Жамият | 16:45 / 21.04.2017
65602
2 дақиқада ўқилади

Мен бир ўзбекни кўрдим...

Иллюстратив фото

Қоп-қоронғи ва совуқ уйда шамга термулганча, меҳнатдан темирлашиб кетган кафтларига нонни авайлаб олиб еган, қорни тўйгач, печка устида илиб қолган офтобани кўтарганча, ҳовлига чиқиб жунжикканча ҳуфтон намозига таҳорат олган, эртага ҳаво очиқ бўлар, том устидаги қорлар эрир деган умидда тарновлар тагига челакларни қўйиб, қолиб кетган кирларини чайқаш ва қор сувидан рўзғорга ишлатиш учун нимаики идиш бўлса тарновлар тагига қўйиб чиққан бир муштипарни кўрдим...

Елкасига рўзғор қопини ортган, оёқларининг бўғинлари сирқирасада, тунлари куракларининг ўртаси ачишиб оғрисада, кундан кун саломатлиги кетаётганини ҳис этсада, шифокорга кўринишдан, дорихонадан дори олишдан пулини аяб, ундан кўра рўзғоримнинг каму кўстини тўлдирай деб, шу пулларни аяган, аммо пластик картага тушган маошини деярли яримини кимларгадур бериб, нақд пул қилган, қуртдек бўлишига қарамай, ўша пулларга рўзғорига майда-чуйда олаётган мардларни кўрдим...

Эрталаб туриб, бир тандир нон ёпиб, қорайиб кетган сумкага солганча бозорга йўл олган, бир бурда ерида кўкат етиштириб, улар етилгач, йиғиб олиб у ҳам бозорга йўл олган, у ерга боргач эса бозор чекчилари томонидан “чек тўла” деб, нонлари-ю кўкатлари ерга улоқтирилган, беш-олти минг савдосини чекчилар олиб қўймасин деган хавотирда улоқтирилган нон-у кўкатларини рози бўлиб тераётган аҳли сабрни кўрдим...

Эзилиб кетганидан тунлари йиғлаб чиқадиган, аммо ҳуқуқини ҳимоя қилишда кўз-кўзга тушар дея андиша қиладиган, ҳар кун бир хил умр, бир хил мазмун кечираётган, боласининг оғзидаги нонни олиб қўйганни ҳам болам дейдиган, шундай бўлсада юзидан кулгисини, қалбидан умидини йўқотмаган ўзбекни кўрдим...

Сарвар Анвар ўғли

Мавзуга оид