхоналарда ультрабинафша ёруғлик остида "деҳкончилик" қилишмоқда — бу уларга сувни иқтисод қилиб, тезроқ ҳосил етиштириш имконини бермоқда. Бельгиянинг Кортрейк шаҳри четидаги эски гилам фабрикасида қишлоқ хўжалиги инқилоби тайёрланмоқда: фермада эмас, кичикроқ квартира билан тенг хонада, рангли лампочкалар нури остида қават-қават қилиб ҳосил етиштиришмоқда.
Бу вертикал ферма ёки вертикал қишлоқ хўжалиги, деб аталади ва бир неча компаниялар эски омборхоналар ва ишлатилмаётган фабрикаларни ижарага олиб, сабзавотлар ва донли ўсимликларни тор, сунъий ёритилувчи хоналарда ўн йилдан бери етиштиришмоқда.
Улардан бири Urban Crops фирмасидир. Унинг катта рамадан иборат бўлиб, у собиқ гилам фабрикасида майин ёритаётган кўк ва қизил чироқлар остидан ёш ўсимликлар экилган патнисларни жойлаштирилган конвейр тасмаларини ушлашга мўлжалланган.
Бироқ уларнинг барча нарсаси автоматлаштирилган тизими ҳануз ишлаб чиқилиш жараёнини бошидан кечирмоқда. Бош ижрочи директор Мартен Вандекрюснинг тушунтиришича, уларнинг қурилмаси ёруғлик ва бошқа фойдали моддалардан ўсимлик бутун ўсиш цикли даврида баҳраманд бўлишини таъминлайди. Сўнг вақти етгач, ҳосил йиғиштириб олинади.
Ҳар бир ўсимлик тури ўз эҳтиёжларига, масалан ёруғлик ва озиқ моддаларга асосланган ўсиш режасига эга. Бундан ташқари, бу ерда ўсимликлар очиқ фермадагига нисбатан тезроқ ўсади.
Urban Crops’дагиларнинг айтишича, вертикал фермерлик анъанавий деҳқончилик ёки иссиқхонадагига нисбатан бир квадрат метр жойдан кўпроқ ҳосил олиш имконини беради. Вертикал қишлоқ хўжалиги, шунингдек, камроқ сув талаб қилади, ўсимликлар тезроқ ва баъзи бир давр оралиғида эмас, бутун йил бўйи ўсади. Объектларни эса, назарий жиҳатдан, ҳар қандай жойда барпо этиш мумкин.
Urban Crops’да саккиз қават ўсимликларни 30 квадрат метр жойга жойлаштириш мумкин. Ҳозирча бу кенг миқёсли тижорий лойиҳа эмас, шунчаки, бу концепция яшашга ҳақли эканлигини кўрсатиб берувчи бир синовдир.
"Принцип нуқтаи назаридан, система ичидаги ҳар бир кун — булутсиз осмонли ёзнинг бир куни", ҳисобланади, дейди Вандеркрюс.
Қўл остингизда зарур технологиялар бўлса ҳар қандай нарсани етиштириш мумкинми?
Вандекрюснинг айтишича, ичкарида ҳар қандай нарсани етиштириш мумкин — лекин бу яхши ғоя эмас. Иқтисодий жиҳатдан, бозори чаққон, нархи баланд, тезроқ ўсадиган ўсимликларни етиштириш манфаатлироқ. Масалан, ўтлар, салатлар учун кўкатлар, истеъмолга яроқли гуллар, ҳали анча узоқ йиллар очиқ осмон остида етиштириладиган илдиз мевалилардан кўра килограммига кўпроқ даромад келтиради.
Ёпиқ иншоот ичида ўсимликларни етиштирар экансиз, ҳосилингизга зарур бўлган ресурслар устидан аниқ назорат ўрната оласиз. Бу ҳолда ўсимликларнинг ўсишини олдиндан тахмин қилиш ва назорат остига олиш мумкин. Масалан, ёруғлик диодли лампаларни истакка кўра ўчириб ёқиш мумкин, чунки улар чўғланма лампалар каби кўп иссиқлик ажратмайди ва уларни ёруғлик оптимал истеъмол қилиниши мақсадида ўсимликларга яқинлаштириш мумкин.
Албатта, шунча миқдордаги сабзавотларни "очиқ"да ҳам етиштириш мумкин, бироқ бунга ер-жой ва ресурслар кўпроқ талаб қилинади.
