Light | 12:58 / 18.04.2017
27658
16 дақиқада ўқилади

Жеки Чан ва унинг саргузаштлари

2017 йилнинг 7 апрелида машҳур киноактёр Жеки Чан 63 ёшга тўлди. Унинг ижод йўли 1970-йилларда бошланган. Ўшандан бери у фильмларда мураккаб трюкларни ўзи бажариб келади. Шундай бўлса-да, у ҳаётдан завқ олиб яшайдиган, ғайратли актёрлигича қолган. Бугун юзлаб одамлар хитойлик актёрга бахтли болалик учун миннатдорчилик билдиришади. 

 

Ҳаётнинг илк йиллари ва актёрлик фаолияти

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг, 1945 йилнинг сентябрида хитойлик Чарльз Чин Мудофаа вазирлиги томонидан айғоқчи сифатида ёлланган. Эркак бунга параллель равишда афюн (опиум) тарқатиш билан шуғулланувчи маҳаллий мафия билан ҳамкорлик қилган. Рейдлардан бирида у қора бозорда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи бўлғуси турмуш ўртоғи Лили билан танишиб қолади.

1949 йилда ҳукумат тепасига коммунистлар келганида жуфтлик Ҳонгконгга қочиб кетади. Чарльз она ватанида бошқа аёлини 4 нафар фарзанди билан қолдириб кетган эди. 1954 йилнинг 7 апрелида жуфтлик ўғилли бўлади ва унга Кон Сан дея исм беради, йиллар ўтгач, дўстлари уни Жеки Чан деб чақира бошлашади. Ота-онасининг фарзандини боқиш учун пули бўлмагани боис уни британиялик шифокорга сотмоқчи бўлишади, бироқ охир-оқибат бу фикрларидан қайтишади. 

Бир неча йил ўтгач, оила иш қидириб Австралияга йўл олади, бироқ бир йилдан сўнг ота-онаси Чанни ортга, Ҳонгконгга қайтаради. У ерда Чан саккиз йил Хитой опера институтига киради. Институтда ундан қанча (3, 5 ёки 9 йил) ўқимоқчи экани ҳақида сўрашганида – математикадан хабари йўқ актёр “10 йил” деб жавоб берган.

Кейинги йиллар у қўшиқ куйлаш, жанг санъати, драма ва акробатикани ўрганган. Устозлар яхши тайёргарлик кўрмаган болаларни уришишар эди, шу боис Чан ўз кўникмаларини мукаммаллаштиришига тўғри келган. У институт туфайли болалигидан Хитой мюзиклларида суратга тушган ва Хитой киносаноатини ўрганган. Бироқ институтда фақат грамматика, хорижий тиллар ва математикани ўргатишарди, бу эса актёрнинг умумий билимсизлигига олиб келди.

17 ёшга бориб, Чан таэквондо ва кунг-фуни бир гуруҳ рақибларни хотиржам енга олиш даражсида эгаллаган эди.

Чан 18 ёшида институтни тугаллаб, икки жойга ишга киради: циркда - акробат ва кинода – каскадёр. 1972 йилда у “Ғазаб мушти” съёмкаларида қатнашади ва ўз кумири – жанг санъати устаси ва актёр Брюс Ли билан танишади. Чаннинг довюраклиги машҳур актёрнинг унга қизиқишига сабаб бўлади ва Брюс Ли уни каскадёрликка таклиф қилади. Шу тариқа Чан 1973 йилда ишланган “Аждарҳонинг чиқиши” фильмида суратга тушган.

Картинанинг суратга олиниши давомида шундай саҳна бор – Ли Чаннинг қаҳрамонини калтаклайди ва бошига ёғоч билан уради. Зарба у қадар кучли бўлмаган, лекин каскадёр ўзини худди боши оғриб қолгандек тутади. Саҳна кўриниши суратга олиниб бўлганидан кейин Брюс Ли калтакланган актёрнинг ёнига келиб узр сўраб, уни қучоқлайди. Чаннинг 2013 йилда иқрор бўлишича, бу унинг ҳаётидаги энг унутилмас лаҳзалардан бири бўлган.

