Жаҳон | 17:08 / 27.04.2017
50318
4 дақиқада ўқилади

Исроил Сурияга зарба бермоқда, Россия жим турибди

Фото: Reuters

Исроил пайшанба куни Сурия пойтахти Дамашқнинг жануби-ғарбий қисмидаги ҳарбий позицияларга ракета зарбалари берди. Бу ҳақда Сурия давлат ОАВлари хабар тарқатди.

Шаҳар аэропорти яқинидаги “Исроил тажовузкорлиги” натижаси сабаб портлашлар ва моддий зарар етказилган, деб хабар бермоқда ОАВ қуролли кучлардаги манбага асосан.

Минтақадаги Сурия кўнгилли қуролли кучларидаги манбаларнинг айтишича, Исроил Ливаннинг “Ҳезболлаҳ” гуруҳининг Дамашқ аэропорти яқинидаги қурол-яроғ омборларига зарба берган ҳамда Эрондан тижорий ва ҳарбий самолётлар ёрдамида етказиб берилувчи қуролларни йўқ қилишга уринган.

Ливан телеканаллари томонидан кўрсатилган ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода ҳаво зарбалари туфайли аэропорт ёнида ёнғин юз берганини кўриш мумкин. Бу эса зарбалар ёқилғи ёки портловчи моддаларга эга бўлган қурол-яроғларга қарата қилингани ҳақидаги тахминларни келтириб чиқаради.

Сурия давлат ОАВнинг хабар беришича, Исроил ракеталари ҳарбий позицияларга зарба берган, бироқ улар қурол-яроғ ва ёқилғи ҳақида лом-мим ҳам дейишмади.

Исроил одатда Сурия ва умуман минтақада амалга оширилган ҳаракатларга изоҳ бермайди, бироқ афтидан, мамлакат разведка вазири Исраэль Кац АҚШдаги Army Radio радиостанцияси эфирида чиқиш қилар экан, Қуддуснинг бунга алоқаси борлигини тасдиқлади.

"Суриядаги ҳодиса Исроилнинг Эроннинг “Ҳезболлаҳ” орқали Сурияга ноқонуний равишда замонавий қурол-яроғни етказиб беришига қарши қаратилган сиёсатига тўла мос тушади", - деган у.

Исроил армияси вакили: “Биз бундай хабарларни изоҳлай олмаймиз”, деди.

Асад олти йиллик фуқаролик уруши давомида Россия, Эрон ва шиалар жангариларига таянмоқда. Уларнинг ичида Ливаннинг “Ҳезболлаҳ” гуруҳи бор – у Теҳроннинг яқин иттифоқчиси ва Исроил душмани саналади. Исроил гуруҳни ўз чегараси учун йирик таҳдид, деб атайди ва 2006 йилда у билан бир ойлик урушга киришди.

Ғарб эса Асадга қарши исёнчиларни қўллаб-қувватлайди. АҚШ президенти Дональд Трамп апрель бошида Сурия авиабазасига 50дан ортиқ қанотли ракеталарни учириш ҳақида буйруқ берди. Ғарбнинг фикрича, айнан ўша ердан болалар ва катталарнинг ҳаётига зомин бўлган кимёвий ҳужум амалга оширилган.

Қайд этиш керакки, АҚШнинг Сурияга ҳужумидан кейин Россия кескин муносабат билдирган, АҚШ билан бир-бирига ҳужум қилмаслик бўйича меморандумни бекор қилганди. Бу сафар эса Россия томони муносабат билдирмаяпти, ОАВ ҳам жим.

Эрдўған Путин билан Асад мавзусидаги суҳбати тафсилотларини келтирди

Қолаверса, бир кун олдин Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президент Башар Асаднинг адвокати эмаслиги ҳақида маълум қилиб ўтган ва бу Асаддан воз кечилаётганига ишора сифатида қабул қилинганди.

Дамашқ халқаро аэропорти яқинида портлаш рўй берди

ОАВ: Дамашқ аэропорти яқинидаги кучли портлаш Исроил зарбаси сабабли рўй берган 

Мавзуга оид