Хўш, аслида ҳаммаси қандай ишлайди?
Вертикал фермер ўзи учун танлаб олиши мумкин бўлган ёпиқ қишлоқ хўжалигининг бир неча асосий моделлари мавжуд: гидропоника — бунда ўсимликлар озиқ моддаларга бой сувли бассейнда ўстирилади — ва аэропоника — бу ҳолатда ўсимликлар илдизига вақти-вақти билан сув ва озиқ моддалар аралашмасидан иборат туман пуркалади. Кейинги ҳолатда камроқ сув ишлатилса-да, техник ишлар кўлами ортади. Шунингдек, аквапоника деган усул ҳам борки, бу юқоридагилардан кескин фарқ қилади: бунда ўсимликларни озиқлантириш учун зарур бактерияларни ишлаб чиқиш учун балиқ боқилади.
Urban Crops гидропоникани танлаган. Вандекрюснинг қайд этишича, сувни ўсимликлар буғлатгач, уни нам ҳаводан сўриб олиб, сувни бир неча марта қайта ишлатишади. Шунингдек, сув ультрабинафша нур билан қайта ишланиб, касалликлар тарқалишининг олди олинади.
Барибир, вертикал деҳкончиликнинг асосий устунлик тарафи жуда кам сув ишлатилишида бўлса керак. "Биз салат барглари билан тажриба ўтказиб, далаларда анъанавий етиштириш билан солиштирганда сувни 5 фоизга камроқ ишлатишга муваффақ бўлдик", дея тушунтиради Вандекрюс.
Urban Crops ҳозирча қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб фойда қилишни мўлжалламаган. Улар ўзларининг вертикал фермаларини сотиш кетидан пул ишлашни мақсад қилишган.
У ўсиш тизимини маҳсулот сифатида тақдим қилмоқда — инсонлар уни олиб, нисбатан чекланган муҳитда озиқ-овқат етиштириб, фермани шаҳар ҳудудига олиб киришларидан умид қилмоқда. Бу қурилмани мавжуд ишлаб чиқариш линиялари ва иссиқхона фермалари ёнида ҳам ўрнатиш мумкин.
Вертикал фермалар соҳасида таниқли номлардан бири ўзгача бизнес-моделга эга. AeroFarms АҚШнинг Нью-Жерси штатида жойлашган ва улар 7 минг квадрат метр майдонда дунёдаги энг йирик ёпиқ ферма барпо этишган. Компания хушхўр кўкатларни катта миқдорда етиштиришни мақсад қилган.
Эд Ҳарвуд — шунга имкон берган технологияни яратган ихтирочи ва қишлоқ хўжалиги бўйича эксперт. Бундай ғояга у бир неча йил аввал Корнелл университетида ишлаган вақтда келган. Бу вақтда аэропон системалардан лаборатория шароитларида ўсимлик етиштиришда фойдаланилган. Нега бу ёндашувдан янада кенгроқ миқёсда фойдаланиб бўлмас экан, дея савол берган у ўшанда ўз-ўзига.
"Мен ўзимдан сўрадим: нега бундай? Одамлар эса: бундан пул қилиб бўлмайди, қуёш нури текин, ёруғлик нури эса қиммат", — деб жавоб беришган, деб эслайди Ҳарвуд.
Ишларнинг бу аҳволдалиги уни қониқтирмасди. Узоқ тажрибалардан сўнг у аэропон туманини ўсимликлар илдизига пуркаб берувчи соплони ихтиро қилди. AeroFarms’да ўсимликлар илдизи тупроқда эмас юпқа матода ўсади. Лекин асосий муаммо — соплоларни вақт ўтиши билан қандай тоза сақлаб қолишга эришганлигини ошкор этмади, бу — тижорат сири экан.
"Сотиб олинган ҳар бир соплода етарли муаммолар бор эди, — дейди Ҳарвуд. — Бироқ мен нимадир қилишим керак эди ва ички овозимга қулоқ тутиб, ечим топдим". Бироқ бу ҳақида у ҳеч кимга оғиз очмайди.