1973 йилнинг июлидаги воқеа Жеки Чаннинг ҳаётини умрбод ўзгартириб юборади – 32 ёшли Брюс Ли ҳаётдан кўз юмади. Лининг ўлими туфайли киносаноат ўзининг етакчи кунг-фу актёрини йўқотади. Вашингтондаги дафн маросимига минглаб одамлар ташриф буюради. Чан ҳам чуқур қайғуга ботади, бироқ тез орада уни жанг санъати жанрида Брюс Лининг ўрнини босишга таклиф қилишади. 

Ёш актёрга Брюс Лининг нусхаси бўлиш, унинг фильмлар сериясини давом эттиришни таклиф қилишади. Режиссёрлар ёш Чанда шундай салоҳиятни кўришади, бироқ актёрнинг ўзи марҳум кумири услубини такрорлашни истамасди. Буни унга нисбатан ҳурматсизлик деб ҳисобларди, шу боис Чан ўз услубини шакллантиришга киришди.

Актёрга Америка киносаноатидаги комедия юлдузлари, шу жумладан Бастер Китон ва Чарли Чаплин ёқар эди. У трюклар қилишни биларди ва ажойиб жанг қиларди... Чан ушбу барча омилларни уйғунлаштириб, кунг-фу фильмлари услубини шакллантирди.

1978 йилда Чан формуласининг муваффақияти сифатида “Сарҳуш жанг устаси” фильми намойиш қилинди. Ёш актёр рақибларига аёвсиз зарбалар бериш баробарида қишлоқдаги ширакайф безоридек кўриниб, ўзини аъло даражада намоён этган.

Шундан кейин 1980-йиллар бошида Чан Америка жангари фильмларидаги ўйинлар ҳақида музокаралар олиб борган, бироқ актёрнинг комедик услуби ҳеч кимга маъқул келмаган. Натижада Чан бир неча кам маблағли фильмларда суратга тушгач, Ҳонгконгга қайтган ва у ерда "А лойиҳаси", "Полиция ҳикояси" ва "Яратганнинг қуроллари" картиналарини суратга олган.

Айнан шу фильмлар Чанни машҳур қилган ва унинг раҳмдил ҳамда жасур қаҳрамон позициясини мустаҳкамлаган. У трюкларни ҳимоясиз бажарган ва фақат оёқ-қўли синган ҳамда бошидан жароҳат олган вақтлардагина дублёрлардан фойдаланган.

Умуман олганда, актёр камдан-кам ҳолларда дублёрларга мурожаат қиларди. Чан саҳналарни суратга олишда қўрқув ва оғриқларни енгиб ўтган, каскадёрлардан ҳам худди шундай фидойиликни талаб қилган. "Полиция ҳикояси"дан кейин кўпчилик актёр билан ишлашдан бош тортган: уни ҳаддан зиёд мураккаб ва хавфли трюкларни талаб қилувчи ақлдан озган киши деб ҳисоблашарди. У билан 1973 йилда асос солинган "Жеки Чан каскадёрлар ассоциацияси"нинг энг содиқ аъзоларигина қолар эди.

Йиллар ўтгач, каскадёрлар Чаннинг беминнат ёрдами ҳақида сўзлаб беришган - у каскадёрлардан бири квартирасининг пулини тўлашга қийналганида ўз пулларининг ярмини берган бўлса, бошқасига машина совға қилган.

1990-йилларда ҳам Чаннинг карьераси муваффақиятли давом этди. Кунг-фу жангарилари жанрида актёрнинг рақиблари бўлмаган, шу боис унга бўлган талаб Хитойда ҳам, АҚШда ҳам бирдек баланд эди. 1995 йилда MTV телеканали актёрга “Ҳаётий ютуқлари учун” мукофотини топширади.

