Жаҳон | 21:22 / 19.04.2017
19230
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев соқол ва қора рангли либослар ҳақида фикр билдирди

Фото akorda.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мотам тутилмаётган вақтда аёлларга қора либос кийишни тақиқламоқчи, чунки мамлакатда борган сари кўпроқ аёллар "қора рангдаги либосларга бурканиб олмоқдалар". Бу ҳақда Назарбоев матбуот хизмати 19 апрелда маълум қилди. Назарбоевнинг айтишича, ҳақиқий мусулмон кийими билан эмас, эътиқоди билан ажралиб туради.

"Йигитларимиз билиб-билмай соқол қўймоқдалар ва шимларини калталатмоқдалар. Шунингдек тўлиқ қора кийимга ўраниб-чирманиб оладиган қизларимиз ҳам кўпаймоқда. Бу бизнинг одатларга ҳам, халқимизга ҳам тўғри келмайди. Бундай кийимларни кийишни қонунан тақиқлаш масаласини ишлаб чиқиш керак. Қозоқлар қора кийимни фақат мотам вақтида киядилар", деб айтди Назарбоев Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси вакиллари билан учрашувда.

Қозоғистон президенти қозоқ маданияти ва қозоқ аёлларининг анъанавий либослари тарихини эслатиб ўтди ҳамда қора рангдаги либос ва дин ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини таъкидлаб ўтди.

"Агар ёшлар халқимизга ёт бўлган ўгитларга амал қилсалар, унда давлат нима бўлади? Биз бунга йўл қўймаймиз. Мустақил Қозоғистон порлоқ келажакка эга бўлиши, миллат бирдам, давлат дунёвий бўлиши ва ривожланиши керак. Биз мақсадларимизга қарши чиқадиганларга тоқат қилиб ўтирмаймиз. Бу нафақат давлат аппарати манфаати, балки Қозоғистон халқи, унинг келажаги манфаатига мосдир", деб айтди Элбаси.      

Назарбоев шунингдек аҳоли ўртасида диний саводхонлик ва имомлар фаолиятида ватанпарварлик тарбияси муҳимлигини таъкидлаб ўтди. 

Мавзуга оид