Urban Crops сингари AeroFarms ҳам биринчи навбатда тез ўсувчи сабзавот салатлари ва кўкатларга эътибор қаратади. Ҳарвуднинг фикрича, йирик корхоналарда етиштирилган бундай маҳсулотларга маҳаллий бозорларда талаб яқин йиллар ичида шаҳар четидаги ҳудудларнинг ўзига хос сифатига айланиши мумкин. Яна, истеъмолчилар талаб қилган барралик ва карсиллашни ҳам кафолатламоқда.
Ҳарвуд ўзи ва ҳамкасблари бошлаган бизнес фойдага чиқишига аниқ ишонишади. Бироқ уларга ишонқирамаётган талайгина.
Мичиган университети барқарор қишлоқ хўжалиги кафедраси профессори Майкл Ҳамм шундайлардан бири. Унинг фикрича, вертикал фермалар электр энергиясининг доимий узатилиши боғлиқ, унинг катта қисми эса фойдали қазилмалар эвазига ишлаб чиқарилади.
"Нега салат етиштириш учун электр энергияга сарф-харажат қилиш керак, қачонки уни қуёш нурида етиштириш мумкин бўлиб турганда?" — дейди у.
Баъзи бир ўсимликларни бу тарзда етиштиришда иқтисодий жиҳатдан маъни йўқ, дейди профессор: "Бир киловатт-соат электр энергияси 10 цент бўлиб турганида, буғдой етиштириш учун сарфланадиган энергия ҳисобидан, бир буханка нон 11 долларга тенг бўлади".
Ҳамм бундай ёндашувнинг баъзи бир устунлик тарафлари ҳам борлигини тан олади. Агар ёпиқ тизимлар яхши таъминланса, бу технология ҳар бир ҳосил олишда қайта эришиш мумкин бўлган натижаларга назарий имкониятларни тақдим этади — яъни, сиз доимо бир хил сифатдаги ўсимликларга ва ҳосилга эга бўласиз. Бундан ташқари, вертикал ферма анча қиммат турса-да, қишлоқ хўжалиги бизнесига илк бор тушиб қолган инсон учун жалб қилувчи вариант ҳисобланади — улар қуёш ва фаслларнинг инжиқликларига қарши курашишни ўрганишга йиллаб вақт сарфлашмайди. Бу тажрибанинг ўрнини босувчи билим ҳозирча ўйлаб топилмаган.
Вертикал миришкорлик технологиялари ривожланиши ва унинг таннархи тушиши билан, баъзи инсонлар ўз уйида кўкат етиштира бошлашини айтиб ўтишмоқда.
Neofarms — шу ҳолатни олдиндан илғаган немис-итальян стартапи ҳисобланади. Унинг асосчилари Ҳенрик Йобчик ва Максимилиан Рихтер ўлчамлари маиший хонадон музлаткичи билан тенг вертикал ферма ишлаб чиқишган.
"Биз уни стандарт ошхона шкафи ўлчамларида ишлаб чиқдик", дея тушунтиради Йобчик. Уларнинг режасига кўра, қурилма хоҳишга қараб интеграциялашган ёки алоҳида турувчи дизайнда, ҳаммабоп бўлиши лозимлигини қўшимча қилар экан. Бу агрегатни харид қилган инсон электр энергиясига пул тўлаши, Neofarms’ни тоза сақлаши ва доимо сув билан таъминлаб туриши керак. Эвазига энг барра маҳсулотларни олаверади.
"Системада ўсадиган ўсимликлар ҳақида улар етиштирилган шароит ҳақида барча маълумотга эга бўласиз, — дейди Йобчик. — Боз устига, сиз барра маҳсулотларга эга бўласиз, бу эса барра сабзавотлар, айниқса кўкатлар борасидаги энг катта муаммо ҳисобланади".
Келажак супермаркетларида ўзларининг шахсий вертикал фермалари ўрнатилиши мумкин
Агар сиз ўзингизга керакли ўсимликни танлаб, дарҳол уни истеъмол қилсангиз, уни қадоқлаш ва транспортировка қилишда йўқотилиши мумкин бўлган витамин ва бошқа озиқ моддаларига ҳам эга бўласиз. Кўплаб истеъмолчилар аллақачон деразалари олдида кўкатлар етиштиришмоқда, бироқ бу гарчи арзон бўлса-да, самарасизроқ тадбир ҳисобланади. Келажакда вертикал фермалар ўз оиласини барра салатлар билан таъминлашнинг самарали ва кундалик усулига айланиш эҳтимоли катта.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024