1996 йилда Чан “Бронксдаги муштлашув” фильмида бош ролни ижро этди, 7,5 миллион долларлик бюджетли картина АҚШда бир кунда 10 миллион доллар тўплашга муваффақ бўлди. Фильм Чаннинг муваффақияти ва услубини мустаҳкамлади ва қачонлардир ҳеч ким танимаган ва саводсиз каскадёрни дунёга танитди.

 

Ҳаётий тамойиллар ва режиссёрлик имзоси

Чан ўзидаги барча кўникмаларни мукаммалаштиришга бўлган ҳаракати туфайли хапкидо жанг санъатида қора белбоғ соҳиби бўлган, шунингдек у профессионал кунг-фучидир, бундан ташқари, у хитой, инглиз, корейс ва япон тилларида сўзлашади.

Чаннинг режиссёрлик имзоси ўзига хосдир, у турли мамлакатларнинг икки жанри базасида шаклланган: Америка овозсиз комедияси ва Ҳонгконг кунг-фу жангариси. Чан, Чаплин каби, комедияни ҳазиллар ёрдамида эмас, қаҳрамон билан содир бўлувчи кулгили вазиятлар орқали яратади. Жангари қисмини яратишда эса Хитой киносаноатининг кўп йиллик тажрибасини қўллайди.

Америкача жангари жанридан фарқли ўлароқ, Чан экранда кўрсатилаётганларнинг барчасини ўзида ҳис қиларди. Уни юзига уришади, катта баландликдан ирғитишади, ток урдиришади. Актёр доим рақибларидан заифроқ кўринади: уларда қурол бўлади ёки рақиб томон 30 киши бирлашиб ҳаракат қилади, баъзан эса актёрнинг рақиби ўзидан икки баробар катта ё кучли бўлади. Унинг қаҳрамонлари яхши муштлашгани учун эмас, иложсиз вазиятлардан чиқиш йўлини топиши билан ғолиб бўлишади.

Чаннинг яна бир ўзига хос усули – у қўл остидаги ҳар қандай нарсадан қурол сифатида фойдаланади. Музлатгич эшиклари, суши таёқчалари, клавиатура, сочиқ, лего кубиклари ёки нарвон – Чан маиший предметларни усталик билан қуролга айлантириб, ўзининг топқирлиги билан томошабинларни ажаблантиради.

Яна бир ўзига хос жиҳати – перфекционизм. Чан муштлашувлар хореографияси, камеранинг ҳолати ва картина ритмини ўз назоратига олиб, ҳатто кичик саҳналар съёмкаси учун ҳам соатлаб вақт кеткизади. У динамик ва тезкор саҳналарни яхши кўради, лекин аксарият режиссёрлардан фарқли ўлароқ, улар учун вақт, пул ва асаб кеткизишга тайёр.

Чарли Чаплин мукаммал ракурсга эришиш учун саҳналарни 300 мартлаб қайта суратга олган. “Етти” ва “Ғойиб бўлган” триллерлари муаллифи Дэвид Финчер ҳар бир саҳнани ўртача 50 мартадан тасвирга олади. Бироқ ҳали ҳеч ким Чаннинг рекордидан ўзиб кета олмаган. У “Аждарҳолар лорди”даги саҳналардан бирини 2 минг мартадан зиёд қайта тасвирга олган. Чаннинг фикрича, Америка киносаноатига айнан шундай қатъийлик етишмайди: режиссёрлар кўпинча съёмкалар учун пул тежашади ва шу тариқа картина сифатига путур етказишади.

Албатта, Чаннинг америкалик актёрлардан яққол устунлик томони борки, буни ҳеч ким инкор эта олмайди – у трюкларни ҳеч қандай ҳимояларсиз мустақил бажаради. Унинг карьераси “гуллаган” даврдан бошлаб АҚШнинг суғурта компаниялари актёр ва унинг каскадёрларини қора рўйхатга киритишган: съёмкалар вақтида албатта кимнидир тез ёрдам машинаси олиб кетарди.

