Жаҳон | 00:47 / 11.04.2017
12718
2 дақиқада ўқилади

Мисрда насронийларга уюштирилган энг шов-шувли ҳужумлар

Мисрда охирги 7 йил ичида террорчи ва радикаллар томонидан православ черковларига 33 та ҳужум содир этилган.  

2017 йил 9 апрелда Искандария ва Тантадаги копт черковларига уюштирилган охирги терактлар Мисрда насронийларга ҳужумлар мавзусини яна кўтарди.

Қуйида Мисрда насронийларга уюштирилган энг шов-шувли ҳужумлар статистикаси келтирилган.

2010 йил 7 январь

Миср жанубидаги Кена вилоятида жойлашган Наг-Ҳаммади туманида террорчилар гуруҳи черковга қатновчиларни ўққа тутиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳатланган. 

2011 йил 1 январь

Искандарияда Барча Авлиёлар копт черковидаги портлаш 24 одамнинг умрига зомин бўлган, 79 одам жароҳатланган.

2013 йил 7 апрель

Қоҳиранинг Аббосия туманидаги Авлиё Марк черковида динлараро қарама-қаршилик негизида мусулмонлар ва черковга қатновчи насронийлар орасида тўқнашувлар келиб чиққан. Тўқнашувлар оқибатида 7 киши, жумладан бир мусулмон ҳалок бўлган.

2013 йил 14 август

Мисрдаги давлат тўнтаруви вақтида хавфсизлик кучлари ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг Қохирадаги Робиа ал Адавия ва ан Нахда майдонларидаги норозилик акциялари иштирокчиларини ҳайдаши вақтида 26 тадан кўпроқ черковга шикаст етган. 

2013 йил 20 октябрь

Гизадаги Ал-Варрак туманида жойлашган Авлиё Мария черковида ўтаётган тўй маросими вақтида экстремистлар содир этган ҳужум оқибатида 4 киши ҳалок бўлган ва 18 нафар киши жароҳатланган.

2016 йил 11 декабрь

Қоҳирада Авлиё Пётр копт черкови яқинида содир этилган портлаш оқибатида 29 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб одам жароҳат олган.

2017 йил 9 апрелда Мисрнинг Танта шаҳридаги Авлиё Георгий черковида содир этилган биринчи теракт оқибатида 27 киши ҳалок бўлган, 78 киши жароҳат олган.

Искандария вилоятидаги Авлиё Марк черковида содир этилган иккинчи терактда 16 киши ҳаётдан кўз юмган ва 41 киши яраланган.

Мавзуга оид