Жиззахлик 97 яшар уруш фахрийси имтиёзли тарзда енгил автомобиль харид қилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш мақсадида “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларни навбатсиз шартномавий буюртма бериш орқали харид қилиш тартиби белгиланган эди.
Зомин туманидаги Даштобод шаҳарчаси, “Бахт” маҳалласида истиқомат қилувчи 97 ёшли уруш фахрийси Умрзоқ бобо Анорбоев ана шундай имкониятдан фойдаланган жиззахлик фахрийлардан саналади. Отахонга “Дамас” русумли автомашина Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосарлари, туман ҳокимлиги, турли жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” ЁИҲ етакчилари ҳамда маҳалла раислари иштирокида тантанали тарзда топширилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Эштемир Исматов Кун.uz’га маълум қилди.
– Урушнинг машаққатини биз ҳис этдик, фарзандларимиз асло кўришмасин, – дейди уруш қатнашчиси У.Анорбоев. – Бугунги доруломон кунларга етказганига шукр. Қийинчилик кунлар ортда қолди. Энди юртимизнинг фаровонлиги йўлида меҳнат қилиш, унинг равнақига ҳисса қўшиш керак. Ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган мурувватдан беҳад мамнунман.
“GM Uzbekistan” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Молия вазирликлари ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тақдим этилган ҳудудий тақсимоти бўйича шаклланган Иккинчи жаҳон уруш фахрийларининг тўлиқ рўйхатидан келиб чиқан ҳолда ҳар бир уруш фахрийси номига бериладиган имтиёзли сертификат ишлаб чиқилган эди. Мазкур сертификатларга мувофиқ Иккинчи жаҳон уруш фахрийларига “Нуроний” жамғармаси ва туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари мутасадди ходимлари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида имтиёзли енгил автомобиллар топшириш бошланди.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир уруш фахрийси Сертификатда кўрсатилган имтиёз асосида сотиб олинган автомобилга биринчи ва иккинчи техник хизмат кўрсатиш “GM Uzbekistan” АЖ томонидан бепул амалга оширилади, имтиёз бир марталик ҳисобланиб, 2017 йил 31 декабргача амал қилади.
Айни пайтда Жиззах вилояти бўйича 61 нафар уруш фахрийлари шундай сертификатларга эга бўлишди.
Мавзуга оид
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
20:36 / 12.10.2024