Актёрнинг ўзи ҳам жуда кўп маротаба жиддий жароҳатлар олган ва бу унинг саломатлигига катта хавф солган пайтлар ҳам бўлган. Бироқ у ўз тамойилларига содиқ қолган.

Актёрнинг сўзларига кўра, ҳар бир янги трюк уни бирдек чўчитади, лекин энг қўрқинчлиси 1998 йилда, “Мен кимман?” картинаси съёмкаларида рўй беради. Чан Нидерландиядаги Роттердам шаҳрида жойлашган Музокаралар ва тадбирлар маркази биносининг ён томонида ҳеч қандай ҳимоясиз ҳаракатланиши керак бўлган. Актёр бу саҳнага икки ҳафта давомида тайёргарлик кўрган.

Жеки Чан актёрлик фаолияти давомида уч марта бурнини синдирган, шунингдек бармоқлари, қовурғаси, оёқлари синган ҳолатлар бўлган. Бундан ташқари, елкалари чиқиб кетган, қош ва бош соҳасига жиддий зиён етган, тишларини йўқотган ва ҳ.к.

Эътибор берган бўлсангиз, Чан фильмларидаги беўхшов саҳналарни ўз картиналари титрларида кўрсатади. Америкада ишланган сўнгги фильмлари бундан мустасно, чунки АҚШ фильмларида реал зўравонлик саҳналарини (масалан, актёр тасодифан ўзини ёқиб юбориши ёки уни чинакамига калтаклашаётгани) намойиш қилиш тақиқланади. Хитойда эса бунга рухсат бор.

Чан кино саноатида кўплаб йўналишларда ишлаб ўрганган. 2012 йилда у фильм титрларида энг кўп номи кўрсатилган инсон сифатида Гиннеснинг Рекордлар китобидан жой олди. У “Яратганнинг қуроллари. Бурж миссияси” картинасида 15 касб эгаси(сценарийнавис, режиссёр, актёр, продюсер, бастакор, либослар дизайнери ва б.)нинг вазифасини бажарган. Шунингдек у мингга яқин хавфли трюкларни бажарган актёр сифатида ҳам Рекордлар китобига киритилган.

Актёрнинг саргузаштлари мотивлари бўйича “Жеки Чаннинг саргузаштлари” номли мультфильм суратга олинган, ҳар бир эпизод охирида актёр болакайлар томонидан унга йўлланган саволларга жавоб берган. Жеки Чан салбий ролларни ўйнашдан бош тортади. Актёр ўзининг ёш мухлисларига бир неча маротаба мурожаат қилиб, уларни кунг-фу жангариси бўлишни орзу қилиш эмас, мактабда яхши ўқиш ва компьютер билимларини эгаллашга чақирган.

 

Шахсий ҳаёт ва келгуси режалари

Чан ўзининг энг катта камчилиги билим етишмаслигида деб ҳисоблайди. У қўлдан бой берган билимларини эгаллашни орзу қилади, лекин бунга вақт топа олмайди. Жеки Чан мунтазам равишда хайрияпарварлик билан шуғулланади. У Хитойнинг камбағал ҳудудларида мактаблар қурилишини молиялаштиради. 2011 йилда Чан Фукусимадаги (Япония) портлаш асоратлари билан курашиш учун пул тўплаш мақсадида хайрия концертини ташкиллаштирган. Мазкур акция 3 миллиондан зиёд кишини қамраб олган.

Шу йилнинг ўзида у Европада ҳам хайрия ташкилотига асос солди. Мақсад – ночор минтақаларда мактаблар ва қариялар уйларини қуриш. 2017 йилнинг январида Чан сув тошқинидан жабр кўрган Таиланд аҳолисига ёрдам тариқасида 65 минг доллар сарфлади.

Жеки Чан Хитой коммунистик ҳукуматини қўллаб-қувватлайди ва АҚШни дунёдаги энг коррупцион мамлакат деб ҳисоблайди.

