Жаҳон | 20:15 / 18.04.2017
52035
2 дақиқада ўқилади

Суд Аброр Азимовни ҳибсга олди

Москва Басман суди келиб чиқишига кўра қирғизистонлик ўзбек бўлган 27 ёшли Аброр Азимовни Санкт-Петербург метросидаги портлаш ташкилотчисилигидаги асосий гумондор сифатида 3 июнга қадар ҳибсга олиш бўйича қарор қилди.

Азимов «теракт» ва «ноқонуний равишда портловчи қурилмалар ташиш» моддалари бўйича айбланмоқда.

У 3 апрель куни Санкт-Петербургда рўй берган портлашни содир этишдаги асосий гумондор Акбаржон Жалиловни терактни содир этишга тайёрлашда гумон қилинмоқда.

Айнан Азимов терактдан олдин Жалилов билан охирги марта қўнғироқлашган шахс эди. 

Гумонланувчи бир неча кундан буён қидирувда эди. У портлашдан сўнг яшаш жойини ўзгартирган ва барча телефонларини ташлаб юборган. 17 апрель куни у янги телефон ва сим-карталар сотиб олган. Сим-карталардан бирини ёқиши билан у ўзининг қаердалигини билдириб қўйган.

Азимовни Москва вилоятининг Одинцово туманидаги темир йўл ёқасида ФХХ ходимлари қўлга олишди. Унинг ёнидан Макаров русумли тўппонча топилган.

Видео: Петербург теракти ташкилотчиси сифатида гумонланувчининг қўлга олиниши

Тергов жараёнида аниқланишича, Азимов Аброр Аҳралович 1990 йилда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида туғилган, 2013 йилнинг 25 майида Қирғизистон фуқаролигидан чиқарилган.

Аброр Азимов теракт ташкилотчиси эканини инкор қилди

Мавзуга оид