2013 йилда Чан қачонлардир АҚШга кўчиб ўтганининг сабабини очади – маълум бўлишича, ўша пайтлар актёрнинг пулини ўмарувчи Ҳонгконг мафияси унга таҳдид қилган. Йиллар ўтгач, у она шаҳрига қайтган ва маҳаллий ресторанда қўлида пичоқ ушлаган 20 киши унинг тепасига келган. Бунга жавобан Чан чўнтагидан қурол ва гранат чиқариб, уларнинг “ҳаддан ташқари чуқурлашиб кетишгани”ни айтган. Бу зиддиятларнинг нима билан тугагани эса сирлигича қолган.

2017 йилнинг сентябрь ойида Чан бош ролни ижро этган “Хорижлик” фильми экранларга чиқади. Картина Вьетнам уруши фахрийси ҳақида бўлиб, қаҳрамон шафқатсиз қотилликлар ва террорчилар ҳужуми натижасида оиласини йўқотган бўлади. Сюжетга кўра, бош қаҳрамон жиноятчилардан қасд олишга йўл олади.

Фильмлар – Жеки Чаннинг ягона “овунчоғи” эмас. 1980-йиллардан бошлаб у 20 дан ортиқ мусиқий альбом чиқарган ва Disney’нинг «Мулан» мультфильмидаги асосий қўшиққа муаллифлик қилган. Чаннинг сўнгги мусиқий лойиҳаси 2016 йилдаги «Изма-из» фильми саундтреки бўлди.

1981 йилда Жеки Чан тайванлик актриса Жоан Линга уйланган. Бир йилдан сўнг жуфтлик ўғилли бўлган ва Лин муваффақиятли карьерасини якунлаб, уй бекасига айланади. Уларнинг фарзанди Жейси Чан - профессионал мусиқачи ва актёр, бироқ у отасидан фарқли ўлароқ, болаларга ўрнак бўла олмайди.

2015 йилнинг январида Жейсининг ёнидан гиёҳванд моддалар топилгани учун уни 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилишган. 2009 йилда Хитой полицияси томонидан “гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича элчи” этиб тайинланган Жеки Чаннинг ўзи эса “ўғлининг хатти-ҳаракатлари учун уятда қолгани”ни айтган.

Бундан ташқари, Чаннинг 17 ёшли қизи – Этта Чжолинь ҳам бор. У 2015 йилда отасидан воз кечган, зеро отаси “ундан йилда бир неча мартагина хабар олган ва унинг ҳаётига қизиқиш билдирмаган”. Актёр қизни расман тан олмаган. У ўзининг 350 миллион долларлик бойлигини ўғлига ҳам қолдириш нияти йўқлигини маълум қилган.

Чан агар ўғли меҳнат қилиб пул топа олса, унга отасининг бойлиги керак бўлмаслигига ишонч билдиради. Манбага кўра, актёрнинг ўлимидан кейин барча пуллар хайрияга сарфланади.

2016 йилнинг ноябрида кино бизнесидаги карьерасига 40 йилдан ошганда Жеки Чанга киносаноатдаги хизматлари учун “Оскар” мукофоти топширилди. Мукофотни қўлга киритган актёр миннатдорчилик билдирган ҳолда, бу нафақат унинг,балки бутун бир каскадёрлар жамоасининг хизмати эканини эътироф этди.

Актёр карьераси давомида Ҳонгконг чегараларидан ошиб, Ғарбга йўналганида у билан мураккаб трюкларни бажарган кўплаб дўстларидан узоқлашишга мажбур бўлган. Бироқ 2017 йилнинг февралида Хитойдаги телешоулардан бири актёрга кутилмаган совға тайёрлади. Дастлаб бошловчи унга каскадёрлар жамоаси иштирокидаги видеойўлланмани намойиш қилди, Чан буни томоша қилиб, хотираларга берилгунига қадар эса актёрнинг ажойиб жамоаси унинг ортига билдирмай тизилиб туриб олди. Кўзларига ёш келган актёр беихтиёр орқасини ўгирган дамда қадрдон дўстларига кўзи тушади ва улар билан дийдорлашади.

 

Мавзуга оид